Мундарижа кириш


Роман жанрининг ривожи Н.Маҳфуз қўшган ҳиссаси



Download 131,22 Kb.
bet7/18
Sana23.02.2022
Hajmi131,22 Kb.
#181526
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   18
Bog'liq
MD

2. Роман жанрининг ривожи Н.Маҳфуз қўшган ҳиссаси.
1988 йилда Миср романнависи Нажиб Маҳфуз Нобел мукофоти совриндори бўлди. Бу илк бор араб адиби юксак умумжаҳон адабий мукофотига сазовор бўлиши эди. Гарчи Маҳфуз анчадан буён ўз ватанида, Мисрда ва бошқа мамлакатларда, шунингдек уни энг зўр араб романнависи ҳисоблаб, таржима қиладиган ва ўрганадиган Европа, Америкада ҳам шундай бўлишини ҳис қилиб турган бўлсалар-да, аммо барибир у кутилмаган ҳолда содир бўлди. Араб жамоатчилиги бу хабарни қувонч билан кутиб олди уни ёзувчи истеъдоди ва адабиёт олдидаги хизматлари эътирофи сифатидагина эмас, айни чоғда ХХ аср жаҳон маданиятига араб адабиётининг қўшган умумий ҳиссасининг аҳамияти тарзида баҳолади. Бу эътироф шу жиҳатдан ҳам муҳимки, яқин вақтларгача араб дунёсидан ташқарида асосан инсониятни бебаҳо бадиий обидалардан баҳраманд этган ўрта аср адабиёти шуҳрат қозонган эди, холос. Энди эса, Нажиб Маҳфуз сиймосида ҳозирги замон араб адабиётига юксак баҳо берилган эди. 29
Нажиб Маҳфуз бутун ижоди, умр бўйи адабиётга қилган беминнат хизмати билан бу мукофотга лойиқ эди. Ярим асрлик тинимсиз, фидокорона меҳнат натижасида қирқдан зиёд китоб дунёга келди, уларда ХХ аср араб насрининг изланиш йўллари кўзгудагидек ўз аксини топди. Нажиб Маҳфуз туганмас ижодий куч-қувватининг сири фақат унинг бебаҳо табиий истеъдодидагина эмас, балки ҳайратомуз ишчанлик қобилиятида, шахснинг теран фазилатида, адабиётнинг юксак маънавий-ахлоқий бурчига сўзсиз ишонч, одамларга ўз қалб сўзини, унинг таъсирчан кучини етказишидадир.
Санъаткор Маҳфузнинг бебаҳо хусусияти - даврни нозик ҳис этиши, ҳамдардлик туйғуси. Унинг романларида нима ҳақида сўз кетмасин, ундаги воқеалар узоқ ўтмишдами, афсонавий даврлардами содир бўлмасин, ҳамиша улардан ҳаёт нафаси уфуриб туради. Маҳфуз ҳамиша бугунги кун талаби билан ёзади, энг долзарб, ҳаммани ҳаяжонлантирадиган масалаларни кўтаради, бу эса китобхонни ўзига чорлайди, ҳар бир асари мунозара қўзғатади. Долзарблик билан абадийлик Маҳфуз ижодини янгилаб туради. Йиллар ўтиши, адабиётдаги авлодлар алмашуви, эстетик тасаввурларнинг ўзгариши, адабий модаларнинг тебранишига қарамасдан оқсоқол ёзувчи адабий ҳаракатнинг пешқадамилигича қолаверади.
Нажиб Маҳфуз 1911 йил 11 декабрда ўрта ҳол амалдор оиласида эски, Қоҳиранинг ўрта аср қиёфасини сақлаб қолган Гамалия даҳасида туғилди.
Нажибнинг отаси мансабдор бўлиб, унда шу авлод кишиларида бўладиган, 1919 йил Миср буржуа-миллатчилик инқилобининг гувоҳи ва иштирокчиларидагидек, сиёсий қарашларнинг оташин ватанпарварлиги ахлоқий тушунчаларнинг жиддий консерватизми билан муроса қила оларди. Хонадонда инқилоб воқеалари ҳақидаги ҳикоялар қайта-қайта такрорланарди, унинг йўлбошчиси Саад Зағлул номи буюк эҳтиром билан тилга олинарди. Оиладаги ягона мутолаа манбаи диний мазмундаги газета ва китоблар ҳисобланарди.
Нажиб Гамалияда диний мактаб-куттобни битқазиб, бошланғич мактабга кирди. У 12 ёшга етганида оилалари Қоҳиранинг бошқа даҳасига, Аббосияда отаси сотиб олган кичикроқ уйга кўчишди. Аммо Маҳфуз Гамалияда бўлишни, унинг кўчалари бўйлаб кезишни, болалик хотираларига қайтишни ёқтирарди.
Аббосияда шундай тенгқурлар - қўшинлар ва иштирокчилар давраси юзага келдики, Маҳфуз улар билан алоқани узоқ йиллар давом эттирди. Энди бу бошқа муҳит, бошқача манфаатлар эди. Аббосияда диний мактаб - куттоблар йўқ эди, аммо футбол авж олганди. Болалар кактус новдалари билан ўралган майдончада тўп тепишар, профессионал командаларнинг миллий клубдаги учрашувларни томоша қилишарди, севган футболчилари тўғрисида тортишувлар бўларди, футбол майдонида инглизларни жавоб тўписиз уришганига хурсанд бўлишарди. Инглиз истилочиларининг ҳарбий казармалари Аббосиянинг шундоққина марказида бўлиб, доимо ўсмирларнинг ватанпарварлик туйғуларини қўзғотарди.
Дўстлар ўқиган китоблари тўғрисида фикр алмашардилар, уларнинг аксарияти таржима қилинган, полисия ҳақидаги романлар эди. Мактабда машғулотлар бўлмайдиган жума кунлари яқинларидаги «Олимпия» кинотеатрида полисия ҳақидаги саргузаштли филмларни томоша қилардилар, улардаги қувди-қувдилар, отишув ва олишувларни берилиб кўрардилар. Маҳфузнинг хотирлашича, оилада у биринчи бўлиб, мунтазам равишда кинога борган. Унда ўша пайтларда, мактабдаёқ ёзиш иштиёқи уйғонди. Ҳамма иш ўзи ёқтириб қолган полисия ҳақидаги романларни қалин дафтарга номини қўйиб кўчиришдан бошланди. У, асосан, лирик шеърлар ёзишни машқ қилди, уларда диний байрамлардан олган туйғулар, Аббосиядаги тенгқур қўшни қизга бўлган ҳиссиётларини ифодалади. Маҳфуздаги «онг уйғонишининг» бошланиши Таҳа Ҳусайн, Аббос Маҳмуд ал-Аккад, Салама Муса ва бошқа «янгиловчилар» асарлари билан танишгандан кейин юз берди. Улар Миср адабиётини Ғарб томон, Европа маданияти сари бурдилар.
«Янгиловчилар» титроқ ақл соҳиби бўлмиш ўсмирга нарсаларга танқидий муносабатда бўлишни, эркин фикрлашни сингдирдилар, унда дунёни кенг ва ранг-барангликда англаш ҳиссини уйғотдилар. «Янгиловчилар» асарлари билан ошно бўлишнинг биринчи натижаси Нажиб Маҳфуз Европа адабиётини мунтазам мутолаа қилиш ва ўрта аср араб классикасининг қайтадан ўқиб чиқиши, биринчи навбатда Абул Аъло ал-Маарий, Ал-Мутанаббий, Ибн ар-Румий каби севимли шоирларнинг бадиий образлар олами ва маъно хазиналаридан баҳраманд бўлиши эди.
Ўрта мактабни тамомлагач, Маҳфуз Қоҳира дорилфунуни филология факултетининг фалсафа бўлимига ўқишга кирди. У ерда у Афлотундан Бергсонга қадар идеалист файласуфлар асарларига асосланган тарих, фалсафани синчиклаб ўрганди.
Аммо фалсафа билан шуғулланиши унга тўла қониқиш бермади. Уни аввалгидек адабиёт ўзига тортарди. Эҳтимол, адабиётни у фалсафадан кўра кўпроқ дунё ва инсон қалбини санъаткор туйғуси ва интуисияси кўмагида билиш имкониятларини яратгани учун севгандир. У ёзувчиликни давом эттиради. Журналларга юборилган ўнлаб ҳикоя ва уч романдан фақат бир неча ҳикоя чоп этилади, холос.
Шундай бўлса ҳам, магистрлик дисертациясини ёзиш учун университетда қолдирилган Маҳфузни диссертация ёзиш жараёнида «қалбнинг аламли иккиланиши» тарк этмади. Маҳфуз аниқ йўлни танлаш кераклигини тушунди. Унинг олдида университет фалсафа муаллими деган тинч ва таъминланган истиқбол пайдо бўлган эди, лекин у тугалланмаган диссертациядан ҳам, муаллимликдан ҳам воз кечади ва нуфузсиз, даромади беқарор касб - адабиётни танлайди. Бу билан давлат хизматига кириш ва узоқ йиллар амалдор бўлиш имконидан ўзини маҳрум этади.
Нажиб Маҳфуз - энг маълумотли, билимдон Миср адибларидан бири. У адабиёт билан махсус шуғулланиш мақсадида жаҳон адабиёти ва санъати тарихини мунтазам, изчил ўрганиш, инсоният даҳоси яратган барча буюк асарларини ўқиб чиқишни ўз бурчи деб билди. Унинг назаридан ўтган ҳар бир Ғарб ёки Шарқ ёзувчиси истеъдодига таъсир кўрсатди. Маҳфуз бу таъсирни шундай эътироф этган эди: «Ўша мутолаасиз ёзганларим дунёга келмас эди».
«Литературная газета»да босилган интервюсида (1989 й.) жаҳон адабиётига муносабатини шундай ифодалайди: «Бир неча ёзувчилар борки, мен уларни севимли деб атайман. Агар Шарқ ҳақида сўз кетса, бу форс шоири Шерозий, буюк араб шоири ал-Мутанаббий, Ғарб тўғрисида эса файласуф ва мутафаккирларни айтмайлик, ваҳоланки мен уларни ўрганганман ва кўпини севаман, бевосита адабиётга ўтсак... Францияда Пруст, Балзак, Англияда - Шекспир, Голсуорси, Германияда - Томас Манн, Гёте, Америкада - Фолкнер, Хемингуей, Россияда - шубҳасиз, Лев Толстой, Чехов, Достоевский. Ҳаммасини айтмадим, менинг севимли ёзувчиларим беҳад кўп».
Аммо мустақил фикрлаш қобилияти, араб поетик ва ҳикоя қилиш анъаналари билан узвий боғлиқлик, Мисрдаги сиёсий ҳолатлар тараққиётини синчковлик билан кузатиш уни тақлидчилик гуноҳига ботишдан асради. Ҳамма ўқиганлари унинг хотирасида тиниб, ўйланиб, маънавий мулкига айланган тарзда асарларига кўчди. Маҳфуз ижодининг бош манбаи уни ўраб турган муҳит, ҳаёт, Миср тарихининг кўтарилиши ва чўкиши, тезлашуви ва боши берк кўчага кирган ҳолатлари, инқилоблари ва мағлубиятлари, анъанавийлик инерсияси ва тўхтовсиз янгиланиши билан боғлиқ. Унинг ёзувчилик таржимаи ҳолида қанчадан - қанча танглик ҳолатлари юз бермади дейсиз? Баъзида адиб обЪектив, тарихий шароитлар тақозоси билан истеъдодининг сусайиши хавфи соя солган чоғларни ҳам, шаклланган, қотиб қолган ғоя ва тасаввурларининг маҳдуд занжиридан қутилиши амри-маҳол бўлган дамларни ҳам бош кечирди. 30
Адабий фаолиятининг бошланишиданоқ Маҳфуз тафаккурнинг романга хос кўлами билиниб турарди. Бу ўринда адиб томонидан фалсафий ўрганиш ҳам ўзига хос рол ўйнагани яққол сезилади. Чунки ундаги ҳаётга муносабатнинг кенглиги, хусусий нарсаларни умумий тушунчалар асосида изоҳлаш зарурати, дунёнинг барча унсурларини бир бутунликка боғлашга интилиш ҳам шундан далолат беради. Санъаткор Маҳфузга ўз ниятларини амалга ошириш учун кенг ҳикоя майдони талаб этилади, ҳикоянинг қатъий доирасига қисқа, ҳаракатчан фабулани сиғдириш мушкуллик туғдиради.
Адибнинг кўп жиҳатдан етилмаган уч илк романи ана шу кенг қамровли ёндашув туфайли ажралиб туради. Мисрнинг фиравнлари даври тарихидан олинган романлар сюжети ўрта аср халқ романи анъаналари руҳида ёзилган. 31 Бу жанрга хос мавзу ва сюжет йўналишлари, шунингдек, мумтоз араб шеърияти намуналари ва Қуръон ибораларидан кенг фойдаланилган. Айни чоғда қадимги афсоналарга замонавий руҳ берилиб, романларда 30-йиллардаги Миср учун долзарб бўлган миллий ва сиёсий муаммолар қўйилган.
Фиръавн цериясидаги уч романнинг охиргиси - «Фивлар курашмоқдалар» (1944)да Маҳфуз идеал ҳукмдор, фиравн Ахмоснинг романтик образини яратади. Ахмос – орият, довюраклик билан шуҳрат қозонган, ўз шахсий манфаатини, муҳаббатини озодлик йўлида, Мисрдан ёвуз босқинчилар - гиксосларни қувиш йўлида қурбон қилган баҳодир. Гиксослар тимсолида адиб мустамлакачи инглизларни кўзда тутганини пайқаш қийин эмас.
Нажиб Маҳфуз ижодини шартли равишда 3 даврда бўлиш мумкин:
1. Қадимги Миср мавзусидаги тарихий романлар: «Тақдирлар ўйини» (1934), «Радобис» (1943), «Фивлар кураши» (1944).
2. «Хон ал-Халилий»дан реалистик роман босқичи бошланади. Қоҳиранинг 40-йиллардаги ўрта ва қуйи табақалари. Қаҳрамонлар - яшаш учун машаққатли кураш олиб борадиган қўли юпқа, камбағал, омадсиз кишилар.
3. 1952 йилдан кейинги - фалсафий босқич - «Маҳалламиз болалари», «Тиланчи» ва бошқалар.
2 - босқичга оид асарларидан, айниқса, «Қоҳирадаги жанжал» ёки «Янги Қоҳира» (1945) ажралиб туради, унда майда буржуа оиласининг инқирози кўрсатилади. Шунингдек, «Хон ал-Халилий» (1946), бу Қоҳирадаги бозор номи бўлиб, заргарлик буюмлари савдоси билан машҳур, ёзувчи бу асарида майда амалдорнинг мураккаб туйғуларини, унинг кундалик ҳаётини акс эттиради.
1. «Ал-Мадакк тор кўчаси» (1947). Уруш Ал-Мадакк тор кўчасида истиқомат қилувчи оддий одамларнинг муҳаббатини барбод этиши, осойишталигини йўқотиши кўрсатилади.
2. «Ибтидо ва интиҳо» (1949) романида оддий мисрликларнинг ўз фарзандларига билим бериш, доимий иш ва оилавий бахт учун курашлари ўз аксини топади.
3. Трилогия: 1) «Байн ал-Қасрейн» (1956). 2) «Қаср аш-Шауқ». 3) «Ас-Суккарийя» (1952). Ушбу трилогия Маҳфузнинг энг машҳур асари бўлиб, унга биринчи араб романнависи деган шуҳрат келтирган. «Трилогия»да 1917 йилдан 1944 йилгача бўлган Миср жамиятининг чорак асрлик тарихий ҳаракати яхлит таҳлил қилинади.
Нажиб Маҳфуз барча романларида ўрта синф ҳаётини катта бадиий маҳорат билан тасвирлади. Бу асарларнинг бош қаҳрамонлари асосан ёлғиз, якка одамлар бўлиб, уларни ижтимоий ҳаёт қизиқтирмайди, улар ўз ҳузур-ҳаловатларини ўйлайдиган кимсалардир.
«Мадокк тор кўчаси» романи воқеалари иккинчи жаҳон уруши йилларида содир бўлади. Уруш Мадоккда яшовчиларга ортиқча муҳтожлик, қашшоқларга эса мушкулликлар келтиради. Қаҳвахона соҳиби Киршага уруш бойиш учун шароит яратади. Киршанинг инглиз лагерларида ишловчи ўғли Ҳусайн эса урушнинг чўзилишини орзу қилади. Агар бизга олтин келтирса, «марҳабо, минг бир ҳужум» дейди у. Уруш камбағал, етим қиз Ҳамида ва қашшоқ сартарош йигит Аббос Хилванинг фожиали муҳаббатига сабаб бўлади. Аббос Ҳамидага уйланмоқчи, аммо даромади тирикчиликка зўрға етади. Ҳусайннинг маслаҳати билан ишлаш учун у инглиз лагерига боради, Ҳамида эса уни кутишга мажбур. Аббоснинг йўқлиги чоғида Ҳамида инглиз ва Америка ҳарбий хизматчиларига тирик товар етказувчиларининг тўрига илинади. Қоҳирага қайтган Аббос ўз қаллиғини маст-аласт инглиз аскарлари даврасида учратади. Учрашув фожиага айланади: аскарлар Аббосни ўлгунча калтаклайдилар.
Кафе эгаси бузуқ «Муаллим» Кирша қиёфасида ўрта ҳол шаҳар буржуасининг жирканч башараси намоён бўлади. Кирша «инқилобий ўтмиш» эгаси: ёшлигида у 1919 йил қўзғолонида фаол иштирок этган, аммо фақат яҳудий ва арман магазинларининг ёндирувчи ва вайрон қилувчи сифатида, холос. Кейинроқ эса, парламент сайловлари пайтидаги сиёсий ўйинларда бир номзоддан пора олиб, бошқасига овоз бериб, ҳунар кўрсатган.
