Иқтисодиёт сиёсати инструментлари
Бозор иқтисодиёти шароитида иқтисодиётни пул-кредит воситалари орқали тартибга солиш қонунчилик, ижро этиш ва назорат қилиш хусусиятидаги тадбирлар тизимидан иборат бўлади.
Бунда иқтисодиётни пул-кредит воситалари орқали тартибга солишнинг объектив имконияти иқтисодий ривожланиш, ишлаб чиқариш ва капитал тўпланиши маълум даражага эришгандагина вужудга келади. Ҳозирги шароитда иқтисодиётни пул-кредит воситалари орқали тартибга солиш такрор ишлаб чиқариш жараёнига тегишли бир қатор вазифаларни ҳал қилишга қаратилгандир. Булар жумласига барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, иш билан бандликни тартибга солиш, тармоқ ва минтақавий тузилмалардаги ижобий силжишларни қўллаб-қувватлаш, экспортни рағбатлантириш кабиларни киритиш мумкин.
1994-2001 йиллар мобайнида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки олдида иқтисодиётда ўсиб бораётган тўлов маблағларига бўлган эҳтиёжни оптимал даражада қондириш ва айни пайтда инфляциянинг монетар омиллари таъсирини чеклаш мақсадида пул массаси ўсиши суръатларини назорат қилиш масалалари турар эди. Шу билан боғлиқ равишда бу даврдаги пул-кредит сиёсати ҳукумат ва Марказий банк томонидан биргаликда қатъий чекланган курс асосида юритилиб, у ҳам молиявий тизимни барқарорлаштиришга, ҳам республика иқтисодиётининг устувор ва кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган эди.
Пул-кредит воситалари ва усулларини ислоҳ қилиш тактик ва стратегик вазифаларни ажратишга асосланади. Стратегик вазифа шаклланган бозор иқтисоди амал қилаётган мамлакатлар учун хос бўлган, пул-кредит назоратининг умумий қабул қилинган воситаларидан фойдалана бошлашдир. Ушбу мақсадга эришиш узвий равишда бир қатор босқичлар орқали амалга оширилади. Монетар тартибга солиш воситаларини такомиллаштиришни босқичларга бўлиш ўтиш даврининг муайян тарихий босқичларини ҳисобга олиш зарурати билан белгиланади.
Банк тизимининг тараққиёти аниқ белгиланган мақсад, вазифалар ва тамойилларга асосланади. Ушбу мақсад, вазифа ва тамойиллар республика иқтисодиётини ислоҳ қилиш жараёнида умумиқтисодий масалаларни ҳал этиш билан боғлиқдир.
Ўзбекистон Республикаси банк тизимини кенг кўламли ислоҳ қилиш жараёнида муҳим институционал ва тузилмавий ўзгаришларга эришилди. Икки босқичли банк тизими яъни, Марказий банк ҳамда мулкчиликнинг турли шакллари асосида тижорат банклари тизими ташкил этилди ва ривожланмоқда. Бундан ташқари банкларимизнинг етакчи хорижий банклар билан ҳамкорлиги йилдан-йилга кенгаймоқда.
Сўнгги йилларда президентимиз томонидан банк тизимига катта эътибор қаратилаётганлиги, шунингдек, тижорат банклари капиталлашувини янада жадаллаштириш борасидаги фармонларига мувофиқ қилинаётган сай-ҳаракатлар натижасида корхона ва ташкилотлар томонидан инвестицияларга бўлган талабнинг маълум даражада ўсишига эришилди.
Шунингдек, ликвидлилик устидан қатъий назорат ўрнатилганлиги ва бу асосда макроиқтисодий муҳитнинг етарли даражада ривожланаётганлиги банк тизими фаолиятини нақадар тўғри йўлга қўйилганлигидан далолат беради. Демак, банк тизимининг кейинги тараққиёти иқтисодиётнинг реал тармоғидаги ижобий ўзгаришлар, корхоналарнинг молиявий ҳолати ҳамда макроиқтисодий муҳитнинг яхшиланиши билан боғлиқдир. Бундай ижобий муҳитни банк тизимига, айниқса, Марказий банк фаолиятига давлат ташкилотларининг аралашувини чеклаш ва улар мустақиллигини таъминлаш орқали вужудга келтириш мумкин.
Шу нарса характерлики, ҳозиргача пул-кредит воситаларининг туркумланиши борасида ягона бир йўналиш мавжуд эмас. Лекин, шу билан бирга кўпчилик иқтисодчи олимлар қуйида келтирилган воситаларни асосий пул-кредит сиёсати инструментлари сифатида қайд этадилар.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки пул-кредит сиёсатини амалга оширишда қуйидаги инструментлардан фойдаланади:
Мажбурий захиралар сиёсати;
Ҳисоб ставкалари сиёсати;
Очиқ бозордаги операциялар сиёсати;
Валюта сиёсати ва шу кабилар.
Мазкур усуллар жаҳон банклари амалиётида тан олинган асосий усуллар ҳисобланиб, уларнинг қўлланиши ҳар бир давлатда турлича бўлиши мумкин. Масалан, AҚШ да кўпроқ очиқ бозордаги усуллар қўлланилса, Германияда кўпроқ мажбурий захиралар қўлланилади. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Марказий банкининг муомаладаги пул массасини тартибга солишда асосан мажбурий захиралар инструментидан фойдаланилмоқда.
Маълумки, пул-кредит сиёсатининг инструментлари ёрдамида пул массасининг ўсиш суръатлари тартибга солинади. Бу эса ўз навбатида, инфляция суръатларини муттасил пасайтириш имконини беради.
Ўзбекистонда миллий валюта киритилгунга қадар пул-кредит сиёсатидаги муаммолар.
Ўзбекистон Республикаси ўз давлат мустақиллигини эълон қилганидан сўнг, мустақил пул-кредит ва фискал сиёсатни юритиш имкониятига эга бўлди. Ўзбекистон
Республикаси хукумати, Марказий банки ва Молия вазирлиги оддида мамлакатимиз олдида турган барча иқтисодий муаммоларни тезда бартараф этиш чорасини ишлаб чиқиш масаласи кўндаланг бўлиб турарди.
Бу эса. Ўз навбатида бир неча муаммоларни зудлик билан эчишни тақозо этарди:
Ўз миллий валютамизни киритиш;
Мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришни жадаллаштириш;
Ўзбекистон манфаатига ва бозор иқтисодиёти талабларига мос янги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни жорий қилиш;
Янги банклар тизимини яратиш, яъни икки поғанали банк тизимини яратиш;
Тўлов баланси ва бюджет тақчиллигини бартараф этиш, инфляцияни жиловлаш ва уни мумкин қадар пасайтириш;
Бозор инфратузилмасини яратиш ва хорижий давлатлар билан алоқаларни ўрнатиш;
Хорижий инвестицияларни жалб қилиш;
Ишлаб чиқаришнинг пасайишини тўхтатиш ва макроиқтисодий барқарорликка эришиш ва ҳ.к.
Маълумки, республикамиз мустақилликка эришгандан сўнг айнан бозор муносабатларига мос банк тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг учун республика хукумати ва Марказий банк томонидан жуда катта ишлар амалга оширилди ҳамда этарли даражада ҳуқуқий ва иқтисодий асос яратилди.
Шунинг учун ҳам мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб иқтисодий соҳада қуйидаги мақсадлар белгилаб олинди.
миллий бойликнинг кўпайишини таъминлайдиган барқарор, ривожланиб борувчи иқтисодиётни барпо этиш;
ижтимоий жиҳатдан йўналтирилган бозор иқтисодиётини босқичма-босқич шакллантириш;
мулк эгалари хуқуқларининг давлат юли билан ҳимоя қилинишини таъминлаш ва барча мулк шаклларининг ҳуқуқий тенглигини қарор топтириш;
иқтисодиётни ўта марказлаштирмасдан корхоналар ва ташкилотларнинг мустақиллигини кенгайтириш, давлатнинг хўжалик фаолиятига бевосита аралашувидан воз кечиш ва бошқалар.
Мустақиллик қўлга киритилганидан кейин Ўзбекистон иқтисодиётида ҳам бошқа МДҲ, давлатларидаги каби савдода эркин нархларга ўтилиши муносабати билан савдо ва тўлов тизимидаги номутаносибликлар натижасида макроиқтисодий номутаносибликлар вужудга келди. Чунки, 1991-1994 йилларда МДҲ ва Болтиқбуйи давлатларида, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам қийин иқтисодий ва молиявий вазият вужудга келган эди. Ушбу даврда шиддатли инфляция ва ишлаб чиқаришнинг пасайиши давом этар эди.
Ўзбекистонда ишлаб чиқариш пасайишининг юқорида қайд этилган мамлакатларга нисбатан сезиларсиз даражада бўлиши ўзига хос хусусиятга эга эди. Чунки, Ўзбекистон бой табиий хом ашё ресурсларига - рангли металлар, газ, нефт ва пахта хом ашёси эга бўлиб, уларнинг асосий қисми экспорт қилинарди.
Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб, ҳукуматимизнинг сиёсати мамлакатни аграр иқтисодиётдан саноатлашган иқтисодиётга айлантиришга, импортнинг ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга замин яратишга юналтирилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |