Маданиятимизнинг дунёга сочилган дурдоналари. Тарихдан маълумки, Туркистон ҳудуди қадимдан турли мамлакатлар учун ўлжа манбаи бўлиб келган. Ўрта Осиёга турли мақсадларни кўзлаб келиб-кетган илмий, ҳарбий экспедициялар, сайёҳлар, тижорат вакилларини энг аввало Ўрта Осиёнинг қимматбаҳо, бетакрор бойликлари қизиқтирган.
Россия империясининг Ўрта Осиёга босқини нафақат унинг ҳудудини эгаллаш, аҳолисини талаш билан чекланган, балки ўзбек халқининг маданий меросини талон-тарож қилиб, ташиб кетиш ва маданият ёдгорликларини ҳароб қилиш билан бирга содир этилган.
Россия империяси мустамлакачилиги даврида Самарқанд, Бухоро, Хива ва Қўқон каби кўҳна шаҳарлар хазинасида тўпланган бойликлар махфий режалар асосида баъзан очиқчасига талон-тарож этилди.
Хива юриши вақтида ҳарбий маслаҳатчи бўлган шарқшунос А.Л.Кун турли йўллар билан тўпланган 300 китобдан иборат шарқ қўлёзмаларини 1873 йил Император халқ кутубхонасига топширган. А.Л.Кун ва унинг гуруҳи Хивадан танга зарб қилишга мўлжалланган 200 нусха қолип, муҳрлар боғлами, хон тахти, 172 нусха Жўжихон тангалари, Қўнғирот сулоласидан бўлган Хива хонларининг 3 нусха танга ва бир қатор этнографик ашёларини, хусусан, аёллар ва болалар кийим-бошлари, кўплаб тилла ва кумуш безакларини2 олиб кетган.
Қўқон босқини вақтида ҳам тарих, тиббиёт, ҳуқуқ ва илоҳиётга доир 130 қўлёзма китоб Россияга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. Демак, Қўқон архиви ҳам, худди Хива хонлари архиви каби босқинчилар томонидан зўравонлик билан олиб кетилган.
Туркистон генерал - губернаторларининг ўзлари Туркистондаги бойликларнинг энг биринчи қароқчилари ва шахсий коллекцияларнинг тузувчилари эди.
Хулоса қилиб айтганда, Туркистон халқларининг фан ва маданияти мустамлака тузумининг биқиқ таркибида ҳам, руслаштириш сиёсатининг барча зуғум ситамларига қарамай, ривожланишдан тўхтамади. Мустамлакачилар халқимизнинг илм-маърифатга интилиши, илғор ғоялар ва истиқлол истагини бўғиб ташлай олмадилар.
Чоризмнинг маданият соҳасидаги сиёсатининг асосий йўналишларини қуйидагича белгилаш мумкин:
Чор ҳукумати Туркистонда турғунлик холатини сақлаш, ўзаро низо-адоватлар уруғини сепиб турган холда улардаги миллатпарварлик, юртсеварлик ва жанговарлик туйғуларини ўлдириш.
Ўлка халқларини ўз тарихи ва маданиятидан узоқлаштириш. Бу соҳада чоризм жуда изчил иш юритди. Олимлар, илмий жамиятлар томонидан Туркистон тарихига доир моддий ва маънавий ёдгорликлар йиғиб олинди ва Москва ҳамда Санкт-Петербургга жўнатилди. Шундай қилиндики, эндиликда ўлка тарихини ўрганиш учун туркистонликлар ана шу марказларга боришга мажбур бўлишди.
Мустамлака маъмурияти ўлкадаги тарихий адабиётларнинг қаровсиз қолиб вайрон бўлишига атайлаб йўл қўйди.
Чоризм халқ маорифи соҳасидаги руслаштириш сиёсатини рус-тузем мактаблари тизимини вужудга келтириш ва рус тилига давлат мақоми бериш воситасида амалга оширди.
Do'stlaringiz bilan baham: |