Китоб санъати. Туркистонда босмахоналар ташкил топиши ва уларда газеталар, журналлар ва китобларнинг чиқиши тасвирий санъат ривожига таъсир қилди, маҳаллий тилларда китоб, газета, илмий тўплам ва тақвимлар нашр этила бошлади. Бу нашрларда тасвирий санъатнинг илк намуналари юзага кела бошлади. Нашр қилинаётган китобларни безашга маҳаллий рассомлар ҳам жалб этила бошланди. 1908 йили Тошкентда нашр қилинган «Шоҳнома», «Фарҳод ва Ширин»каби китоблар суратлар билан безатилди. XIX аср охири – XX аср бошларидабадиий ҳаёт бирмунча ривож топиб санъат услублари Европа санъати услублари билан уйғунлаша бошлади. Китоб санъатида XX аср Европа санъатида кенг тарқала бошлаган «модерн» услубиўз аксини топа борди. «Ўрта Осиё альманахи» шундай нашрлардан бўлиб, унда геометрик шакл ва чизиқлар, уларнинг мураккаб бирлашма ва ҳосилалари яратилган. XIX аср охирида хаттотлик, қўлёзмалар тайёрлаш, босмахоналар ёрдамида китоб яратиш жараёни жуда кенгайиб кетди. Бу, сўзсиз, хаттотлик санъатига бўлган талабни ҳам камайтириб юборди. Плакатнинг турли кўринишлари, афиша, реклама, амалий график асарлар бу даврдаги Туркистон бадиий муҳитида етакчи ўринни эгаллаб, ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этди.
Тасвирий санъат. XIX аср охири – XX аср бошларидаги Туркистон ўлкаси адабий ҳаётида қаламтасвир ва айниқса рангтасвир санъати етакчимавқени эгаллаб, бу санъат турларида рус ижодкорлари пешқадам бўлдилар. Булардан В.Верешчагин, Н.Каразин, В.Вележе, О.Федченко ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. В.Верешчагин «Туркистон» асарлари туркумини яратди, унда рус қуроли, рус шуҳрати кўкларга кўтарилди, жанг манзаралари, маҳаллий халқ вакилларини жазолаш мавзуи етакчилик қилди. С.Юдин манзара жанрида санъат мухлислари орасида шуҳрат қозонган эди. У 1889–1923 йилларда Туркистон ўлкаси бадиий мактабида устозлик қилди.
Анъанавий тасвирий санъат Самарқанд, Бухоро, Қўқон наққош –мусаввирлари (Абдулҳақ Махдум, А.Дониш, С.Сиддиқий ва б.) ижодида кўринади. Уй-жойлардаги (масковчи бойларнинг) деворий расмлари орасига дарёларда сузиб юрган пароход, темир йўл, ҳайвонлар тасвири каби янги тасвирий кўринишлар киритила бошланди. Бу эса, азалий анъаналарнинг ўзгаришига олиб келади.
Фан. XIX асрнинг иккинчи ярмида Ўрта Осиёни Россия босиб олгандан сўнг ўлкани илмий жиҳатдан ҳар томонлама ўрганишга киришилди. 1867 йил Туркистон ҳарбий топография бўлими ташкил қилинди. Бу бўлим ўлканинг топографик ҳаритасини тузиш билан шуғулланди. 1867 йили Тошкентда метереология станцияси очилди. Бирин-кетин табиат, антропология ва этнография ҳаваскорлари жамиятининг Туркистон бўлими (1870), Ўрта Осиё илмий жамияти (1870) ва бошқалар ташкил қилинди.
Ўлкада ишлаётган археологлар 1895 йилда Туркистон археология хаваскорлари тўгарагига бирлашдилар. XIX аср охири -XX аср бошларида География жамиятининг Туркистон бўлими (1895) аъзолари томонидан Орол денгизи, музликлар, ўлканинг ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси, сейсмик жараёнлари тадқиқ этилди, фойдали қазилма конлари очилди. Рус олимларининг махсус экспедициялари тупроқшунослик ва гидрология тадқиқотлари ўтказди. 1870 йилда Туркистон оммавий кутубхонаси, 1876 йилда Тошкент оммавий музейи рус шарқшуносларининг саъй-ҳаракати билан ташкил топди. Бу муассасалар аслида Туркистон маънавий бойликларини чоризм манфаатлари йўлида ўзлаштириш йўлида хизмат қилиши керак эди. Музейлардаги энг ноёб бойликлар марказга - Санкт Петербург ва Москвага олиб кетилди.
Самарқанд вилоятининг Хўжанд туманида яшаган Хожи Юсуф Мирфаёзовнинг илмий-маданий фаолияти ҳам диққатга сазовор. Унинг уйи Хўжанд маданий марказига айланган. Фалакиётшунос, математика, география, табобат, тарих бўйича билимдон Хожи Юсуф раҳбарлигида яратилган Ер шари глобуси XIX аср иккинчи ярмидаги илмий кашфиётлардан бири эди. Глобусда 1000 дан ортиқ географик номлар жойлаштирилган. Умуман олганда, XIX аср охири - XX аср бошларида Сатторхон Абдуғаффоров, Саидрасул Саидазизов, Жўрабек Қаландар Қориўғли, Шоҳимардон Мирғиёс ўғли ва бошқа маърифатпарварлар гуруҳи фаолият кўрсатганлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |