3.2.4. Институционал таҳлил
Институционал таҳлил лойиҳа устида бажариладиган ишларнинг энг муҳимларидан бирига айланди. Инвестиция лойиҳалари натижалари кўп жиҳатдан ташкилий тузилма сифатига ҳам боғлиқ. Лойиҳани амалга оширувчи ташкилотларни ўрганиш, уларнинг бошқарув имкониятлари, шунингдек, ҳокимиятнинг лойиҳа учун мутасадди бўлган ташкилотларга ёрдам беришга қанчалик тайёр эканликларини баҳолашга имкон беради. Яхши шаклланмаган, такомиллашмаган бошқарув тузилмасига, малакали мутахассислар, ахборот тизимлари ва ҳоказоларга эга бўлмаган ташкилотлар зиммасига лойиҳаларни амалга оширишни топшириш ёки улар таклиф этган лойиҳаларни молиялаштириш муваффақиятсизликка олиб келиши мумкин (ёки ҳеч бўлмаганда қўшимча харажатларни келтириб чиқаради).
Институционал таҳлил лойиҳаларни самарали амалга ошириш ва эксплуатация қилишга, шунингдек, мавжуд ташкилотларни мустаҳкамлаш, малакали мутахассислар билан тўлдиришга кўмак бериши лозим. Кучли институтларни ташкил этиш лойиҳага кўра фойдаланиладиган миллий ҳамда халқаро ресурсларни муҳофаза қилган ҳолда лойиҳаларни самарали амалга ошириш имконини беради. Инвестицион лойиҳалар институционал таҳлили (ИТ) дан мақсад лойиҳа амалга оширилаётган макондаги ташкилий, ҳуқуқий, сиёсий ва маъмурий вазият (муҳит) га баҳо бериш ҳамда лойиҳага жалб этилган ташкилотларнинг имкониятларини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари борасида тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
Бозор муносабатлари шаклланаётган мамлакатларда институционал таҳлилнинг муҳим вазифаларидан бири эски давлат ташкилотларини бозор иқтисодиётидаги бошқачароқ вазифаларни бажаришга мослашган янги ташкилотлар, агентликлар ва корхоналарга айлантиришни режалаштиришдан иборат. Бу муаммонинг нақадар муҳимлиги бир қатор мамлакатларда оммавий хусусийлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш чоғида яққол намоён бўлди.
Иқтисодиётни тубдан ислоҳ этиш даврида лойиҳага мутасадди бўлган ташкилотлар учун “мулкчилик” концепцияси ўта муҳим ҳисобланади. Лойиҳани амалга оширувчи ташкилотлар унинг муваффақияти ёки муваффақиятсизлиги учун масъулиятни ўз зиммаларига олгандагина ижобий натижага эришилади. Мулк ҳуқуқи мутасадди ташкилотлар менежерлари лойиҳа мақсадларини англашлари ва бу мақсадларга эришиш учун зарур қарор қабул қилиш ваколатига эга эканликларини англатади. Бундай вазиятда уларда ҳам шахсий манфаатдорлик, ҳам лойиҳага раҳбарлик қилиш имконияти мавжуд бўлади. Институционал таҳлилнинг каттагина қисми “мулкчилик” омили лойиҳани муваффақиятли амалга оширишга қанчалик таъсир этишини аниқлашга қаратилган.
Инвестицион лойиҳаларни институционал таҳлил этиш учун конкрет шароитларга тезда мослаштирса бўладиган стандарт ечимлар ёки моделлар деярли йўқ. Институтларни ривожлантириш узоқ давом этувчи экспериментлар ва мослашувлар жараёнларидан иборат. Бу жараёнлар эса кўпинча сиёсий ва иқтисодий вазиятнинг салбий ўзгаришлари туфайли муваффақиятсизликка учрайди. Умуман олганда институционал таҳлилга қуйидаги вазифаларни бажариш киради:
- лойиҳа амалга ошириладиган институционал шарт-шароитларни (ташкилотлар, меъёрий ҳужжатлар ва сиёсий омилларни) аниқлаш ва тасвирлаб бериш;
- лойиҳада иштирок этувчи ташкилотларнинг моддий ва меҳнат ресурслари, техник малакаси, ташкилий тузилмаси, бошқарув ва маъмурий имкониятлари, молиявий аҳволи нуқтаи назаридан кучли ва заиф томонларини баҳолаш;
- қонунлар, меъёрий-ҳуқуқий хужжатлар ва йўриқномалар ўзгаришининг лойиҳани амалга ошириш ва эксплуатация қилишга (айниқса, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иш ҳақи, баҳолар, субсидиялар, ташқи савдо, валюта курси ва ҳоказоларга ) эҳтимол бўлган таъсирини баҳолаш;
- лойиҳада қатнашувчи ташкилотларнинг заиф жиҳатларини бартараф қилишнинг муқобил йўлларини ҳамда қонунлар, меъёрий-ҳуқуқий хужжатлар ва йўриқномаларнинг лойиҳага кўрсатиши мумкин бўлган потенциал салбий таъсирига қарши чора-тадбирларни илгари суриш (тегишли такомиллаштириш ишлари лойиҳа амалга оширилаётган ва эксплуатация қилинаётган вақтда ҳамда бундан олдин лойиҳа бўйича иш графигига кўра амалга оширилади);
Do'stlaringiz bilan baham: |