БОЛАНИНГ ОТАСИ ЙЎҚМИ?
Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Қандайдир сабабларга кўра бола отасиз, она қарамоғида ўсиши мумкин. Бунга сабаб ҳар хил. Ота вафот этган, ёки эру хотин муросаси келмай, ажралишган. Агар шундай ҳолат сизда бўлса, сира ҳам ўксиманг. Яратганнинг ўзи унга ота ролини бажараверади. Ҳеч қачон бола оч-наҳор қолмайди. У бизга жуда меҳрибон. Қимирлаган жон борки, ризқини Ўзим етказаман, деган.
Бундай болалар ҳаётни жуда эрта тушуна бошлайдилар. Оқу қорани, яхши-ёмонни эрта фарқлайдилар. Айниқса, ўзи пул топишнинг уддасидан чиқишга ўрганади. Албатта, она агар пулдор бўлиб, пулга кўмиб ташламаса, шундай бўлади. Болани пул топишга ўргатишнинг ёмон томони йўқ. Лекин илм олишдан воз кечмаган ҳолда ўргатилади.
Қишлоқ шароитида бекорчи боланинг ўзи йўқ. Тонг саҳардан мол-қўй боқади, ўт ўриб келади. Деҳқончиликда ва бошқа ишларда ҳам ёрдам беради ота-онасига. Эсимда, ёшлигимда 13-14 ёшлардаги қизлар бир автобус бўлиб, пиёз ўтоққа адирга борардик. Ўйин-кулги, ҳазил-мутойиба билан ишлардик. Ким кўп ва тез бажариш ўйнардик. Бу бизга қийин меҳнат бўлиб туюлмас эди ўшанда. Ва ҳар куни биз тонг саҳарда яна шошар эдик ишга. Ўшанда ўн кунлик иш ҳақимни олганимда бирам қувонган эдимки. Шунинг учун бўлса керак, ҳар доим қўшимча даромад топишга ҳаракат қиламан. Яшаш яхши, яхши яшаш унданам яхши. Лекин фақат ҳалол йўл билан топилган даромадда барака бўлади.
Шу тобда марҳум Ҳожибой Тожибоевнинг концертида-ги қуйидаги мулоҳазалари эсимга тушди. «Биз болалари-мизни туғилиши билан аравачасига соламиз. Сўнгра велосипед олиб берамиз. Ундан сўнг машина олиб берамиз. У пақ этиб уриб олади-да, шунақа бўлиб қолди-да, деб тураверади. Бели оғриб пул топмаган-да. Чет элда эса, отаси миллионер, велосипед обермаяпти боласига, ўзинг ол деб. Боласи пул ишлаб топиб келиб, ялинибди: Жон дада, юз цент бериб туринг, етмай қолди, пулингиз ачиб ётибди-ку. Шунда ҳам миллионер ота бермабди: Бу пулларни мен ишлаб топганман, бугун бўлмаса эртага оларсан. Ўзинг ишлаб топ».
Буни аскиядек эшитиб, маза қилиб куламиз. Замирида қанчалар маъно борлигини эса ҳаммамиз ҳам тушуниб етмаймиз. Гўё миллионер ота бизга хасис, зиқна инсондай, биз эса сахийдек туюламиз. Зеро, осонлик билан, меҳнат қилмай эришилган нарсанинг лаззати бўлмайди ва қадрига етилмайди. Мустақил ҳаётга қадам қўйгач эса, ўз уддасидан ҳам чиқа олмай, фарзандини ҳам боқа олмай, ота-онасига юк бўлиб юраверади. Қариган чоғида оладиган нафақа пули ҳам ўзига тегмайдиган ота-оналар кам дейсизми. Бир умр меҳнат қилиб, бола-чақа боқиб, уй-жой қуриб, ҳеч бўлмаса давлат бераётган нафақани ҳам ўзи учун сарфлай олмаса, нима дейиш мумкин.
Болангизнинг отаси бўлса нур устига нур. Агар отаси бўлмаса ҳам ҳечқиси йўқ. Фақат сиз унга шундай тушун-тиринг: «Отаси йўқларга Аллоҳнинг ўзи отадир. Сен қўрқ-май олға қадам ташлайвер. Яратган Эгам сен билан бирга. Ҳамма орзу-ниятларингни, эҳтиёжларингни фақат Ундан сўра. У сен билан бирга. Сени ҳар доим, ҳар жойда қўллаб-қувватлайди. Сен унга ва ўзингга ишон».
Фарзандингизда ўзига бўлган ишончни тарбияланг.
Do'stlaringiz bilan baham: |