Ижтимоий гуманитар фанлар соҳаси учун “кайта қуриш” уйғониш ва ҳурфикрлилик даври бўлиб хизмат қилди. Илгари мумкин бўлмаган мавзуларни ўрганишга қисман бўлса-да имкон яратилди. Фалсафа, тарих, айниқса, Ватан тарихини ўрганиш унинг услубиятига, “оқ доғлари”га доир масалалар фаол муҳокама этила бошланди. Ижтимоий-гуманитар фанларда жамият ва шахс масалалари, маданий мерос, тил муаммолари каби масалаларни ҳал этишга интилиш юзага келди. Бу масалаларга бағишланган илмий, айниқса, публицистик мақолалар газета ва журналлар саҳифаларида мунтазам босилиб турди.
Бироқ коммунистик мафкура яккаҳокимлиги шароитида мазкур масалаларни тўлиқ ҳал этиш мумкин эмас эди. Мустабид тузум миллий ўзликни англаш жараёнига тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатар, жамиятдаги мавжуд зиддиятлар, нуқсонлар, иллатлар аслида мустабид совет тузуми, коммунистик мафкура яккаҳокимлиги туфайли юзага келаётганлигини яширишга, ниқоблашга уринар эди.
“Қайта қуриш” йилларида ўзбек зиёлиларининг саъй-ҳаракатлари билан миллий-маданий меросни тиклаш, тарихий-маданий ёдгорликларни ҳимоя қилиш ва сақлаш, Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилган тарихий-маданий ёдгорликларни қайтариш муҳим масалалардан бирига айланди. Шу маънода, 1980- йилларнинг иккинчи ярмидан Ўзбекистонда “Мерос” дастури амалга оширила бошлади. Бу ҳаракат республика бўйлаб кенг ёйилди.
Жумладан, Ўзбекистон тарих ва маданият ёдгорликларини сақлаш Тошкент вилояти кенгаши ҳузурида тузилган янги ташкилот—“Бобур жамияти,” 1989 йилда биринчи жамоат экспедицияси сифатида ташкил этилган “Бобур йўли” илмий-маърифий уюшмаси, айни шу пайтларда Фарғонада фаолият кўрсатган “Фарғона маданиятини тиклаш,” Тошкент шаҳридаги 254-ўрта мактабда вужудга келган “Маданий меросга ихлос” марказлари халқимизда, айниқса ёшларда миллий ғурур, фахр-ифтихор, юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни таркиб топтиришда муҳим роль ўйнади.
“Қайта қуриш” йилларида бундай марказ, ташкилот ва уюшмалар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ташкил этилган эди. “Қайта қуриш” йилларида тарихий ва маданий ёдгорликларни сақлаш, муҳофаза этиш, айниқса, музейлар фаолиятини яхшилаш муаммоси энг муҳим масалалардан бири сифатида кун тартибида турди. Маълумки, музейлар халқ миллий ўзлигини англашда муҳим аҳамият касб этади. Бироқ “кайта қуриш” йилларида ҳам илгариги даврда бўлгани каби республика музейлари асосий эътиборни инқилобий-сиёсий, “социализмнинг афзалликларини” тарғиб қилишга қаратди.
Агар, 1985 йилда Ўзбекистонда 46 музей фаолият кўрсатган бўлса, 1989 йилга келиб улар сони 58 тага етди. Лекин, юқорида қайд этганимиздек, улар асосан ҳали ҳукмрон бўлиб турган коммунистик мафкуранинг “тарғиботчилари” сифатида фаолият кўрсатар эди. Аммо, шундай шароитда ҳам тарихий-маданий ёдгорликларни сақлаш масаласига бўлган коммунистик муносабат ўзгармади, ёдгорликларни ҳисобга олиш, муҳофаза килиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланишдек муҳим ва мураккаб жараёнга эътиборсизлик билан қаралди.1980-йилларнинг иккинчи ярмида Ўзбекистонда 9310 та тарихий ва маданий ёдгорлик ҳиco6ra олингани ҳолда улардан фақат 6466 тасигина (70%) давлат муҳофазасига ўтказилди, холос.
Яна шуниси таажжублики, миллий маънавиятнинг асоси бўлган ёдгорликларни сақлашга давлат томонидан арзимаган маблағ ажратилар, у ҳам бўлса йилдан-йилга камайиб борар эди. XX асрнинг бошларидан бошлаб адабиёт муайян маънода жамият ҳаётининг барометри бўлиб келган. Бу ҳол қайта қуриш йилларида айниқса яққол кўзга ташланди. Агар ўзбек адабиёти намояндалари сиёсий-ижтимоий тузумнинг “қош-қовоғи”га қарамай, уруш давридан эътиборан тарихий мавзуларга катта эътибор берган ва бу соҳада Ойбек, Миркарим Осим, Мақсуд Шайхзода каби ёзувчилар фаоллик кўрсатган бўлсалар, қайта қуриш йилларида тарихий мавзуларга эътибор янада кучайди. Жумладан, Мирмуҳсин шу йилларда “Темур Малик” романини эълон қилди. Муҳаммад Али “Сарбадорлар” романини, Азим Суюн шу номдаги драматик достонини яратди. Шу тариқа, тарихий мавзуларга ўзбек адабиётининг янги авлоди ҳам қўл ура бошлади.
Қайта қуриш даври тарихий мавзуда ижод этувчи ёзувчилар учун қанчалик кенг имконият яратганига қарамай, бир томондан, Ойбек, М.Осим, М.Шайхзода сингари ўзбек халқи тарихини пухта билган ёзувчиларнинг бу даврга етиб келмаганлиги, иккинчи томондан, П.Қодиров ва О.Ёқубов сингари ёзувчиларнинг бошқа юмушлар билан банд бўлиб бу мавзуда асар яратмаганликлари сезилди. Ёзувчилар, гарчанд қисқа вақт давом этган бўлса-да, совет жамияти ҳаётида бурилиш ясаган қайта қуриш даври имкониятларидан шу маънода етарли фойдалана олмадилар.
Аммо шу билан бирга қайта қуриш даври берган иккинчи муҳим имтиёз ошкоралик эди. Коммунистик мафкура ҳукмронлик қилган йилларда жамиятда кечаётган ҳаётий ходисаларни фақат шарҳловчи ёхуд ижобий буёқлар билан тасвирловчи асарларгина яратилди, холос. Ёзувчилар бу ҳодисаларга теран назар ташлаш ва бадиий таҳлил этиш имкониятига эга бўлмадилар. Шунинг натижасида совет воқелигини идеаллаштирувчи, реал ҳаёт ҳақиқатидан узоқ бўлган асарлар кўплаб майдонга келди. Ҳолбуки, совет даври нафақат айрим шахслар, балки бутун-бутун халқларнинг фожиаси билан тўла бўлган.
Қишлоқ хўжалигини жамоалаштириш сингари тадбирлар оқибатида қанчадан-қанча кишиларнинг ёстиғи қуриган. Миллий республикаларнинг ҳукуқлари топталиб, ҳатто уларнинг маҳаллий раҳбарлари ҳам ўз халқини, республикадаги ер ости ва ер усти бойликларини, халқнинг ақлий салохиятини ўзида мужассамлантирган юзлаб ва минглаб кишиларни ҳимоя қилиш имконига эга бўлмадилар.
Қайта қуриш йилларида берилган энг катта имконият совет жамияти ҳаётида юз берган ана шундай вокеаларга хушёр назар ташлаш, республика тарихининг сохталаштирилган ва нотуўғри тасвир этилиб келинган саҳифаларини қайта баҳолаш бўлди. Ёзувчиларнинг аксар қисми диққат-эътиборларини худди шу нарсага қаратдилар. 1950-йилларнинг бошларидаги қатағон қурбонларидан бири Шукрулло “Кафансиз кўмилганлар” хотира-романини ёзиб, унда совет тузумининг инсон ҳақ-ҳуқуқларини поймол этиш эвазига “янги тарихий бирлик”—совет халқини яратишга қаратилган аксилинсоний мақсад-моҳиятини очиб ташлади.
Шу йилларда майдонга келган қатор роман, қисса ва ҳикояларда совет жамиятининг қонли тарихи, сиёсий тузум томонидан мажақланиб ташланган тақдирлар ҳаққоний тасвирини топди. Ёзувчилар етмиш йиллик тарихий жараённи янги тафаккур асосида тасвир ва талқин этишга фаол киришдилар. Тўғри, шу йилларда совет жамиятининг яқин тарихини бир томонлама тасвирлаган “Жимжитлик” (Саид Аҳмад асари), “Чорраҳа” (Асқад Мухтор асари) сингари романлар хам пайдо бўлди. Аммо, аксар асарларнинг муаллифлари кечаги тарихнинг мураккаб ички зиддиятларини тўғри кўра ва акс эттира олдилар. Шу маънода, Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Лолазор,” Ўткир Ҳошимовнинг “Тушда кечган умрлар” романлари шу даврнинг адабий ҳаётида муҳим воқеа бўлди.
Агар бу асарларнинг биринчисида қайта қуриш даври арафасидаги республика ҳаёти, тўғрироғи, шу даврдаги айрим тарихий шахсларнинг фаолияти хаққоний тасвир этилган бўлса, иккинчисида совет даврида рўй берган айрим воқеаларнинг ақл ва заковат қонунидан четда кечганлигига урғу берилди. Ў.Ҳошимов романнинг марказий қахрамонини танлашда ҳам, мухим хаётий масалаларни талқин этишда ҳам янгича йўлдан борди. Чунончи, у афғон урушига ҳам, Иккинчи жаҳон урушига ҳам янги нуқтаи назардан ёндашиб, инсон табиати ва руҳиятининг сиёсий қолипларга тушмайдиган қирраларини очиб берди.
Умуман, қайта қуриш арафасида адабиётимизга кириб кела бошлаган оддий инсон образи бу даврда янги мазмун билан бойиди. Шу нарса муҳимки, агар адабиётимиз тарихининг олдинги даврларида ёзувчилар ҳаётий жараённинг етакчи тамойилларини акс этгиришга бирор мансабдор шахсни қаҳрамон сифатида жалб этишни лозим, деб билган бўлсалар, бу даврда худди шундай бадиий вазифани бажаришда оддий кишининг мураккаб такдиридан маҳорат билан фойдаландилар. Шу нуқтаи назардан қараганда, Омон Мухторнинг “Минг бир қиёфа” романи ҳам эътиборга сазовордир.
Романда олға сурилган ғоят истеъдодли кишиларнинг совет даврида ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариш имкониятидан маҳрум этилганини кўрсатишга қаратилган. Ёзувчи ана шу бадиий ниятини руёбга чиқариш учун реалистик тасвир усулига мистик тасаввурлар ва талқинлар оқимини олиб кирган. Замон Абдулла Ҳаким ва Бурбон Шариф каби кишиларни қиёфасиз ҳолга олиб келганини кўрсатиш оркали совет даврида иймонсизлик, эътиқодсизликнинг оммавий ҳодисага айланганини шу даврнинг бош фожиаси сифатида очишга эришган.
Шу йилларда ижод қилган А.Орипов, Э.Воҳидов, Ҳ.Худойбердиева, Ў.Ҳошимов, Ш.Холмирзаев, Х.Султонов, Тоғай Мурод, У.Азимов, Назар Эшонқул каби ёзувчи ва шоирларнинг шеърий асарлари, қисса ва ҳикояларида ҳам совет даври иллатларини фош этиш истаги устуворлик қилди. Чунончи, Э.Воҳидов “Донишқишлоқ латифалари” ҳажвий шеърлар туркумида, А.Орипов “Ранжком” достонида совет даврининг самараси бўлган жамият ва кишилар ҳаётидаги нохуш манзараларга китобхон эътиборини қаратди.
Қайта қуриш даври адабиётида публицистика етакчи ўринга кўтарилди. Гарчи бу даврда йирик насрий асарлар, шунингдек, ҳикоялар, шеър ва достонлар ҳам муайян миқдорда яратилган бўлса-да, публицистика ўзбек адабиётининг пешқадам жанрига айланди. Ошкоралик шиори остида республика матбуотида майдонга келган қатор мақолалар 1980-йилларнинг муҳим ижтимоий, иқтисодий, экологик, маданий ва маънавий масалаларини ўз қамров доирасига олди. Публицистика фақат партия съездларида кўтарилган масалаларни шарҳловчи ва шу баҳона Совет давлати ва коммунистик партия шаънига “ҳамду сано” айтувчи жанрдан воқеликнинг “чирсиллаб турган” муаммоларига жамият эътиборини қаратувчи, Орол фожиаси ва бошқа фожиалар тўғрисида бонг урувчи жанговар жанрга айланди.
Ҳали мустақиллик шамоли эсмай туриб, публицистлар ўзбек тилининг давлат тили мақомига эришиши учун курашни бошлаб бердилар. Аграр мамлакат бўлган Ўзбекистоннинг совет тузуми даврида экологик ҳалокат ёқасига келтирилганлиги публицистиканинг бош мавзуи сифатида намоён бўлди. Ў.Ҳошимов, Э.Воҳидов, А.Орипов, П.Шермуҳамедов, Муҳаммад Али, Хуршид Даврон, А.Иброҳимов, Дадахон Нурий, Тохир Қаҳҳор ва бошқалар шу йилларда ўзларининг публицистик чиқишлари билан ўзбек адабиётининг мамлакат тақдири учун куюнчаклик руҳини кучайтириб юбордилар. Адабиёт публицистиканинг фаоллашуви ҳисобига халқ ва мамлакат ҳаётига жиддий равишда кириб борди.
Ёзувчилар ва жамоат арбоблари публицистик чиқишлар билангина чекланиб қолмай, шу йилларда СССР халқ депутатлари съездларида ҳам ўзбек халқининг тарихий тақдирига алоқадор муҳим муаммоларни кўтариб чиқдилар. Уларнинг шу даврда қилган катта хизматларидан бири Бўстонлиқда стратегик аҳамиятга молик бўлган ҳарбий заводнинг қурилишига қарши халқни уйғотиши ва бу қурилиш билан боғлиқ фалокатнинг олдини олиши бўлди.
Шу давр адабий ҳаракатида рўй берган инқилобий воқеа қатағон қурбонлари ҳақидаги тарихий ҳққиқатнинг тикланишидир. Маълумки, Совет давлати ўз тарихининг дастлабки давридан бошлаб узлуксиз равишда миллий кадрлар, олимлар, адабиёт ва санъат арбоблари сафини “тозалаб келган.” Ана шундай “тозалаш” кампаниялари натижасида Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Элбек, Усмон Носир сингари қатағон қурбонларигина эмас, балки ўз ажаллари билан вафот этган М.Бехбудий, А.Авлоний, А.Алавий сингари ўнлаб ёзувчилар ҳам “халқ душмани”деб эълон қилинди ва улар адабиётимиз тарихидан сунъий равишда чиқариб ташланди.
Коммунистик партиянинг XX съездидан (1956 йил) кейин бегуноҳ қамалган қатор ёзувчилар оқланганига қарамай, Чўлпон ва Фитрат сингари ёзувчиларнинг адабий хизматларини тиклаш осон бўлмади. Совет тузумининг махаллий “посбонлари” уларнинг ижодкор сифатида оқланиши ва асарларининг халққа қайтарилишига тиш-тирноқлари билан қаршилик кўрсатдилар.
Қайта қуриш ва ошкоралик даврида ўзбек адабиёти эришган энг салмоқли ютуқлардан бири номлари юқорида қайд этилган ана шу жабрдийда ёзувчилар ижодининг қайта баҳоланиши бўлди. Зикр этилган ёзувчиларнинг “оқланиши” билан улар адабиётимиз тарихидаги қонуний ўрнини эгалладилар ва уларнинг асарлари газета ва журнал саҳифалари орқали халққа қайтарилди. Шу тарзда М.Беҳбудий, А.Авлоний, Фитрат, А.Қодирий, Чўлпон, Элбек сингари ёзувчиларнинг асарлари ва улар тўғрисидаги мақолалар мунтазам равишда эълон этилиб борилди. Айни пайтда бу ёзувчилар ижоди умумтаълим мактабларининг адабиёт дастурларидан қонуний ўрнини ҳам топди.
Шу тариқа, қайта қуриш даврида ўзбек адабиёти янги изга тушиб, ҳаёт ҳақиқатини тасвирлаш, ҳаётий жараённинг яширин жиҳатларига эътиборни қаратиш, яқин ва олис ўтмишни марксча-ленинча догмалардан ҳоли ҳолда акс этгириш йўлидан ривожлана бошлади. Айни пайтда у ўзининг жанговар руҳини тиклаб, жамият ва халқ ҳаётининг пассив кузатувчисидан фаол курашчига айлана борди.
Ўзбекистон маънавий маданиятида театр санъатининг ўрни ва роли муҳимдир. 1980-йиллар ўрталаридан бошлаб, қайта қуриш туфайли театрда “реал ҳаётга” мурожаат қилиш ҳоллари кўрина бошлади. М.Бобоев, Шукрулло, С.Аҳмад, Р.Абдуллаев ва бошқалар асарларида маъмурий-буйруқбозлик даврида республикада пайдо бўлган ва шаклланган муаммолар танқид қилинди, ўтмиш маданий мероси, халқ тарихи, пахта яккаҳокимлиги, экологик муаммолар каби халқни ташвишга солаётган ижтимоий масалаларга қизиқиш кучайди. Айниқса Ш.Бошбековнинг “Темир хотин” асарида биринчи бор муҳим ижтимоий масала лар устида фикр юритилди.
Қашкадарё вилоят мусиқали ва драматик театридан ёш, иқтидорли режиссёр А.Абдуназаров бошчилигида бир гуруҳ санъаткорларнинг ажралиб чиқиб, янги “Мулоқот” театр студиясини ташкил этиши театр санъатида демократик жараёнларнинг бошланганлигидан далолат берар эди. Бироқ театр санъати, умуман олганда, жуда чуқур буҳронли ҳолатда эди. Бунинг сабаби театр ва томошабин, репертуар муаммоларида эди. Мазкур санъат турининг табиий ривожланишига, айниқса унга коммунистик мафкуранинг тазйиқлари, унинг ижтимоий буюртмаси катта тўсиқ бўлган эди. Натижада республика театрлари ўз томошабинларини йўқота бошлади.
Масалан, 1985 йилда Ўзбекистондаги 30 та театрга 4802 минг томошабин ташриф буюрган бўлса, бу рақкам 1989 йилга келиб 4387 мингга тушиб қолди. Бу шароитда театр ўз томошабинини “қидириб” қишлоқларга боришга ва асосан концерт дастурлари билан маблағ ишлашга мажбур бўлар эди. Биргина 1988 йилда республика театрлари 5534 концерт тлмлшалари билан чиқдилар. Бу эса ўз навбатида спектакллар сифати ва сонига салбий таъсир қилди. Хусусан, 1989—1990 йилларда ҳаммаси бўлиб 43 саҳна асари яратилди, холос.
Театр санъатида буҳронни юзага келтирган сабаблардан яна бири маданиятда миллийлик ва байналмилаллик нисбатининг бузилиши эди. Масалан, 1980-йиллар ўрталарида Ўзбекистон театрлари репертуарларига киритилган 600 та пьесадан атиги 55 тасигина маҳаллий драматург, адибларнинг асарлари эди, холос. Муқимий номли ўзбек давлат мусиқали драма театрида анъанавий қўйиб келинган “Тоҳир ва Зуҳра,” “Фарҳод ва Ширин,” “Нурхон,” “Лайли ва Мажнун,” “Тошболта ошиқ” каби саҳна асарлари ўрнига “Полтавалик Наталка,” “Боядеро,” “Чури,” “Мовий Дунай,” “Хотинимнинг эри,” “Ёлғончи даркор” каби қатор таржима асарларнинг пайдо бўлишини шу маънода тушуниш лозим.
Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган театрлар сони бу ерда истиқомат қилаётган миллатлар сонига нисбатан ҳам тўғри келмас эди. Масалан, 1989 йилда Озарбайжонда бир рус театрига 10 та озарбайжон тилидаги, Арманистонда эса бир рус театрига 18 та арман театри тўғри келган бўлса, Ўзбекистонда бу рақам 9—18 тани ташкил этар эди Бошқача сўз билан айтганда, шу йили Ўзбекистонда истиқомат қилаётган 1653 минг рус аҳолисига 9 та рус театри тўғри келган ҳолда, 14,1 млн.ли ўзбек аҳолисига 18 та миллий тилдаги театр тўғри келар эди. Бу салбий ҳолатлар табиий ҳолда аҳолининг норозилигига сабаб бўлар, театрга бўлган қизиқишини пасайтирар эди.
“Қайта қуриш” сиёсати маданий-маърифий муассасалар фаолиятига ҳам таъсир қилмай қўймади. Бу, айниқса маданий-маърифий муассасаларнинг моддий-техника базаси масаласига, айниқса тааллуқли эди. Маданият соҳасига маблаг сарфлашнинг “қолдиқ” принципи туфайли 1985—1990 йилларда маданият масканлари сонининг камайиши кузатилди. Масалан, кўрсатилган даврда республикада клублар сони 55 тага, кутубхоналар сони эса 93 тага камайди. Бинобарин, Ўзбекистонда маданий-маърифий мақсадлар учун аҳоли жон бошига 1989 йилда 3,6 сўм пул ажратилди, холос.
Бу рақам иттифоқ республикалари орасида энг паст кўрсаткич эди. Юқорида келтирилган рақамлар мазкур масаланинг фақат ташкилий жиҳатлари эди. Маданий-маърифий муассасалар ҳаммадан кўпроқ мазмун жиҳатдан оқсаётган эди. “Қайта қуриш” маданий-маърифий муассасалар ишида бир оз жонланиш содир этгандек бўлди. Ўтказилаётган тадбирлар мазмуни ўзгара бошлади, илгари мумкин бўлмаган мавзулар хусусида фикр юритиш имкони туғилди, кишиларда ижтимоий фаоллик жонлана бошлади.
Аммо, 1985—1990 йилларда давлат расмий сиёсатининг ўзгармай қолиши, қайта қуриш туфайли пайдо бўлган “эркинлик” клублар, кутубхоналар ишини етарли даражада жонлантириш учун камлик қилди, улар мазмунидаги “сиёсийлашув” яна авж олди. Маданий-маърифий муассасалар ҳукмрон сиёсий кучнинг ижтимоий буюртмасини яна бажарищда давом этди. Бу эса аҳолининг клублар ишидан безишига олиб келди. Юқори ташкилотлар турли сунъий йўллар билан улар ролини оширишга, иш фаолияти мазмунини бойитишга ҳаракат қилдилар. Лекин уюштирилган суҳбатлар, маърузалар эски қолипда, коммунистик андозалар асосида тузилганлиги сабабли улар зерикарли бўлди ва маданият муассасалари фаолияти сифатига салбий таъсир қилди. Натижада клублар, ҳашаматли маданият саройлари яна “эгасиз” бўлиб қолди.
Миллий маънавий маданият таркибида тасвирий санъатнинг ўрни алоҳидадир. Қайд этиш лозимки, 1980-йиллар, айниқса, унинг иккинчи ярмида тасвирий ва ифодали воситаларни бойитиш ва янгилаш, ижодий изланишларга қизиқиш ортди. “Қайта қуриш” йилларида, айниқса, рассомлар ижодида миллий бадииятга хос бўлган ифода воситаларига эътибор, азалий анъанавий руҳий қадриятларга интилиш кучайди. Тасвирий санъатда миллийлик руҳи билан бир қаторда авангард йўналишлари (символизм, модернизм ва бошқа)га ҳам эътибор берилди. Бу В.Охунов, М.Тўхтаев, Ш.Бобожонов, А.Икромжонов, Ж.Умарбеков, Б.Жалолов, И.Исаев, А.Мирзаев ижодига тааллуқлидир.
“Қайта қуриш” йилларида замонавий воқелик, сиёсий ҳаёт ва муҳит, демократик ҳаракат ва сўз эркинлиги туфайли тасвирий санъатга ёш ижодкорларнинг кириб келишини жадаллаштирди, янги изланишлар ва ғояларни ифодалаш билан бойитди. Рассомлар сафига А.Ҳазратов, А.Умаров, Х.Ҳасанов, К.Одилов, Ш.Қўзиева, Б.Шодиева каби кўплаб ёш ижодкорлар қўшилди. Уларнинг асарларида Афғонистондаги қонли уруш фожиаси, табиатга етказилган зарар, Орол денгизининг қуриб бориши, пахта яккаҳокимлигининг салбий оқибатлари каби ижтимоий муаммолар ўз аксини топди, маънавий қадриятларга етказилган путур, уларнинг топталгани ҳақидаги дард-алам билан ифодаланган асарлар яратилди.
М.Тўхтаев, В.Охунов, Т.Аҳмадалиев, А.Нуриддинов, Р.Қодиров каби санъаткорлар асарлари ёрқин рамзий ифода воситалари орқали теран ва чуқур фалсафий маъноларга бой бўлди. Шундай қилиб, 1980-йилларнинг ўрталаридан бошланган “қайта қуриш” ўзбек миллий маданиятида мавжуд бўлган муаммоларни ҳал эта олмади, аксинча, уларни янада кескинлаштириб юборди. Чунки “қайта қуриш” маданият борасидаги мустабид совет тузуми сиёсатини тамомила инкор этиш асносида юз бермади, аксинча, илгариги сиёсат янги шаклда, эски мазмунни мустаҳкамлаш тарзида давом этди. Шунинг учун ҳам, “қайта қуриш” миллий маданият такдирида айтарлик даражада ижобий роль ўйнамади.
Do'stlaringiz bilan baham: |