Тор кўчанинг бошқа истиқомат қилувчилари башаралари ҳам жонли чизилган. Мана, тиш дўхтири Буши. Даволашнинг ҳамма усулидан кўра «тиш суғуришни» афзал кўради. Унинг «кўчма амбулаторияси»да бу жуда азобли, лекин арзон қилинади: камбағалдан бир пиастр, бойдан эса икки пиастр олинади. «Ногирон қилиш устаси» Зита ҳар қандай гадо бўлишни истаганни чаққонлик билан «мажруҳ»га айлантиради. Навжувон уй эгаси Сания, билимдон авлиё хушомадгўй Радвар ал-Ҳусайний ва бошқа персонажлар ҳам хийла эсда қоларли ва типикдир. Мадакк тор кўчаси - Миср жамиятининг жаҳон уруши йилларида, чет эл ҳукмронлиги, феодал ва йирик буржуазия зулми чўққига чиққан даврда боши берк кўчага киргани тимсолидир. Бутун роман чорасизлик ва умидсизлик туйғуси билан йўғрилган.
«Ибтидо ва интиҳо» - боқувчисиз қолган майда амалдор оиласининг аччиқ қисмати тўғрисида ҳикоя қилади. «Мадакк тор кўчаси»га нисбатан бу романда персонаж оз, аммо унинг ижтимоий доираси хийла кенг, чунки асарда тасвирланган оилавий драма ижтимоий - сиёсий ҳаёт фонида кўрсатилади. Асар ижтимоий тенгсизлик ва бюрократик тартибларга, ўз умрини тугатган анъана ва одатларга қарши исён тарзида ёзилган.
Агар «Мадакк тор кўчаси» даги одамлар, ночор вазиятдан чиқиш йўлини билмай, охирида диндан таскин топсалар, «Ибтидо ва интиҳо» қаҳрамонлари бахтларини ўзлари яратадилар. «Сен Оллоҳ ўз қулларини унутмайди, дейсан. Қани кўрайлик-чи, қандай эсларкан у бизни. Нега у отамизни олди, нега биз цингари қурбонлар эвазига уни донишманд эълон қилади?» - дейди қаҳрамонлардан бири. Воқеа Нафиса деган қиз ва унинг акаси Ҳасанайннинг фожиали ҳалокати билан тугайди. Гарчи муаллиф ҳикоя қилган воқеага ўз муносабатини билдирмаса-да, хулоса ўз-ўзидан аён бўлади: Мисрда инсон бахтли бўлиши учун жамиятнинг ижтимоий ва ахлоқий устунларини синдириш керак.
«Бейн ал-Қасрейн» (1956-1957) трилогия романида Нажиб Маҳфуз илк бор халқ ҳаётини яхшилаш учун курашаётган ижобий қаҳрамонларни кўрсатди, уларнинг дунёқараши ва характери шаклланишга таъсир этувчи тарихий омилларни ҳам очиб беради.
Воқеалар биринчи жаҳон уруши йилларида бошланиб, иккинчи жаҳон урушидан сўнг тугалланади. Бунда майда буржуа Миср оиласининг уч авлоди тарихи ҳикоя қилинади. Оила бошлиғи - қоҳиралик савдогар Аҳмад Абдул Жавод хонадоннинг золим ва мустабид ҳукмдори бўлиб, жамият ҳаёти уни заррача қизиқтирмайди.
Абдул Жавод - ўзига тўқ мусулмон, ўз оиласининг бошлиғи. Унинг сўзи - қонун, хотини Амина эса эртадан кечгача тинмайдиган аёл, қўшни хотинлар таъбирича, «миришкор асалари», эрининг хасми 25 йиллик оилавий ҳаётда бир неча мартагина ота-онасини кўргани кўчага чиққан, ўшанда ҳам эри билан бирга. Лекин кунлардан бир кун кўчага чиқишга журъат этган. Жанжал бошланган. Болалари ва қариндошлари тарафини олмаса, Жавод Амина билан ажрашар эди. Анъана ва одатларни муқаддас биладиган мусулмон Абдул Жавод шунақа одам. Бу ташқи кўриниш, холос. Унинг бир қанча ўйнашлари борлиги, кечаларни ресторан ва иславотхоналарда ўтказиши фақат дўстларига маълум. Муаллиф қаҳрамоннинг кечмишлари ва улфатларини тасвирларкан, киноявий ташбеҳларни аямай ишлатади.
Жаводнинг 3 ўғил ва бир неча қизлари бор. Тўнғич ўғли Ясин ота изидан кетган. У отасидек субутсиз ва аёвсиз, лекин ундан беҳаёроқ. Ахлоқий қиёфасини буткул йўқотган Ясин фоҳишаларни хонадонига олиб келиб, хотинини кўчага ҳайдайди.
Жаводнинг иккинчи ўғли Фаҳми отаси ва акасидан поклиги ва табиатан софлиги билан ажралиб туради. Талабалар орасида бўлгани учун унга миллий-озодлик ғоялари юққан. Фаҳми инглиз босқинчиларидан нафратланади. «Чет эллик бошқарадиган бўлса, халқ яшай олмайди», - дейди у. 1919 йилги қўзғолон кунларида биз уни Мисрдан инглиз қўшинларини олиб чиқиб кетиш ва мамлакатнинг тўла мустақиллигини талаб қилаётган намойишчилар сафида кўрамиз. Намойишчилар ўққа тутилган пайтида у ҳалок бўлади. Аммо Фаҳмининг ёрқин қиёфаси укаси Камол ва жияни Аҳмад қалбларида яшайди.
Камол акаси қарашларини қўллаб-қувватласа ҳам жўшқин Фаҳмига ўхшамайди. Отаси иродасига қарши бориб, Камол келажаги моддий жиҳатдан таъминланган юрист бўлишдан оддий муаллимликни афзал билади. Камол юксак маданиятли инсон бўлиб, унинг учун «ҳақиқий худо - билим». Аммо Камол тараққийпарвар кучлар курашига қўшилишга интилмайди. У фалсафага, мушоҳадага мойил. Табиатан пассив бўлган Камол сиёсий ҳаётга фаол иштирок этиш фикридан узоқ, унинг ижтимоий тузумдан норозилиги сўзда қоралашдан нарига ўтмайди. Камол миллий-озодлик курашидан чекинган давр Миср буржуазиясининг типик вакили.
Чинакам ватанпарвар, Фаҳмининг маънавий меросхўри бўлган Камол ва Фаҳмининг жияни Аҳмад Иброҳим Шукет етишиб чиқади.У уруш олди йилларида, Мисрда фашист агентурасининг суқулиб киришига қарши кураш бошланган даврда улғайди, антифашист журналистика ходимлари билан яқинлашди. Аҳмад марксизм билан қизиқади. Аммо болаликдан ўзлаштирилган майда буржуа ғоялари унга халақит беради. Аҳмаднинг қайта тарбияланишига журнал таҳририяти котибаси, матбаачи ишчининг қизи Сусен Ҳамад катта таъсир кўрсатади. Сусен араб адабиётида кам яратилган, мустақил яшашга интилувчи аёллар образидан бири. Сусен ўз маълумотини оширишга ҳаракат қилади, марксистик адабиётларни мутолаа қилади, шўро ёзувчилари асарлари билан қизиқади. У тараққийпарвар ёшлар орасида ном қозонади. Сусен Ҳамад образи Амина тимсолига қарама-қарши ўлароқ, янги мустақил ва демократик Мисрни гавдалантиради. Аҳмаднинг қариндошлари ишчи қизига уйланишига қаршилик қиладилар, Аҳмад ўз муҳити билан алоқасини узиб Сусенга уйланади. Аҳмад антифашист йўналишдаги журнал ходими бўлади, мақолалар ёзади, ишчилар олдида нутқлар сўзлайди. Роман сўнггида полисия Аҳмадни ҳибсга олади, лекин китобхон Аҳмаднинг дўстлари ва ҳамфикрлари халқ манфаати йўлида империализм ва феодал реаксиясига курашни тўхтатмасликларига ишонади.
Услуб жозибадорлиги жиҳатдан ҳозирги араб адабиётида Нажиб Маҳфуз олдига тушадиган адиб йўқ. Романдаги диалоглар бироз қўполроқ юмор билан йўғрилган бўлса ҳам, маҳорат билан яратилган. Асар центименталликдан бутунлай холи. Муаллиф кўп сонли персонажлардан ҳар бирининг хатти-ҳаракатини психологик жиҳатдан асослаган.
