III. Электр ускуналарни ўчириш пайтида кучланиш йўқлигини текшириш. Кучланиш йўқлигини кучланиши кўрсатувчи асбоб ёрдамида текширилади. Уни ишлатиш олдидан ишга яроқлигини текширишга мўлжалланган махсус асбоб ёрдамида ёки яқин орада аввалдан кучланиш остида бўлган ток ўтказувчи қисмга яқинлаштириб текшириб олинади.
1000 В кучланишдан юқори электр ускуналарида кучланиш кўрсатувчи асбобдан диэлектрик қўлқоп кийиб фойдаланиш керак.
35 кВ ва ундан юқори кучланишли электр ускуналарида кучланиш йўқлигини изоляцион штанга билан уни ток ўтказувчи қисмга бир неча марта теккизиб текшириш мумкин. Кучланиш йўқлигини учқун чиқиш ва чирсиллаш аломатини йўқлигидан билса бўлади. Бир занжирли 330 кВ ва ундан юқори кучланишли электр узатиш тармоқларида кучланиш йўқлигини тожланиш овози аломати билинади.
Электростанция ва подстанцияларнинг электр ускуналарида кучланиш йўқлигини 1000 В кучланишдан юқорисида IV группага эга бўлган ва 1000 В кучланишгача бўлган ускуналарида III группага эга бўлган битта навбатчи ёки тезкор-таъмирлаш ходими томонидан текширишга рухсат этилади.
Электр узатиш тармоқларида кучланиш йўқлигини икки ишчи бажариши шарт:
- 1000 В кучланишдан юқори электр узатиш тармоқларида IV ва III группали;
- 1000 В кучланишгача бўлган электр узатиш тармоқларида III группали бўлишлари зарур;
Кучланиш йўқлигини схемага солиштириб жойида текшириш қуйидаги ҳолларда рухсат этилади:
- очиқтақсимловчи электр ускуналарида, ташқарида ўрнатиладиган комплект тақсимловчи электр ускуналар ва комплект трансформатор пунктларида, шунингдек электр узатиш тармоқларида туман, ёмғир, қор ёғаётган тақдирда махсус кучланишни кўрсатувчи асбоб йўқ, бўлган ҳолларда;
- 330 кВ ва ундан юқори кучланишли очиқ тақсимловчи электр ускуналари ва икки занжирли 330 кВ ва ундан юқори кучланишли электр узатиш тармоқларида;
Ҳаво ва кабел электр тармоқларининг киримларида кучланиш йўқлигини схемага қараб жойида текширилган тақдирда, буни тармоқнинг бошқаруви кимнинг ихтиёрида бўлса, ўша навбатчи тасдиқлайди.
Ҳаво электр тармоғида кучланиш йўқлигини схемага қараб жойида текшириш диспетчерлик номига мос келган тармоқни йўналиши ва ташқи белгисини ҳамда унинг устунларига ёзилган белгиларига қараб аниқлашдан иборат.
6-20 кВ кучланишли ёғоч ёки темир-бетон устунли электр узатиш тармоқларида, шунингдек телескопик минорада туриб ўзидан сиғим токи оқиши асосида ишланган кучланиш кўрсатувчи асбоб билан кучланиш йўқлигини текширганда, ушбу асбобни етарлича сезувчанлиги таъминланиши керак. Бунинг учун ушбу асбобни ишчи қисмини ерга улаш керак.
Симлари ҳар хил баландликда осилган электр узатиш тармоқларида кучланиш йўқлигини кучланиш кўрсатувчи асбоб ёки изоляцион штанга билан текшириш ва ерга улагичларни ўрнатиш энг пастдаги симдан юқорисига қараб бажарилиши шарт. Симлари горизонтал ҳолда осилган электр узатиш тармоқларида кучланиш йўқлигини текшириш энг яқин жойлашган симдан бошлаб бажарилиши керак.
Нейтрали ерга уланган 1000 В кучланишгача бўлган электр ускуналарида икки қутбли кучланиш кўрсатувчи асбоб ишлатилганда ўзаро кучланиш йўқлигини ҳам фазалар орасида, ҳам фазалар ораси билан ускуналарнинг ерга уланган корпуси ёки ерга уланган ноллари умумлаштирилган сим орасида текшириш керак. Олдиндан текширилган вольтметр ҳам ишлатишга рухсат этилади. Назорат лампасини қўллаш ман қилинади.
Коммутацион аппаратларнинг ўчганлигини хабар қилувчи ускуналар, блокировка ускуналари, доимий уланиб ишлаб турган вольтметрлар ва бошқалар фақат кучланиш йўқлигини билдирувчи қўшимча восита ҳисобланиб, уларнинг маълумотлари бўйича кучланишни йўқлиги тўғрисида хулоса чиқариш мумкин эмас.