СЎЗ БОШИ Диншунослик гуманитар фанлар қаторидаги инсониятнинг маданий, маърифий, фикрий тарихини ўз ичига олган илмлар қаторига киради. Ўзбекистон Республикаси таълим тизимининг умумий ўрта таълим босқичида ўқитиладиган «Дунё динлари тарихи», ўрта махсус таълим тизимидаги «Диншунослик» фанлари доирасида динлар тарихи, таълимоти, манбалари каби диншуносликнинг бошланғич асослари ўқитилади. Шу сабабли ҳам олий таълим тизимининг бакалавр босқичидаги «Диншунослик» фани доирасида қуйи босқичда берилган маълумотлар асосида динларнинг ривожланиш тенденциялари, бугунги кундаги ҳолати ҳамда дин ниқобидаги турли бузғунчи ғояларнинг келиб чиқиш сабаблари, олдини олиш йўллари ҳақидаги маълумотлар тақдим этилиши мақсадга мувофиқ. Ушбу концепциядан келиб чиққан ҳолда ушбу ўқув қўлланмада асосан таҳлилий маълумотлар келтирилди.
Мамлакатимиздаги кўпконфессиялилик шароитида турли миллат, элат ва дин вакиллари орасидаги тотувликни таъминлаш, жаҳонда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш ишига муносиб ҳисса қўшиш ҳар бир фуқаронинг, айниқса, олий маълумотли зиёлининг муқаддас бурчидир. Республикамиз Президенти Ш.Мирзиёев томонидан таъкидланганидек, «Жамиятимизда диний конфессиялар ўртасида ҳамжиҳатлик ва фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлашни биз бундан буён ҳам энг долзарб ва эзгу вазифамиз деб биламиз»1.
Дунё миқёсида миллатлараро ва конфессиялараро ҳамкорлик, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш кўп жиҳатдан жамият ҳаётига бағрикенглик тамойилларининг самарали жорий этилишига боғлиқ. Жаҳондаги мураккаб ва зиддиятли кечаётган жараёнлар турли дин вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик руҳидаги алоқаларни мустаҳкамлаш тарихий зарурият эканини кўрсатмоқда. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда қабул қилинган «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси»нинг бешинчи бандида «хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат» мамлакатимизда асосий вазифалардан бири сифатида белгиланди.
Республикамиз Президенти томонидан 2017 йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи илгари сурилиши2 ҳам турли конфессиялар ўртасидаги ҳамжиҳатликка давлатимизда халқаро аҳамиятга эга масала сифатида қаралётганининг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистонда давлат ва дин масалаларини билиш жамиятимизнинг ҳар бир илғор фуқаросининг бурчидир. Давлат ва дин ўзаро муносабатларини тартибга солиш бўйича республикамизда мустақиллик йилларида амалга оширилган ишлар ҳатто бутун жаҳон миқёсида ҳам эътиборга лойиқ. Қўлланмада давлат ва дин муносабатларига оид тақдим этилган маълумотлар келгусида Ватан тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиш ниятида бўлган ёшларимизнинг амалий фаолиятида дастурул амал бўлиб хизмат қилади.
Олий таълимнинг бакалавр босқичи талабалари диннинг моҳияти, унинг фалсафий талқинлари, унга берилган турли таърифлар ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлишлари лозим. Шунинг учун ҳам ушбу қўлланмада динни ўрганишдаги ёндашувлар, диншунослик мактаблари, асосий намояндалари ҳақида етарлича маълумот берилган.
Дин инсониятнинг руҳий дунёси билан чамбарчас боғлиқ, ижтимоий ҳаётда доимо у билан бирга бўлиб келган. Марказий Осиё халқлари эътиқод қилиб келган ислом дини ҳам юксак инсоний фазилатларнинг шаклланишига хизмат қилган. Ислом дини доирасида юзага келган турли мазҳаб ва йўналишларнинг асл моҳияти ҳақида етарли даражада билим ва кўникмаларга эга бўлиш ушбу диндаги ҳар хиллик ва ихтилофлар орасидаги фарқларни тўғри ажрата билишга ёрдам беради.
Республикамизда диншунослик соҳасини ривожлантириш, миллий ва диний қадриятларни эъзозлаш, диннинг маънавий-маърифий жиҳатларини халқимизга кенг ёритиб беришга қаратилаётган эътиборни қуйидагиларда ҳам яққол кўриши мумкин: Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуслари билан Тошкент ислом университетида ISESCO ташкилотининг махсус кафедраси очилиши; Самарқандда – Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонада – Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухорода – Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёда – Абул Муин Насафий марказида ақида илми мактабининг ташкил этилиши; «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида», «Абу Исо Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлар, «Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йииллигини ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида»ги фармойишнинг қабул қилиниши, «Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази»нинг ташкил этилиши, «Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори ва бошқалар. Шу билан бирга, Республикамиз Президенти БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида «Муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз», дея, ислом динининг эзгу ва тинчликпарвар моҳияти, юртимиз алломаларининг ислом цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссалари, юртимизда маънавий меросни тиклаш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида сўзлади.
Бугунги кундаги глобаллашув жараёнлари фаол кечаётган бир вақтда, минг афсуски, диндан ўз ғаразли мақсадларини амалга оширишда фойдаланишга интилаётган кучлар кўплаб топилмоқда. Диний экстремизм, мутаассиблик, миссионерлик, тарихда ўтган ҳамда янги пайдо бўлаётган деструктив секта ва оқимлар ҳаракатлари шулар жумласидандир. Ушбу қўлланмада уларнинг намоён бўлиш турлари, ўз-ўзини ниқоблаш усуллари ва уларга қарши «жаҳолатга қарши маърифат» шиори остида кураш олиб бориш йўллари кўрсатиб берилган. Айниқса, ҳозирда оммавий ахборот воситалари орасида энг фаол восита бўлиб қолган интернет ва кибермакондаги диний-мафкуравий хуружлар, уларга қарши ёшларда иммунитет ҳосил қилиш масалаларига кенг ўрин ажратилган.
Муаллифлар жамоаси китобни нашрга тайёрлашда ўз маслаҳатлари билан яқиндан ёрдам берган олимлар, соҳа мутахассислари ҳамда мутасадди ташкилотларга ўз миннатдорчилигини билдирадилар. Янги давр талаблари асосида тайёрланган ушбу қўлланма асосида келгусида дарслик тайёрланиши муҳим вазифадир. Шунинг учун ҳам ушбу нашрда учрайдиган айрим хато ва камчиликлар учун узр сўраган ҳолда муаллифларга тақдим этиладиган китобни такомиллаштиришга хизмат қилувчи фикр ва мулоҳазаларни кутиб қоламиз.