У халқнинг яратувчилик кучига ишонмайди ва зиёлиларни Мисрдаги ҳаётни яхши томонга ўзгартирувчи ягона куч деб билади. Аммо зиёлилар, муаллиф фикрича, халқ манфаати деб яшаши, унинг истиқболи учун курашиши, мамлакат сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиши лозим - «фаллоҳларнинг очликдан изтироб чекаётганини била туриб, тафаккур қилиш қобилиятига эга одамлар қандай қилиб ҳаётдан баҳра олишларини мен тушунолмайман», дейди Маҳфуз қаҳрамонларидан бири. «Трилогия» нинг ижобий томони-романнинг танқидий ва ҳаққоний йўналишини ҳис этиб турамиз. Жамият кўз ўнгимизда тинимсиз ҳаракатда ўзига хос ижтимоий хусусиятлари билан намоён бўлади. Маҳфуз романларида жамият тараққиёти шубҳа ва умидсизликлар тумани билан ёхуд хира умидлар шубҳаси билан қопланган. Аммо унинг романлари туфайли китобхон жамият ижтимоий иллатларидан бохабар бўлади ва воқеликни чуқур англайди.
Нажиб Маҳфуз трилогияси 1957 йилда давлат мукофотига сазовор бўлган ва урушдан кейинги араб адабиётининг кўзга кўринган намунасидир. Унинг юзага келиши Мисрдаги адабий ҳаракатнинг юксалиши, тараққийпарвар Миср ёзувчиларининг ўз ижодий кучларини халқ манфаатига бахшида этганидан далолатдир. 32
Барча араб мамлакатларининг адабий танқиди Маҳфуз трилогиясини қувонч билан олқишлади ва роман мазмуни ва тасвирий воситалари аҳамиятини юксак баҳолади. Мана, Таҳа Ҳусайннинг роман ҳақидаги фикри: «Мисрликлар роман ёза бошлагандан буён мен ўқиган романларининг энг яхшиси - мана шу». Француз адиби Жак Жоме «Нажиб Маҳфуз трилогиясини «араб адабиётидаги, ҳозирги Миср тараққиётидаги ўзига хос даврининг бошланиши» деб ҳисоблайди. Яна у «трилогиянинг жаҳон даражасига кўтариладиган романлар сирасига киритишини» таъкидлайди.
Араб танқидчилиги Маҳфуз трилогиясини Драйзер романларига қиёслайди. Аммо Маҳфузнинг ўзи ҳаддан зиёд муболағага мойил эмас. «Биз жаҳон адабиёти эшигини қоқаяпмиз - дейди ёзувчи. - аммо мен уёққа киришимизга шубҳаланаман. Эҳтимол, янги авлод янги мавзу, янги ёзиш малакаси билан унга киришга муяссар бўлар».
Шундай қилиб, Нажиб Маҳфуз романлари асосан ўрта синф намоёндаларига бағишланган. Унинг бадиий услубида баёнчилик аломатлари мавжуд бўлиб, бу Маҳфуз ижодини кўп жиҳатдан натурализмга яқинлаштиради. Шунга қарамай, Нажиб Маҳфуз чиндан ҳам етук замонавий романнавис, ўз дунёқарашини энг самимий, энг аниқ ифода этадиган сўз устаси - ҳисобланади. Мунаққид ал-Алим «У, шубҳасиз, бизнинг миллий - демократик инқилобимизнинг куйчиси, унинг фалсафасини ифодаловчи, унинг характерини яратувчи, мақсадларини амалга оширишга интилувчи адибдир», деган эди.
Миср ҳаётининг қомуси бўлган ушбу «Трилогия» нинг чоп этилиши 1957 йилда якунланди; 1959 йилда эса, «Ал-Аҳром» газетасида «Кўчамизнинг ривоятлари» романи қисм-қисм ҳолда босила бошлади. Бу роман Нажиб Маҳфуз ижодида янги босқичнинг бошланишидан далолат эди. Яна баён услуби ва образлар тузилишида ўзгаришни, вақт чегараларини кенгайиши кўзга ташланди. 33
Воқеалар афсонавий узоқ замонларда бошланиб, якуни олис келажакка чўзилади. Гарчи барча воқеалар «кўчамизда» содир бўлса ҳам, роман топонимикаси таниш кўҳна Қоҳира кўчаларини ўз ичига олса ҳам, аслида роман географияси якка худоликка ишонувчи уч диннинг бешиги бўлмиш бутун Яқин Шарқни қамраб олади. Унинг қаҳрамонлари - «кўчамизнинг ўғлонлари» оддий одамлар эмас, худо илҳомлантирган пайғамбарлар, юксак ваколат соҳиблари бўлиб, адолатли ижтимоий тузум, барча одамларнинг бахти осойишталиги учун курашувчилардир.
Таврот, Инжил, Қуръондаги диний ривоятлар, Муҳаммад пайғамбар ҳаётини акс эттирувчи сиралар Габалауи кўчаси асосчиси, унинг фарзандлари ва авлодлари ҳақидаги халқ нақллари шаклига ўраб берилган. «Трилогия»га, оилавий роман - эпопеяга хос хусусиятларни сақлаган, араб халқ романига ўхшатиб ёзилган бу асар ўз моҳияти жиҳатидан фалсафий роман - ривоят жанрига мансубдир. Унда инсоният тарихи адолат, моддий бойликларни оқилона тақсимлаш асосида ақлга монанд жамият қуришга интилишдан иборат деган, ғояларнинг эволюсияси ҳақидаги Маҳфуз тасаввури ифода этилган.
Габалауи уруғи асосчиси феъл атвори билан қоҳиралик савдогар Абдул Жавводни эслатади. У ўз ўғиллари ва катта хонадонда яшовчилар тақдирлари устидан хоҳлаганича ҳукмронлик қилади. Аммо Габалауининг қудратли ва ваҳшатли инсоний қиёфасида бутун борлиқни яратувчисига хос хусусиятлар барқ уриб туради. Унинг ўғиллари Адҳам ва Идрисда уларнинг прототиплари Одам ато ва Қуръонда айтилганидек, Оллоҳ томонидан ердаги ноиб қилиб тайинланган Одам атога бўйинсунишдан бош тортган даҳрий Иблисни таниш қийин эмас. Идрис биринчи бўлиб ота иродаси ва ҳукмига қарши бош кўтарган, дунё адабиётида ифодаланган иблис қиёфаларидан бўлиб, унда ноитоаткорлик руҳи, одамга ғул-ғула солувчи шубҳалар ҳукмрон, инсонни ҳамиша яратганга қарши боришга ундовчи руҳ мавжуд.
Маҳфуз Габал ва Рифоа образларини яратар экан, манба сифатида Мусо ва Исо тарихининг Таврот, Инжил ва Қуръондаги нақлларидан фойдаланади. Габал номини олиши Мусо пайғамбар қаршисида пайдо бўлган тоғ билан боғлиқдир. «Ва унга тоғнинг ўнг томонидан хитоб қилдик ва уни пинҳона суҳбатга тортдик», - дейилади Қуръонда бу ҳақда.
Рифоа номи тасаввуф тариқатига мансуб рифаядан олинган бўлиб, тариқатга мансуб бўлганлар руҳнинг пок бўлишини тарғиб қилганлар ва («ёвуз руҳни қувиб чиқариш» ёки «баданга ўрнашиб олган хасталик руҳини қувиш») маросими - «зар»га амал қилганлар.
Қосим исми Муҳаммад пайғамбар номларидан бири (Абу Қосим) бўлиб, у кишининг гўдакликда вафот этган ўғиллари номи билан боғлиқдир.Муқаддас китоблардан олинган маълумотларни Маҳфуз қайта ишлаб, диний персонажларни «кўчамиз ўғлонлари» га, халқ ривоятлари қаҳрамонларига, айлантиради, айни чоғда маноқибларга хос воқеалар тизими орқали прототипларни тез илғаб олишга имкон беради. Масалан, Габалга айланган Мусо мол-мулк бошқарувчисининг хотини томонидан тарбияланади. У Мусони ёмғир кўлмагидан топиб олган эди. Бу аёл маноқибдаги фиръавн қизининг тимсолидир. Ўспиринлик пайтида Мусо ўгай отаси билан аччиқланиб, Муқаттам тоғига қочиб кетади. Бу ерда қудуқ ёнида у илон ўйнатувчи кўзбойлағичнинг қизи билан танишиб қолади. Фиръавнлар отлиқ қўшинини Қизил денгиз тўлқинларида нобуд бўлиши ҳақидаги ривоят Габал томонидан футувваларнинг тузоққа илинтирилиши воқеасига айлантирилади.
Худди шунингдек, Исо Масиҳ ҳақида Инжилда келтирилган ҳикоя ҳамда Муҳаммад пайғамбарга оид сира ҳам рамзий тўқима сифатида берилади.
Романнинг охирги қисми қаҳрамони Арафа (унинг исми арабча «арф» - билмоқ ўзагидан ҳосил қилинган) аниқ бир прототипни ўзида акс эттирмайди, балки диний эътиқод ўрнини босадиган илм, билим тушунчасининг ифодачиси сифатида тасвирланади.
«Кўчамиз ривоятлари»да ҳам Нажиб Маҳфуз ўзини илгаридан банд қилиб келган диний фалсафий муаммо -илм ва эътиқод орасидаги муносабат борасида мулоҳаза юритади. Бу муаммо уни «Трилогия»даги автобиографик қаҳрамони Абдул Жавводнинг кенжа ўғли - Кемал тафаккурида ўткир тўқнашув уйғотади. Маҳфуз адолатли жамият қуриш йўлида илмни дин меросхўри қилиб кўрсатиш орқали бу ечимсиз муаммони ҳал қилгандек бўлади. Яҳудий дини, масиҳийлик ва исломнинг вужудга келиши у буюк шахслар фаолияти меваси, уларнинг адолатга чанқоқлиги, одамларни бахтли ҳаётга эриштиришга бўлган интилишлари сифатида талқин этади.
Габалауи - бу қудратли ва одамохун, аммо бешафқат Холиқ, ерда яшаётган барча одамларнинг Одам атоси образи. Катта уйдан олдинига Идриснинг кейин Адҳамнинг қувилиши, отанинг ўз болаларини оқ қилиши воқеалари тасвири Маҳфузнинг дунёқараши ақлни дин деб билишга асосланган деизмга хослигини кўрсатади. У илоҳий ибтидонинг яратувчилик, халлоқият кучига ишонади, унинг ўз маҳлуқларига жон ато этгани, уларни оқил қилиб яратганини тан олади. Адҳамнинг оқиллиги, ўқимишлиги унинг отасини анъанани бузишга, мулкни бошқаришни катта ўғилга эмас, кичик фарзандга - Идрисга топширишга мажбур этади. Ақлнинг бу шаклда инсоннинг энг буюк фазилати сифатида тан олиниши илмнинг инсон ақли маҳсули сифатида тан олинишини билдиради. Бу ғоя романнинг барча қисмларини яхлит ҳолда уюштириб туради, Арафани Габалуи ўғиллари, авлодлари қаторига қўйиш ёзувчига адолат ўрнатиш йўлида илмни диннинг вориси сифатида кўрсатиш имконини беради.
Аммо инсонни оқил қилиб яратар экан, Холиқ ундан ўз ақли билан яшашни талаб қилади, унинг ишларига ёрдам бериш у ёқда турсин, ҳатто аралашишни ҳам истамайди, уни буткул ўз хатоларига жавобгар қилиб қўяди. Габал, Рифа ва Қосим фаолиятидаги «рисолат» хислати кўпроқ Габалуи розилиги билан қилган амалларига бўлган ички ишонч туйғуси сифатида тасвирланади. Габалуининг «кўриниш» бериши тафсилотлари ҳар гал шундай тасвирланадики, бу воқеаларни қаҳрамонларнинг туши ёки хаёлотида юз бергандек тасаввур қилиш имкони қолади.
Уларнинг ижтимоий ислоҳотчилик фаолияти натижалари ҳам чеклангандир. Уларнинг ҳар бири «кўчамиз аҳолиси» орасида ўрнатган адолат ва моддий тенглик фақат шахсий ҳокимият ва нуфузга асосланган бўлиб чиқади, ҳар гал қаҳрамон ўлими билан улар йўққа чиқаверади. Қайта бошдан бойлар ва камбағаллар пайдо бўладилар, ҳокимият қудрат эгалари қўлига ўтади, ҳар доимги тартиб яна барқарор бўлади. Бу тасвир орқали роман ёзилган давр учун жасорат билан диннинг ижтимоий ислоҳотчилик имкониятлари поёнига етгани, ундан умидвор бўлиш бефойдалиги ҳақида фикр баён этилади. Шу боис роман ҳалигача Мисрда алоҳида китоб шаклида нашр этилган эмас. Худонинг ўлими, бунга тасодифан Арафанинг сабабчи бўлиб қолиши ўқувчи онгида қийноқли саволлар уйғотади. Ўз вақтида худди шу масала устида - бошбошдоқлик ва одамлар орасидаги муносабатларни қуюшқонга солиб турадиган ахлоқий меъёрлар борасида Ф. Достоевский қаҳрамонлари ҳам бош қотирган эдилар. Илмнинг ўзи, инсон онгининг уни одамларга хизмат қилдиришга бўлган қиймати Маҳфуз тушунчасида ахлоқ мезонларига мос эмас. Инсоннинг табиат устидан ҳукмрон бўлиши, илмий-техникавий инқилоб адолатли ижтимоий тартиб ўрнатиш, одамларнинг бахтли яшашини кафолатлаш имкониятига эга эмас.
Арафанинг фожиали тақдири Маҳфузнинг ижтимоий ва маънавий фалсафасини ўзида мужассамлантиради, унинг ахлоқий мезонлар, адолат ғоясини ҳаётга тадбиқ этиш йўллари ҳақидаги интилишларини ифодалайди. Унингча униси ҳам, буниси ҳам албатта халқ манфаатлари билан боғлиқ бўлиши лозим.
Романда ҳалқ, асосан, пассив рол ўйнайди, фақат қаҳрамонлар даъватига эргашиб ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун курашга қўзғолади. Асарнинг ҳар бир бўлимида ҳикоячи тилидан айтиладиган кўча аҳлининг «унутувчанлиги», «қаҳрамонлар эришган натижаларни асрай билмаслиги» ҳақидаги сўзлар хақорат каби янграб туради. Аммо асарнинг сўнгида ҳикоячи интонацияси ўзгаради, романнинг охирги мисралари муаллифнинг халқ куч - иродасига, ақл ва адолатнинг барқарор бўлишига бўлган ишончини ифодалайди.
«Кўчамиз ривоятлари» асарида диний эътиқоднинг, диннинг таназзулга юз тутиши ифодаланган бўлмаса ҳам, лекин якка шахс ҳукмронлигининг ижтимоий тузум асоси деб билиш ғояси танқид остига олинади. Бу танқиднинг асосида Маҳфузнинг инсон табиатида мавжуд икки куч - қуйи моддий ва юксак, руҳий ибтидо ҳақидаги тасаввури, унинг Миср ижтимоий ҳаётига оид кузатувлари ётади. У ўзининг «Фивлар курашмоқда» романида тасвирланган идеал ҳукмдор образи монархия тузуми шароитида ҳеч қандай воқеий асосга эга эмас эди. Инқилобдан кейинги тузум, барча сиёсий партияларнинг тақиқланиши, жумладан, Маҳфуз хайриҳоҳ бўлган Вафднинг ҳам тақиқланиши ёзувчи томонидан якка ҳукмдорлик тузуми сифатида тасвирланган эди. Ҳатто Совет Иттифоқида танқид остига олинган шахсга сиғинишнинг фош этилиши ҳам ёзувчи диққатидан четда қолмади.
Романдаги халқ манфаатларини ёддан чиқармаслик борасидаги чақириқ бевосита бугунги кунга қаратилган. Шуни кўзлаб романда инсоният тарихига сайр қилинади, хаёлнинг ғаройиб сайру-саёҳати тўқиб чиқарилади, бугунги кунни чуқурроқ ва асослироқ талқин қилиш учун тарих қаърига кириб борилади. Нажиб Маҳфуз ўтмишдан ҳозирги замон билан, кўзи олдида бўлаётган воқеалар билан баҳслашиш воситаси сифатида фойдаланади. У адолат манбаини халқ тимсолида кўрар экан, келажакда ижтимоий адолатнинг ўрнатишни халқни билимли қилиш билан боғлайди, билим халқни фаол ижтимоий кучга айлантиришга ишонади. У маълум даражада маърифатпарварлик позисиясида туради, лекин «ёрқин келажак» қачон келиши ҳақидаги масала тарихий планда эмас, балки эпик усулда, халқ романларига хос тарзда талқин этилади. 34
«Кўчамиз ривоятлари» романини ўзига хослиги унинг Миср тарихининг бурилиш даврида яратилгани билан боғлиқ. Кейинги бир неча йил келажакни белгилаб бериши, ижтимоий тараққиёт йўлларини излаш қизғин сиёсий ва мафкуравий курашлар муҳитида кечганини кўрсатиб бериш керак эди. Бу роман Маҳфузнинг шу давргача тўплаган ҳаётий ва ёзувчилик тажрибаси якуни сифатида унинг 60-йилларда ёзилган янги туркум романларида ўз ифодасини топган ғоялар, воқеликка бўлган муносабати сарчашмаси бўлиб хизмат қилди.
«Ўғри ва итлар» (1961) «Беданалар ва куз», «Йўл» (1964), «Гадой» (1965), «Нил устидаги сафсата» (1966), «Мирамар» (1967) романлари проблематикаси Мисрнинг инқилобдан кейинги даврдаги воқелиги билан боғлиқ. Бу асарларда ёзувчи яшаб турган жонли, жўшқин ҳаёт бадиий тадқиқ этилади. Маҳфуз «Кўчамиз ривоятлари»да чиқарган хулосаларини энди кундалик турмуш асосида яна бир синаб кўради. У, айни чоғда, ўзининг бу воқеликка, унинг келажак тақдирига бўлган муносабатини аниқлаб олишга ҳаракат қилади.
Барча ривоятлар, у ёки бу даражада ҳаёт йўлини танлаш билан боғлиқ, уларда ё қаҳрамон ўз шахсий ҳаёт йўлини белгилаб олади ёки бўҳронга йўлиққан, бурилиш нуқтасини бошдан кечираётган жамият ўз ривожланиш йўлини аниқлаб олади. «Кўчамиз ривоятлари»даги вазмин баён услуби 60-йиллар романларида драматик зиддиятларнинг шиддатли ривожи билан алмашинади. Бу романларда воқеаларни баён этиб, изоҳлаб турадиган, персонажлар хатти - ҳаракатини баҳолаб турадиган ҳикоячи йўқ. Уларда романга хос қаҳрамонларнинг тафаккури, атроф муҳитда, ўз ҳаётида рўй бераётган воқеаларни акс эттириш, баҳолаш даражаси юқори, психологик, субЪектив омилнинг аҳамияти ошган. Шунинг билан бирга персонажларнинг шахсий тафаккури жамиятнинг маълум бир типик гуруҳининг онгига мос тасвирланган бўлиб, қаҳрамон ижтимоий тип сифатида намоён бўлади. Бунинг оқибатида ҳаётий йўл танлаш муаммоси ҳам ижтимоий тус олади.
Шунингдек, қаҳрамон олдида кўндаланг бўлиб турадиган ахлоқий масала ҳам дунёқараш тусини олади, фалсафий мазмун касб этади, инсон ва парвардигор орасидаги муносабат, тангрининг нималиги масалаларини қамраб олади. Учинчи ўлчовнинг ифодаси бўлиш бу хислатлар романлардаги тимсоллар, образлар, номлар, жойларда ўз ифодасини топган. Бу нарсаларга «Кўчамиз ривоятлари»дагига кўра ҳам кўпроқ аҳамият берилган, чунки бу романлар фабуласи мавжуд воқелик асосига қурилган, воқеалар ҳаётдан олинган. Айнан ана шу тимсол, рамзлар воқеаларнинг туб, ички маъносини, «нимкоса»сини ифодалайди.
«Ўғри ва итлар», «Йўл», шунингдек, «Беданалар ва куз», «Нил устидаги сафсата» романларнинг кўп жиҳатлари шундан далолат берадики, Маҳфуз утопик сотсиализм ғояларини амалга ошириш, унинг кўнглини ўртаб юрган эътиқод ва шаккоклик муаммоси борасида мулоҳаза юритар экан, Достоевский ва Толстойни синчиклаб ўқиб чиқади. «Жиноят ва жазо», «Уруш ва тинчлик» Маҳфуз ўспиринлик чоғида ўқиб чиққан илк рус классикаси асарлари эди. Бу асарлар ўша чоғдаёқ унинг қалбида чуқур из қолдирганди. 1957 йилда Қоҳирада Достоевский асарлар тўплами босилиб чиқади, уни таниқли суриялик дипломат ва адиб Сами ад-Друби француз тилидан араб тилига ўгирган эди. Нажиб Маҳфуз буюк рус романнависи ижоди билан чуқурроқ танишиш имкониятига эга бўлди, Достоевскийнинг руҳий изланишлари ёзувчига жуда ҳам яқинлиги маълум бўлди, ватани тарихи унинг олдига қўйган саволларга жавоб топгандек бўлди. Гап тақлид устида эмас, балки биринчи навбатда, Достоевскийга хос ахлоқий қадриятларга суяниш, айрим образлар замиридаги рамзлар, фабуладаги баъзибир ўхшашликлар ҳақида кетмоқда.
«Ўғри ва итлар» сюжетини Маҳфуз газетадан олган эди. Маълумки, Ф. Достоевский ҳам чинакам ҳаётий драмаларга бой бу сюжет манбаидан фойдаланиб турарди. 1960 йилнинг март - апрел ойларида Қоҳирада чиқадиган «Ал-Аҳром» газетаси ўзининг собиқ сафдошларига қасддан бир неча қотиллик содир қилган Маҳмуд Амин Сулаймон исмли кимсанинг иши бўйича тергов материалларини эълон қилади.
Романда детектив жанр хислати яққол сезилиб туради. Асар қаҳрамони - ўғри Саид Маҳран қамоқхонадан чиқгач уни сотган собиқ сафдоши Илош Сидр ва ўзининг собиқ хотини, Илошга турмушга чиққан Набавиядан қасд олмоқликни дилига тугади. У ўзининг ғоявий муршиди ва устози - илгари камбағал талаба бўлиб, энди мамлакатда инқилоб бўлгач омади чопган журналистга, зўр шахсий вилла эгасига айланган Рауф Алвон билан орани очиқ қилмоқчи бўлади.
Асарда Маҳфуз нуқтаи назаридан худди «Кўчамиз ривоятлари»да тасвирланганидек, умумий қонуниятни ўзида акс эттирадиган ҳолат тасвирланади, яъни ҳамма нарса яна ўз ҳолига қайтади, адолатли ижтимоий тузум учун олиб борилган кураш ғалаба билан тугаган ҳолда ҳам, бу ғалаба натижаси ўткинчи, мулк яна бир ҳовуч кишилар қўлида тўпланади, халқ эса қўлини бурнига тиқиб қолаверади. Рауф Алвон қўзғолончи студентдан шахсий бойликнинг ўтакетган ҳимоячисига айлангани каби одамлар ҳам ўзгаради, холос.
Саид Маҳран оддий ўғри эмас, у ғоявий ўғри. У ҳали ўспиринлик чоғида ана шу Рауф Алван унинг дилига бойлар мулкини ўғирлаш, топталган адолатни тиклаш, ўзининг ўғирланган нарсасини қайтариб олишдан ўзга нарса эмас, деган ғалат фикрни сингдирган эди. Маҳфуз алданган, хиёнатга учраган Саидга ачинади. Ёзувчи уни «адолатпарвар қароқчи», халқ адабиётининг анъанавий образи - мард ўғлон, камбағаллар ҳимоячиси ва бойлар душмани қилиб кўрсатмоқчи бўлади. Саид ўч олишни мақсад қилиб қўяр экан, ўзини ҳақ деб билиш билан чекланиб қолмайди, балки ўзини умумхалқ манфаати курашчисидек сезади. У агар ўзининг ана шу қарорини очиқчасига амалга оширса, одамлар уни қўллаб - қувватлашларига ишонади.
Романда Саид ўз қилмишларига берган бундай баҳодан ташқари яна бир баҳо - муаллиф баҳоси ҳам мавжуд. Бу баҳо муаллифнинг сюжет талқинидан, қаҳрамоннинг ҳатти-ҳаракати қандай оқибатларга олиб келишини тасвирлашидан келиб чиқади. Саид ўз душманларига қарата ўқ узар экан, икки гал ҳам адашади, гуноҳсиз одамларнинг умрига зомин бўлади. Бу «тасодифий» хатолар ортида Маҳфузнинг ахлоқий марраси сезилиб туради, унинг ҳатто адолат йўлида ҳам қон тўкишга қоралиши маълум бўлади. Бу эса Достоевский таъсиридан ўзга нарса эмас.
Романда муаллиф ровий сифатида намоён бўлмай, балки матн, асосан, қаҳрамоннинг ички монологи шаклида баён қилинган бўлса ҳам, асар тўқимасида унинг иродаси яққол билиниб туради. Саид Маҳран кириб қолган боши берк кўча уч нуқта орасида чекланган. Булар - шайх Гунедининг уйи, фоҳиша аёл Нурнинг хонаси ва Муаллим Тарзан қаҳвахонаси. Нур ўзининг Саидга бўлган садоқати, муҳаббати билан Соня Мармеладовани (Ф.Достоевский) эслатиб туради. Бу уч гўша муаллиф томонидан ўз қаҳрамонига таклиф қилган нажот йўлини ўзида мужассамлантиради.
Маҳфуз олдинги романида хулоса қилганидек, дин ижтимоий адолат масаласини ҳал қила олмайди. Саиднинг шайх Гунади билан қурган суҳбатлари икки карнинг ўзаро сўзлашишига ўхшайди. Нурнинг муҳаббати ҳам Саиднинг қалбига таскин бера олмайди, уни қасос фикридан қайтара олмайди. У учинчи йўлни, эскидан жамият сиқиб чиқарган одамларга удум бўлиб қолган қароқчиликни танлайди. Аммо бу йўл ҳам қалтис бўлиб чиқади, уни боши берк кўчага олиб киради.

«Кўчамиз ривоятлари» асарида Габалуининг фатвоси билан ҳаракат қилган эпик қаҳрамонларнинг корномаларини тасвирлар экан, Маҳфуз адолат йўлида куч ишлатиш тўғрилиги ғоясини ёқлаб чиққан эди. Габал ва Қосим олиб борган жангларда дарё - дарё қон тўкиларди. Аммо «Ўғри ва итлар» асарида реал ҳаёт воқелиги ҳақида сўз боради, Маҳфузнинг зўравонликка бўлган муносабати ҳам анча-мунча ўзгаради.


«Ўғри ва итлар» асарида куч ишлатиш мавзуси террор шаклида талқин этилади ва бу амал ёзувчи томонидан адолат учун олиб бориладиган курашнинг ғайри инсоний ва муваффақиятсиз тури сифатида рад этилади. Маҳфуз ўзининг 60 - йилларда ёзган бошқа романларида, жумладан «Гадой»да изчиллик билан «инқилоб ва поезия»ни қўшиб олиб бориш ғоясини илгари суради, жамиятни куч билан ўзгартириш усулларига қатъиян қарши чиқади. «Харафишалар эпопеяси»да (1977) эса, қашшоқ харафишаларнинг ҳокимиятга қарши қўзғолони қонли ва фойдасиз исён сифатида тасвирланади. Бу романда асотир ва воқелик чамбарчас боғланиб кетади, инсониятнинг бутун тарихи эса, ҳар бир одамнинг тақдири, муҳаббати, ғазаби, интилишлари ва азоб - уқубатлари тўхтатиб бўлмайдиган, узлуксиз вақт оқими сифатида тасвирланган. 35
Н.Маҳфуз ижоди билан кўплаб олимлар иш олиб борганлар.Жумладан, рус олималардан В.Кирпиченко, ўзбек олималаримиздан Г.Тошмуҳамедовалар, О. Мирсагатова ва б.
I боб бўйича хулосалар
Юқоридаги фикрлардан қуйидаги хулосага келамиз:

  • Роман янги давр адабиётининг эпик жанрнинг катта кўриниши ҳисобланади.36 Роман жанрининг тадрижий такомили, жанрининг динамикасини аниқлаш мураккаб вазифалардан эканлиги адабиётшунос олимлар учун янгилик эмас. Бунинг асосий сабаблардан бири сўнгги икки аср мобайнида етакчилик мавқеини эгаллаб турган бу жанр то ҳанузгача сирлилигича қолмоқда. 37

  • Романдан олдинги яъни унинг илк кўриниши ғарбда ўрта аср ритцарлари романи бўлса, араб адабиётида бу сира,мақома, достонлар бўлган.

  • 30-йиллар охиридан бошлаб Миср прозасида янги давр бошланди.38

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Шарқ бўйлаб феодал реаксияси ва колониал ҳужумга қарши қудратли тўлқин юзага келди. Шарқ мамлакатларида миллий мустақиллик қўлга киритилиши билан турмушнинг анъанавий шаклларини тубдан ўзгартириш, жамиятни ижтимоий қайта қуриш муаммоларини бутун кескинлиги билан юзага чиқди. Табиийки, ёзувчилар олдида бу мураккаб жараённи бадиий акс эттириш муаммоси турарди.

  • Миср романчилиги ҳақида гап борар экан,шубхасиз, Н.Махфуз ижодининг ўчмас ўрни бор.

  • Нажиб Маҳфуз бутун ижоди, умр бўйи адабиётга қилган беминнат хизмати билан бу мукофотга лойиқ эди. Ярим асрлик тинимсиз, фидокорона меҳнат натижасида қирқдан зиёд китоб дунёга келди, уларда ХХ аср араб насрининг изланиш йўллари кўзгудагидек ўз аксини топди. Нажиб Маҳфуз туганмас ижодий куч-қувватининг сири фақат унинг бебаҳо табиий истеъдодидагина эмас, балки ҳайратомуз ишчанлик қобилиятида, шахснинг теран фазилатида, адабиётнинг юксак маънавий-ахлоқий бурчига сўзсиз ишонч, одамларга ўз қалб сўзини, унинг таъсирчан кучини етказишидадир.

  • Адибнинг кўп жиҳатдан етилмаган уч илк романи ана шу кенг қамровли ёндашув туфайли ажралиб туради. Мисрнинг фиравнлари даври тарихидан олинган романлар сюжети ўрта аср халқ романи анъаналари руҳида ёзилган. 39 Бу жанрга хос мавзу ва сюжет йўналишлари, шунингдек, мумтоз араб шеърияти намуналари ва Қуръон ибораларидан кенг фойдаланилган. Айни чоғда қадимги афсоналарга замонавий руҳ берилиб, романларда 30-йиллардаги Миср учун долзарб бўлган миллий ва сиёсий муаммолар қўйилган.

  • Н.Махфуз трилогияси билан бутун дуньё адабиётидан ўрин эгаллади. Трилогия: 1) «Байн ал-Қасрейн» (1956). 2) «Қаср аш-Шауқ». 3) «Ас-Суккарийя» (1952). Ушбу трилогия Маҳфузнинг энг машҳур асари бўлиб, унга биринчи араб романнависи деган шуҳрат келтирган. «Трилогия»да 1917 йилдан 1944 йилгача бўлган Миср жамиятининг чорак асрлик тарихий ҳаракати яхлит таҳлил қилинади.



Download 131,22 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   18




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish