Мустамлака ва мустабид тузум шароитида маданият
Режа:
Чоризмнинг Туркистонда маориф, фан ва маданият соҳасидаги сиёсати. Хунармандчилик. Театр. Китобат санъати. Тасвирий санъат. Фан. Мусиқа санъати. Меъморчилик. Халқ меъморчилиги. Амалий санъат.
Маданиятимизнинг дунёга сочилган дурдоналари. Мустабид совет тузуми даврида Ўзбекистон маданияти.
Совет давлатининг маданиятга нисбатан синфийлик ва партиявийлик нуқтаи назаридан ёндошуви.
Ўрта Осиё хонликларининг сиёсий-иқтисодий, ҳарбий жиҳатдан қолоқлиги, тарқоқлиги, ўзаро адоватидан унумли фойдаланган подшо Россияси Туркистонни босиб олишга киришган. 1868 й. Бухоро хонлиги, 1873 й. Хива хонлиги Россия вассалига айланиб, сиёсий мустақилликдан маҳрум бўлган. 1876 й. Қўқон хонлиги тугатилиб, 1867 йил ташкил этилган Туркистон генерал-губернаторлиги таркибидаги Фарғона областига айлантирилган. Шу тариқа ўлкада чоризмнинг мустамлакачилик режими ўрнатилган.
Туркистонўлкаси халқлари оғир мустамлака шароитида яшашларига қарамай, уларнинг ижодкорлик фаолияти тўхтаб қолмаган. Буни Хива хонлиги мисолида ҳам кўришимиз мумкин, хусусан Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз) (хонлик даври 1864-1910) даврида Хивада машҳур кутубхона ташкил этилади. Кутубхона дунёнинг турли бурчакларидан келтирилган нодир қўлёзмалар билан муттасил бойитиб борилган. Ўрта Осиёда биринчи марта Хивада литография ташкил қилиниб, ноширлик ишлари йўлга қўйилади. Бу ҳол маънавий-маърифий ишларни ривожлантиришда, ўлка миллий-маданий меросини бойитишда катта аҳамиятга эга бўлди. Шу ўринда, Муҳаммад Раҳимхоннинг ўзи ҳам шоир ва бастакор бўлиб, шеърларида “Феруз” таҳаллусини қўллагани, шулар қаторида замондош адибу олимлар асарларини ҳам чоп қилдирганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Унинг Хоразм шоирлари ҳақидаги “Мажмуат уш-шуаро” тазкираси жуда машҳур эди.
Хивага келган шарқшунос олим А.Н.Самойлович хон кутубхонасини кўришга муяссар бўлган. Рус олимида кутубхонанинг бойлиги ва ундаги китобларнинг муайян тартиб ва табақалар билан сақланиши жуда катта таассурот қолдиради. У ўзининг “Хива сарой кутубхонаси ва китоб чоп этиш” номли мақоласида бу кутубхонага катта баҳо беради1.
Бу кутубхоналарда нафақат Ўрта Осиёда ёзилган, балки хорижий мамлакатларда нашр этилган кўплаб китоблар ҳам сақланар эди. Бу ерда араб ва форс тилларидан ўзбек тилига таржима қилинган асарлар ҳам мўл бўлган, хоннинг ўзи саройга шоир ва олимларни тўплаган. Кутубхона қошида хаттотлар ва мусаввирлардан иборат катта гуруҳ фаолият кўрсатган.
Китоб, қўлёзмаларни йиғиб бориш, уларни маънавий-миллий бойлик сифатида эъзозлаш ва сақлаш, келажак авлодга бериш халқимиз орасида узоқ йиллар давомида анъана ва одатга айланган эди.
Қўқон қадимдан ҳунармандчилик маркази бўлган. Қўқонда мисгарлик, заргарлик, ўймакорлик, қуролсозлик, кулолчилик, қоғозгарлик, бадиий тўқимачилик, дўппичилик, каштачилик, темирчилик, кўприксозлик кабилар ривож топган. Қўқон газмоллари Шарқда ва Россияда машҳур бўлган. Айниқса, Қўқон қоғози ҳунармандчиликнинг алоҳида тармоғи сифатида ном қозонган ва Ўрта Осиёда энг сифатли қоғоз ҳисобланган.
XX аср бошига келиб Қўқонда 52 мадраса, 120 та эски мактаб, ўндан ортиқ жадид мактаби, 3 та рус-тузем мактаби, савдо-тижорат мактаблари бор эди. “Садои Фарғона”, “Янги Фарғона”, “Қўқон садоси”газеталари чоп этила бошлаган.
Do'stlaringiz bilan baham: |