Хонакоҳлар асосан дарвешларнинг тоат-ибодати учун мўлжалланиб қурилган. У гумбазли катта хонадон ва унинг атрофида турли кўринишда хона ва хужралардан иборат бўлган.
Ўрта асрлар меъморчилигида жомъе масжидлари қурилишига алоҳида
аҳамият берилган. Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, Тошкент ва бошқа шаҳарларда улар ўта пишиқ ва улуғвор тарзда бунёд этилган. Жумладан, Бибихоним масжиди ўзининг салобатини бугунги кунда ҳам намоён қилиб турибди.
Шарофиддин Али Яздий маълумотига кўра, Бибихоним масжидининг қурилишида Ҳиндистондан келган тош тарашлар ишлаган. Тош устунларни ташиш учун филлар ҳам олиб келтирилганлигини ёзиб қолдирган. Шунингдек, 380 тош устуни йўнилганлигини ва масжид асосий биносининг баландиги 90 газ (1 газ–60,8 смга тенг) бўлган деб кўрсатади. Демак бинонинг баландлиги 55 метрга тенг.
Регистон майдони.Самарқанд.
Бибихоним масжидининг ташқи томонлардаги бурчакларидан ҳисоблаганда 130х99 м. Ҳовлиси эса, 78х64. Масжиднинг тўрт бурчагида тўртта минора ўрнатилган. Ҳозирги кунда биттаси сақланиб қолган. Бош пештоқ анча олдинга чиқарилиб, кичрайиб борувчи учта тоқ тарзида ишланган. Пештоқнинг икки ташқи четида думалоқ минора бурж шаклида ишланган. Ҳовли тўрида мақсура жойлашган бўлиб, унинг ҳам пештоқи маҳобатли ишланган. Масжиднинг хонақоҳ ва мақсуралари томи икки қаватли гумбаз қилиб ишланган. Гумбазнинг ички томони ложувард, тилла ва бошқа ранглар билан ишланган ислимий нақшлар излари сақланиб қолган. Ташқи безаклари ҳам гириҳ, ҳаттотий ва озроқ ислимий нақшлар билан безалган.
1434–36 йилларда Шаҳрисабзда ўзига хос меъморий тарзда Улуғбек томонидан қурилган Кўк гумбаз жума масжиди ҳам диққатга сазовордир. Уни Улуғбек отаси – Шоҳруҳ Мирзо шарафига қурдирган.
Темурийлар мақбаралар қурилишига алоҳида эътибор берганлар. Улар марҳумларнинг руҳлари, агар уларга тўғри муносабат қилинса, доимо сулолага ҳомийлик қилиб, қўллаб қувватлаб туради деб ҳисоблашган. Амир Темур ҳам ҳокимиятни қўлга олгач, Кеш шаҳрини давлатнинг иккинчи пойтахти санаб, у ерда оилавий хилхона бунёд қилдирган. У “Дорус–саодат” деб номланиб, қурилиши 20 йил давом этган. Дорус–саодатда мадараса ҳам бунёд этилган. Клавихонинг ёзиб қолдирилишича, XY асрнинг бошларида, бу ерда Амир Темур мақбараси ҳам қурилган. Бугунги кунда мажмуадан фақат Ҳазрати Имом мақбарасигина қолган. Археологик қидирувлар жараёнида оқ мармардан кўркам сағана ва тош тобут топилди. Қазувлар натижасида Ҳазрати Имом мақбарасига симметрик тарзда қурилган иккинчи иншоот бўлганлиги ҳам аниқланган. Ушбу иншоотлар ҳашаматли пештоқнинг катта гулустуни устига қурилган бўлиб, унинг марказий қисмида сағанали хон мақбараси жойлашган. Лекин Амир Темурни унинг набираси Ҳалил Султон бобосининг қабрига хомийлик қилиш унга ворислик учун қўшимча асос бўлиб хизмат этади деб ҳисоблаб, Соҳибқирон жасадини Кешга жўнатмасдан, Самарқандга дафн эттиради.
Шоҳи Зинда қабристонига 1372 йилда бевақт вафот этган Шодимулк хоним қўйилгач, бу ер хоннинг эътиборида бўлади. Кейинчалик бу ерга Қутлуғ Туркон оғо, Ширинбекалар дафн қилиниб, мақбаралари бунёд қилинади. Амир Темурнинг набираси, валийахди деб эълон қилинган. Муҳаммад Султон 1403 йилда тўсатдан вафот этгач, буюк салтанат рамзи сифатида Самарқандга дафн этишга қарор беради. Соҳибқирон набираси қабри устига янги мақбара қурдиради. Унинг номи билан аталган мадраса ва хонакоҳ жанубида марҳум хонзода учун сағана барпо қилинади.
Гўри Амир мақбараси.1404 йил. Самарқанд.
Соҳибқирон тириклигидаёқ сағана устига маҳобатли, тўқ нилий рангли қабирға гумбазли мақбара барпо этилган эди. Бугунги кунда у Гўри Амир номи билан машҳур.
Амир Темур вафот этганда темурийлар уни Муҳаммад Султон ёнига дафн этадилар. Бу билан набира ва унинг бобосининг тенглиги эътироф этилди, шунингдек бу уларга эҳтироми рамзи ҳам эди.
Темурийлар даврида қурилган мақбаралар шаклланиш композицияси жиҳатдан иккига бўлинади: Бир хонали ва кўп хонали бинолар. Бир хонали мақбаларнинг икки тури бўлиб, уларнинг бири чортоқ кўринишидаги бино бўлиб, уларнинг тўрт тарафи ҳам бир хилда қурилади. (Рухобод мақбараси), иккинчиси эса, гумбазли–пештоқли бинолар бўлиб, уларнинг кириш қисми маҳобатли пештоқ қурилади (Султон Саодат, Шамсиддин Кулол ва бқ.мақбаралар). Уларнинг гўрхоналари кўпинча ер остида бўлади. Кўп хонали мақбаралар ҳам турли мураккаб кўринишларда бўлиб, уларда қозонхона, гўрхона, масжид, китобхона, қудуқхона ва турли хоналардан иборат бўлган (Шоҳи Зинда, Ахмад Яссавий ва бқ.мақбаралар).
Do'stlaringiz bilan baham: |