Чоризмнинг Туркистонда маориф, фан ва маданият соҳасидаги сиёсати.Туркистон подшо Россияси томонидан босиб олингач, рус олимлари томонидан маҳаллий халқлар тарихи, этнографияси, археологиясини ўрганишга оид дастлабки илмий ишлар яратилди. Туркистонда музей очилди, кутубхона иш бошлади. Бу даврда Ўрта Осиё тарихи, этнографияси, иқтисоди, ботаникаси, археологияси ва маданиятига оид ноёб библиографик асар – “Туркистон тўплами” (594 ж.дан иборат) ҳамда «Туркистон альбоми» яратилди. Рус ва ўзбек тилларида газеталар (“Туркестанские ведомости”, “Туркистон вилоятининг газети” ва бошқалар) ҳамда журналлар чоп этилди. Маориф соҳаси ҳам ривожланди. Аммо бу соҳадаги ҳар қандай ўзгаришлар Россия империяси мустамлакачилик манфаатларига бўйсундирилган эди.
Мустамлакачилар маданият соҳасида руслаштириш сиёсатини юргиздилар. Бу аввало маориф тизими-мактаб ва мадрасалардан бошланди. Ўлкада «рус-тузем» мактаблари очила бошланди. Дастлабки «рус-тузем» мактаби 1884 йил 19 декабрда Тошкентда очилди. XIX аср охирида уларнинг сони юздан ошиб кетди. 1917 йилнинг бошларида эса, 170 тага етган эди. Бундай мактабларда ўқув жараёни икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмда 2 соатлик машғулотни рус ўқитувчиси (ўқув, ёзув, ҳисоб бўйича), иккинчи қисмда эса, сабоқни ўзбек муаллими олиб борган. Уни очишдан асосий мақсад – мустамлака маъмурияти учун таржимон (тилмоч)лар тайёрлаш эди. Рус-тузем мактаблариучун С.М.Граменицкийнинг 3 қисмдан иборат русча китоблари, Саидрасул Саидазизовнинг «Устоди аввал» (1902), Али Асқар Калининнинг «Муаллими соний» (1903) дарсликлари нашр этилди.
Маҳаллий аҳоли турмушига маънавий – руҳий тазйиқ ўтказиш дастурида ўлка хотин-қизларини ва оилаларни русча ҳаёт тарзига ўргатиш алоҳида ўрин эгаллаган. Бунинг учун ўлкада хотин-қизлар амбулаториялари кўпайтирилади.
XIXаср охирига келиб жаҳоннинг бир қанча мамлакатларида ҳаёт тарзининг юксаклиги, ижтимоий тартиботларнинг инсон табиатига мувофиқлиги, илм-фан тараққиётининг юқорилиги туркистонлик зиёлиларни ҳам сергаклантирди. Таълим тизимини яхшилаш, унинг самарадорлигини кўтариш эҳтиёжи пайдо бўлди. Дастлаб, 1884 йилда Қримнинг Боқчасарой шаҳрида Исмоилбек Гаспирали томонидан биринчи жадид мактаби ташкил этилди. Мусулмонча таълим тизимининг моҳиятига даҳл қилмаган ҳолда таълимнинг мазмунини бойитиш, чуқурлаштириш ва уни дунёвий руҳ билан суғориш, ёшларни тезкор суръатлар билан ҳаётга тайёрлаш, уларни замонавий илм-фанни қийналмай ўзлаштира олиш даражасига етказиш жадид мактабларининг олдидаги асосий вазифа эди.
Туркистон ўлкасида ҳам жадид мактаблари очилди. Ушбу мактаблар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Абдулла Авлоний, Ҳамза, Исоқхон Ибрат, Саидрасул Саидазизов, Саидаҳмад Сиддиқий ва бошқа жадидчилик намояндаларининг тузган дарслик ва ўқув қўлланмалари савияси жиҳатидан энг замонавий педагогик асарлар даражасида эди. Подшо маъмурияти бундай мактаблар миллий маданиятнинг ўсишига ёрдам беришидан чўчиб, улар фаолиятини бўғиш учун турли чоралар кўрди.
Театр. Россия мустамлакачилиги даврида Туркистон ўлкасига ўз ғоявий-эстетик хусусиятлари билан маҳаллий анъанавий театрдан кескин фарқ қилувчи рус, кейинроқ татар ва озарбайжон театр тўдалари кириб кела бошлади. Ўзбек маданиятининг илғор намояндалари (Фурқат, Аҳмад Дониш, Беҳбудий, Абдулла Авлоний ва б.) маҳаллий аҳолини улардан ўрганишга чақирдилар. Шу тарзда миллий театр яратиш ҳаракати юзага келди, унга жадидлар бош бўлди. 1914 йил Самарқандда Беҳбудийбошчилигида ташкил этилган биринчи ўзбек ҳаваскорлик театр гуруҳи унинг «Падаркуш»драмасини саҳналаштирди. Ўша йил Тошкентда Абдулла Авлоний тузган театр гуруҳи ҳам «Падаркуш» билан очилди. Тадқиқотчиларнинг маълумотига қараганда, «Падаркуш» пьесасидан кейин 1917 йилгача ўзбек драмаларининг сони 40га етган.
Do'stlaringiz bilan baham: |