Хулоса Курс ишини ёритиш жараёнида олиб борилган тадқиқотлар натижасида қуйидаги хулосаларга келинди:
Соф монополия - бу битта сотувчи ва кўп харидорлар қатнашган бозор, ёки ўрнини босадиган товар бўлмаган товарни сотадиган ягона сотувчи бўлган бозор вазияти, ёки тармоқда ягона ҳукмрон фирма бўлиб, фирманинг ишлаб чиқариш ва сотиш чегараси тармоқ чегарасига тенг бўлган бозор. Соф монополия ва рақобатлашган бозор бир-бирига тескари бозорлар ҳисобланади.
Олигополия - бу бозор тизимида бирор бир товарни сотишда чекланган фирмалар ҳукмронлик қилади.
Монопол рақобат бозори тўлиқ рақобатлашмаган бўлиб, унда қатнашадиган фирмалар сони кўп бўлиб, уларнинг ҳар бири ўз товарлари нархини маълум чегарада назорат қилади, яъни улар кичик бўлса ҳам монопол ҳокимиятга эга.
Монопсония - харидор битта бўлиб, сотувчилар кўп бўлган бозор.
Агар бозорда монополист- сотувчи билан монополист харидор учрашса, бундай ҳолда икки томонлама монополия бўлади.
Агар тармоқда фақат иккита фирма фаолият кўрсатса, бундай олигополик хусусий ҳолга дуополия дейилади. Агар биз бозор таклифи ва талабининг ҳар хил шаклдаги вариантлар комбинациясини қарасак, бозор тизимлари сони янада кўпаяди.
Фирма монопол ҳокимиятга эга бўлади, қачонки у ўзининг сотадиган товари нархига таъсир қилаолса, яъни ўзгартираолса. Монопол ҳокимият даражаси ушбу товар ўрнини босувчи товарнинг мавжудлиги ва товарнинг бозордаги улуши билан белгиланади. Монопол ҳокимиятга эга бўлиш учун фирманинг соф монополист бўлиши шарт эмас. Фирма маҳсулотига бўлган талаб чизиғи рақобатлашган бозордагидай гаризонтал бўлмасдан, пастга ётиқ бўлиши кифоядир. Агар талаб чизиғи пастга ётиқ бўлса, фирма таклиф ҳажмини ошириб ёки камайтириб, маҳсулот нархини ўзгартириши мумкин.
Рақобатлашган бозорда фирма максимал фойда олади, агар у чекли даромад чекли харажатга тенг ҳолатни таъминлайдиган ҳажмда маҳсулот ишлаб чиқарса, Бундай маҳсулот ҳажми оптимал бўлади. Монополист ҳам шу оптимал ишлаб чиқариш шартига амал қилиши керак бўлади. Соф монополист товарига бўлган талаб ҳам бозор талаби ҳисобланади. Монополист ўз товари нархини оширса унга талаб камаяди ва аксинча, монополист товар нархини туширса унга талаб ортади.
Худди шундай соф монополист таклифи ҳам бозор таклифи ҳисобланади. Масалан товар ишлаб чиқаришнинг ўзгарувчан харажатлари ошса, монополист максимал фойда олиш учун товар ҳажмини қисқартиради. Таклиф ҳажмининг қисқариши ва харидорлар ўртасида рақобатнинг мавжудлиги товар нархини оширади.
Монополистнинг мақсади максимал фойда олиш бўлса, у товар нархини хоҳлаганча ошира олмайди. Нарх ошиши билан маҳсулотга талаб камайиб боради, нарх ошиши маълум даражага етганда умумий даромад умумий харажатни қопламайди. Монополист қандай нарх стратегиясини тутишини билиш учун даромаднинг нархга кўра талаб эластиклиги билан қандай боғлиқлигини эслаш зарур бўлади. Талаб чизиғининг эластик бўлган қисмида нархнинг пасайиши умумий даромадни ўсишига олиб келади , эластиклик бирга тенг бўлганда умумий даромад максимумга эришади (MR=0), эластик бўлмаган қисмида нархнинг пасайиши умумий даромадни пасайишига олиб келади . Шуни тушунган монополист талаб чизиғининг эластик бўлмаган қисмида ҳаракат қилмайди.
Иқтисодиётда хусусий сектор ва тадбиркорликнинг жадал ривожланиши учун шарт-шароитларни яратиш орқали бозорда уларнинг сонини кескин кўпайтириш йўли билан монополист корхоналарнинг бозордаги мавқеини чеклаш борасидаги муаммолар:
маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ер майдонларини ажратишда тўсиқлар, қишлоқ билан шаҳар ҳудудларида ер майдонлари ажратишдаги тўлов (ставкалари)да дифференциаллашган ёндашувнинг мавжуд эмаслиги;
архитектура-режалаш топшириғини (арт) ишлаб чиқишга кетадиган харажатларнинг юқорилиги;
экологик экспертиза хулосасини олиш бўйича белгиланган ставкаларнинг юқорилиги ва шартларини мураккаблиги;
кичик корхоналарнинг инновацион фаолиятини рағбатлантириш мақсадида венчур фондларининг мавжуд эмаслиги;
кредит олишда кафолатлаш механизми ёки фондини мажвуд эмаслиги;
кичик корхоналар учун саноат ҳудудларини яратиш бўйича ишларнинг сустлиги;
Рақобатлашмаган бозорларни тартибга солишда давлатнинг фаол аралашуви талаб этилади. Жумладан:
Давлатнинг монополияни чеклаш ва рақобатни қўллаб-қувватлашга оид қонунчилик актларини такомиллаштириш.
Монополияни чеклаш ва рақобатни қўллаб-қувватлаш давлат органлари фаолиятини кучайтириш.
Монопол ҳокимиятга эга корхоналар устидан давлат ва жамоат назоратини кучайтириш.