1.2. Шаҳарлар ва демографик жараёнлар
Ўзбекистон мустақиллик йилларида аҳолисининг тез суръатлар билан ўсиши шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг кўпайишига олиб келди. Аҳоли орасида тиббий маданиятнинг шаклланиши, аёлларнинг иш билан бандлиги туғилиш ўлим жараёнига ўз таъсирини ўтказди. Гўдаклар ва оналар ўлими камайиб, туғилиш кўрсаткичлари ҳам пасайиб бориши кузатилди.
1-расм.
Расм маълумотларига кўра республика аҳолисида туғилиш кўрсаткичи 35,0 промилледан 21,0 промиллега пасайиб бориши кузатилган. Табиий ўсиш кўрсаткичи эса 29,0 промилледан 16,0 промиллега тушган. Шундай бўлсада, аҳоли сони 33 миллиондан ошган. Бунинг асосий сабаби тиббий хизматнинг тўғри йўлга қўйилиши, аҳолинининг тиббий маданияти шаклланиши, умр давомийлик ёшининг ортиши аҳолининг йил сайин кўпайиб боришига олиб келмоқда.
Республика кўламида урбанизация юқори бўлган Наманган вилоятида шаҳарда иш билан банд бўлганлар улуши анча юқори. Агар қишлоқ аҳолисини иш билан бандлиги вилоятлар бўйича ўрганиб чиқиладиган бўлса, бу суст урбанизациялашган Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида юқори эканлиги аён бўлди. Умуман олганда, мамлакат ҳудуди бўйича иш билан банд бўлганларнинг тақсимланиши ишлаб чиқариш кучларининг ҳудудий тузил-масини акс эттиради. Республика бозор муносабатларига кириши давомида ишлаб чиқаришда меҳнатни ташкил этишнинг янги шакллари тобора кўпроқ роль ўйнайди. Бу аҳолини иш билан таъминлашни ўсишига олиб келади. Бозор муносабатларининг ривожланиши ижтимоий ишлаб чиқариш соҳалари ўртасида ва уларнинг ичидаги эмас, балки мулкчилик шакллари ва меҳнатни ташкил этиш турлари ҳамда мамлакат ҳудудлари ўртасида иш билан бандларини қайта тақсимланишига кўмаклашади.
Шаҳар фаолият шакллари ва мулкчилик шакллари бўйича иш билан бандликни тақсимланиши ўрганиб чиқилаётган даврда бир қанча омиллар, шу жумладан, иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар, давлат тасарруфидан чиқариш, хусусийлаштириш, ишлаб чиқариш кучларининг ҳудудий жойлашишининг ўзгариши, демографик вазият ва бошқалар таъсирида ўзгаради. Ноишлаб чиқариш соҳасида иш билан бандликни энг умумий тенденциялари қуйидагилардан иборатдир:
- молиявий ресурслар етишмаслиги (илм-фан ва илмий хизмат кўрсатиш, маданият ва санъат, бошқарув) туфайли келиб чиққан иш билан бандлик даражаси ошишининг унчалик юқори эмаслиги;
- бюджетдан молиялаштиришдаги қийинчиликларга қарамай, иш билан бандлик даражасини асосан сақланиб қолиши (соғлиқни сақлаш, таълим);
- жамият учун ниҳоятда зарур соҳаларда (уй-жой коммунал хўжалиги, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш ва бошқалар) иш билан бандликнинг кенгайиши сабабли ҳодимлар сонининг кўпайиши.
Ўзбекистон туб аҳолисининг миграциясига мойиллиги жуда кам. Маҳаллий аҳоли айниқса, хорижий мамлакатларга кўчишга интилмайди. Аҳолининг миграциясига кам мойиллик хусусиятлари собиқ Иттифоқ даврида аниқ мақсад сари йўналтирилган. Марказий Осиё давлатларига, Ўзбекистон мунтазам равишда турли йиллар ва даврларда руслар, украинлар, яҳудийлар, татарларнинг катта оқими жўнатилиб турилди. Республикага турли хил халқ вакиллари корейслар, немислар, қрим татарлари, турклари, чеченлар кўчирилиб келтирилди.
Ҳозирги кундаги ташқи миграциянинг манфий қолдиғини асосан Европа миллатларига хос бўлган аҳоли ташкил қилмоқда. Масалан, 1991-2011 йилларда Ўзбекистон шаҳар аҳоли манзилгоҳларидан 356,8 минг руслар, 32,3 минг украинлар, 55,5 минг яҳудийлар, 22,6 минг немислар 108,0 минг татарлар кўчиб кетишди. Республикамиздан 1991-2012 йилларда жами 1,5 млн. киши кўчиб кетди, 500 минг киши кўчиб келди. Шундай қилиб, миграциянинг манфий қолдиғи 10 млн. кишини ташкил этди. Ўзбекистоннинг ушбу йиллардаги ташқи алоқалари асосан Россия, Украина ва қўшни Марказий Осиё республикалари билан бўлди. Миграцияда қатнашганларнинг жами Россия ҳиссасига 50,9 фоиз, Украинага 12,9 фоиз, Қозоғистонга 10,9 фоиз бошқа Марказий Осиё республикаларига 13,2 фоиз тўғри келди. МДҲ давлатларидан ташқаридаги хориж мамлакатлари ҳиссасига 8,4 фоиз тўғри келди. Ўзбекистон аҳолиси ташқи миграциясининг манфий қолдиғи кўрсаткичларидан Россия ҳиссасига 62,0 фоиз, Украинага 20,4 фоиз, бошқа хорижий мамлакатларга 15,8 фоиз тўғри келди. Ташқи мигрантларнинг асосий кўпчилигини руслар, татарлар, қрим татарлари ва яҳудийлар ташкил қилади.
Ўзбекистон аҳолисининг иш билан таъминланганлик даражасига республикадаги ички миграция оқимлари ҳам бевосита таъсир кўрсатади, чунки миграциянинг ушбу тури бозор иқтисодиётига ўтиш шароитида ўзига хос хусусиятларга эга бўлди. Мустақиллик йилларидаги социал-иқтисодий ислоҳотлар таъсирида республикалараро миграция алоқаларида ҳам пасайиш рўй бермоқда. Ушбу ҳолат вилоятлараро ҳамда вилоят ичидаги миграция ҳаракатларига ҳам хосдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |