Осмоннинг охири қаерда, дедим бир донишга. У миқ этмади. Менга жуда ёқди бу жавоб.
Осмоннинг охири йўқ, ахир!
Ирмоқнинг охири дарё. Дарёнинг охири денгиз. Осмоннинг эса охири йўқ.
Йўл четида юмалаб ётган тошни тепдим. Тошдан садо чиқмади.
Худога солдим, дегани бу.
Олма шохига осилиб деворга чиқдим. Тўкилган мева қумурсқаларга эрмак бўлди. Тўкилган девор тупроғи эса
гуноҳимга гуноҳ бўлиб қўшилди. Тунда пахсакаш чол тушимга
кирди. Менинг ширин уйқум бузилди. Худди эски девор бузилганидай...
Уйқунинг охири — ўлим. Ўлимнинг охири эса йўқ. Бўлса ҳам, ҳеч ким унга етган эмас.
Ахир, ўлим бу ҳамма нарсанинг охири-да. Одамнинг умри гоҳо ерда ётган қоғозча ҳам эмас.
Эрталаб ишга кетаётиб кўрган қоғозингни кечда қайтишда ҳам кўришинг мумкин. Эрталаб кўрган одамни эса ҳамиша кечқурун кўравермайсан.
Чумоли чумолини ўлигини ташийди. Бия қулунидан кўз узмай ўтлайди.
Оқибат фақат одамларда етишмайди. Ер одамни боқади. Кийинтиради.
Одам эса бир кун уни саҳрога айлантиради.
Сув одамнинг мардикори: ҳосил беради, тегирмон юргизади. Одам уни ўйламайди.
Дунёдаги ҳамма нарса одамга яқинлашиши билан ўзлигини йўқотади.
Одам одамга яқинлашганда ҳам топганидан йўқотгани кўпроқдир...
Офтоб қаерга ботади, дейман бобомга. Осмоннинг охирига, дейди у. Офтоб осмоннинг охирига бориб ботмайди, балки йиғлайди.
Дунёдаги барча йўлларнинг охири — йиғи. Дунёнинг охири — қиёмат ҳам йиғи.
Одам йиғи нималигини англаб етгунича яқинлари оламдан ўтган бўлади.
* * *
Кўрпангга қараб оёқ узат, дедим ўзимга ўзим бир куни.
Кейин ўйланиб қолдим. Ким айтган экан бу гапни биринчи марта. Эҳтимол, Одам Ато Момо Ҳавога айтгандир. Йўқ, бу яқин кишилар бир-бирига айтадиган гап эмас. Бу гап кўрпаси бир одамларнинг гапи эмас.
Бинобарин, Одам Ато билан Момо Ҳавода кўрпа нима қилсин?.. Ибтидоий одамлар тери ёпиниб ётишган.
Кулларнинг кўрпаси тупроқ бўлган. Феодаллар кўрпа талашишмаган.
Демак, бу ҳам капитализм иллати!
Чақалоқ учун ҳамма нарсанинг боши-охири Она кўкраги.
Офтобни чақалоққа ўхшатиш мумкин бўлса, унинг боши
осмоннинг кўксида. Хўш, Осмоннинг боши кимнинг кўксида? Тоғларнинг боши Ернинг кўксида.
Ернинг боши-чи?.. Билмайман. Билмаганимдан хижолат ҳам эмасман. Бу ёруғ дунё аслида «билмайман» деган сўздан иборат. Мен қачон туғилганимни айтиб беришган.
Мен қачон юришни ўрганганимни ёлғиз онам билади. Қачон тилим чиққанини ҳам.
Мен биринчи шеъримни қачон ёзганимни ўзим билмайман. Хўш, қани ким айтади, охиргисини қачон ёзаман?..
Билиб туриб бировга озор беришдан ёмони йўқ. Ўзинг ҳам билмасдан бировга яхшилик қилишдан ортиқ яхшилик йўқ. Шеър ёзиш ҳам ўзинг билмай бировга яхшилик қилишдай гап.
Ҳақиқий шеърият ҳамиша оёқ остида. Мисралар қулунлар каби тупроққа ағанаб ётишибди. Тур, тойчоқ, чопамиз, десанг бас. Биз ҳар замон бир оёқ остига боқиб шеър топамиз. Кейин унинг
чангини қоқамиз ва қанча кўп қоқсак — шунча кўп шеър йўқотамиз...
Барча буюк зотларнинг буюклиги ҳам хокисорлигидир!
Do'stlaringiz bilan baham: |