6-расм 2020 йилги таълим харажатлари
Ижтимоий нафақалар, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ва компенсация тўловлари харажатлари 8,5 трлн. сўмни ташкил этиб, бу тасдиқланган параметрларга солиштирганда 30 фоизга кўпдир.
2020 йилда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга моддий ёрдам бериш, болали оилаларга барча турдаги ижтимоий нафақаларни тўлаш, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, болаликдан ногиронларга нафақалар тўлаш, шунингдек уй-жой коммунал хизматларни тўлаш бўйича компенсация тўловларини амалга ошириш имконини беради.
Бунинг натижасида:
ҳар ойда ўртача 70 мингга яқин оилага бола туғилгани учун нафақа тўлаш билан боғлиқ харажатларга – 370 млрд. сўм;
ҳар ойда ўртача 286 мингдан ортиқ болаликдан ногиронлар нафақа тўловларига – 1 512 млрд. сўм;
105 мингга яқин пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қариялар ва меҳнатга лаёқатсизлар нафақа тўловларига – 340 млрд. сўм;
ҳар ойда ўртача 1 600 мингга яқин пенсионерларга ун ва қолипли нон учун қўшимча харажатларининг компенсация тўловларига – 947 млрд. сўм;
ҳар ойда ўртача 595 мингдан ортиқ нафақа олувчиларга ун ва қолипли нон учун қўшимча харажатларининг компенсация тўловларига – 357 млрд. сўм;
264 мингдан ортиқ оналарга бола икки ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш учун бериладиган нафақа тўловларига – 1 368 млрд. сўм;
265 мингтадан ортиқ 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа тўловларига – 785 млрд. сўм;
65 мингдан ортиқ кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўлаш билан боғлиқ харажатларга – 288 млрд. сўм йўналтирилади.
Бундан ташқари, аҳолини қўллаб-қувватлаш, пул тўланадиган жамоатчилик ишларига, тадбиркорликка кенг жалб этиш асосида бандликни таъминлаш мақсадида Жамоат ишлари жамғармасига 550 млрд. сўм, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига 350 млрд. сўм, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасига 120 млрд. сўм ажратилиши кўзда тутилган. Шунингдек, шаҳар транспортларида имтиёзли тарифлар билан хизмат кўрсатишдаги йўқотишни қоплаш учун жами 407 млрд. сўм миқдорида маблағлар ажратиш кутилмоқда.
Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Темир дафтар”га киритилган 410 мингга яқин оилаларда яшовчи ногирон ҳамда боқувчисини йўқотган вояга етмаган ёшдаги болаларга ҳар бирига 500 минг сўмдан Давлат бюджетидан жами 454 млрд. сўм маблағ ажратилди.
Аҳолининг муҳтож қатламларини арзон уй-жойлар билан таъминлаш учун 2020 йилда қишлоқ жойларда ва шаҳарларда кўп квартирали уйларни қуришни молиялаштириш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1,9 трлн. сўм ажратиш кўзда тутилган.
Давлат бюджетидан иқтисодиётга ажратилиши кутилаётган харажатлар 22 трлн. сўмни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3,7 фоизни ташкил этиб, жами харажатларнинг 14,7 фоизини ташкил этади.
2020 йилда Давлат бюджетининг тасдиқланган параметрларида марказлашган капитал қўйилмалари ҳисобидан 2 343 та объектларга 14,0 трлн. сўм маблағ ажратилиши белгиланган.
Жорий йилда COVID-19 пандемияси ва бошқа юз берган фавқулодда вазиятлар ҳолатидан келиб чиқиб, 2020 йилги ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури параметрларига ўзгартиришлар киритилди.
Жумладан, дастур параметрларидан 204 та объектлар учун ажратилган 2,7 трлн. сўм маблағ лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмаганлиги ва қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланмаганлиги сабабли мақбуллаштирилди ҳамда Давлат бюджети параметридаги тақсимланмаган ва иқтисод қилинган маблағларни қайта тақсимлаш орқали 170 та янги лойиҳаларга 0,4 трлн.сўм маблағ ажратилди.
Бундан ташқари, COVID-19 пандемияси оқибатларини юмшатиш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2 932 та объектлар учун 3,9 трлн.сўм ажратилиши кўзда тутилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларга ташрифлари, қабул қилинган фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш ҳамда COVID-19 пандемияси ва бошқа юз берган фавқулодда вазиятлар ҳолатидан келиб чиқиб марказлашган инвестиция харажатларига йил охирига қадар жами 15,6 трлн. сўм молиялаштириш кутилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |