* * *
Менинг истеъдодли шоир дўстим ниҳоят бир қизни севиб қолди. Биз бугун бирга кинога борамиз. Мен бўлажак келиннинг дугонасини зериктирмаслигим керак.
Саломлашамиз. Яъни, мана бундай: улар менинг ҳали қуриб улгурмаган ялтироқ бўйинбоғимга қараб жилмайиб қўйишади. Бу — қалайсиз, дегани.
Мен уларнинг белидан юқориси нафис кўйлакларига қарай олмай хўрсинаман. Қизлар шоир оғайнимнинг озғин бўйнига имо
қилишиб қиқирлашади.
Уларни бир амаллаб Эскижўвага топшириб, тангаларимизни жаранглатиб метрога чопамиз. Дўстим менинг ёқамга ёпишади: қалай бизнинг қаллиқча?
Бўлмайди, дейман. У сени истаган куни ташлаб кетиши мумкин! Қишлоғингга кет, дейман.
У кетади. Уйига эмас — Узоқ Шарққа. Кейин уёқдан менга хатлар кела бошлайди. Аё дўстим, осмоннинг охирини топдим.
Осмоннинг охири Узоқ Шарқда — денгизнинг ёқасида экан!..
Шоир ярим йилдан сўнг, ярим кечада устимга бостириб келади. Кайфи тароқ — эгнида чарм куртка. Чўнтак тўла пул. Уйни балиқ хиди тутиб кетади.
Биласанми, Нилу—(Нилуфар) эрга тегаётганмиш. Тўйига таклифнома юборибди...
Тўйга бормасликка кўндираман. У туни билан ухламай ёзган шеърини конвертга жойлаб бевафо қаллиқчасига жўнатамиз.
Шоир Узоқ Шаркдан фақат балиқ ҳиди эмас, янги мақол ҳам олиб келган эди. У деярли ҳар куни мендан сўрайди: Нега мен сени ўзимга дўст тутдим, биласанми?
Ким учундир жонимни беришим мумкин бўлиши учун!.. Одам дунёга бир марта келади, дўстим.
* * *
Кенг бир ўтлоқ бўлса. Атрофинг кўм-кўк майса. Осмон тип-тиниқ. Майсага ястаниб ётсанг-у... ўлиб қолсанг!
Бедазорда ана шундай хаёл суриб ётсам, қанотлари оппоқ бир капалак келиб, елкамга чордона қуриб ўтириб олди. Салом,
оғайни. Нега кайфиятинг ёмон?
Чарчадим, дедим унга. Яшашдан чарчадим. Капалак бир хўрсиниб жўнаворди.
Қизиқ, унда ҳам бола-чақа бормикин? Капалакнинг капаси қаерда?
Нега шундай ожиз ва нафис жонзот ҳам одамдан юқорида учиб юради.
Бақувват ва вазмин нарсалар ҳамиша оёқ остида бўлишадими? Демак, одам оғир-босиқлиги учун хорми?
Енгилтак ва хушомадгўй кимсаларни шунинг учун ошиғи олчи экан-да...
«Фикрларингизни жиловлаб олинг, улар ҳамма нарсанинг бошланишидир».
Ҳалиги капалакнинг қанотидаги ёзув бу.
Танишганимдан хурсанд эдим. Тонгда мен уни боғда кўрдим. Атиргулнинг шохида. Кечаги тушкун ҳолатим учун уялдим. Узр сўрамоқчи бўлдим.
Аммо кечикдим.
Атиргулдан юмалади капалак,
Бир силкиниб қўймади ҳам гул шохи. Жон талашиб, қум ялади капалак,
Кўчди менинг кўксимга ҳам титроғи.
Мен ундан Осмоннинг охири қаерда деб сўрамоқчийдим.
Ахир, буни фақат ўша қаноти ожиз қуш билиши мумкин эди-да...
Do'stlaringiz bilan baham: |