ФИҒОН
Қайлардасан ўзинг, қанисан элим,
Сен кимнинг бир парча жонисан элим? Боболаринг кимдир, момоларинг ким, Сен қачон ўзингни танийсан, элим?..
Осмон тўла юлдуз армонларингми,
Сенинг бор бисотинг достонларингми? Алпомиш аталмиш ботиринг қани, Улуғбегинг қани, Бобуринг қани?
Қани буюк Аҳмад Яссавийларинг,
Румийлардан қолган маснавийларинг? Улар кечиргайми гуноҳларингни, Унутмагил улуғ Синоларингни...
Кулиб кун чиқадур, йиғлаб кун ботар, Навоий Ҳиротда беэга ётар.
Юзларин ёритар тунда ой балқиб,
Машраб Балх дорида турибди қалқиб.
Ким эдингу энди ким бўлдинг бу дам, Сени таниёлмай аждодинг мулзам,
Сен на йиғлагайсан, сен на кулгайсан, Фарзандларинг қабри қайда билмайсан
Қайлардасан ўзинг, қанисан элим, Сен қачон ўзингни танийсан, элим?.. Чўғ остида қолган кулдайгинасан, Отинг бору ўзинг йўқдайгинасан!
КЎРМАДИМ
У йўргакдан бу йўргакка ялангтўш, Кўчармизда, ўзга илож кўрмадим. Келарда ҳам, кетарда ҳам қўли бўш,
Кўмик бошда кўкарган тож кўрмадим.
Кўрдим, ғариб ётар не-не даҳолар, Узилган жон, кўмилган муддаолар. Чопонлар бор, йўқдир енгу ёқолар,
Терилган қош, тўкилган соч кўрмадим.
Қатор тўғри — қаторда йўқ хато ҳам, Ётар ўрли, ётар Одам Ато ҳам.
Баробардир бунда шоҳу гадо ҳам, Бировни тўқ, бировни оч кўрмадим.
Тотувликда баҳору ёз ўтади, Бунда бирин бири эъзоз этади.
Талашмоқ йўқ — барига жой етади, Бунда "сурил", бунда "қоч-қоч" кўрмадим.
У бешикдан бу бешикка ялангтўш, Кўчармизда, ўзга илож кўрмадим. Келарда ҳам, кетарда ҳам қўли бўш,
Кўмик бошда кўкарган тож кўрмадим. Қизил бўри, кўк қалдиргоч кўрмадим.
ЙИГИРМАНЧИ АСР
Фарҳодлар видеога мўлтираб ўсар, Ширинлар бир-бирин сочини кесар. Шудгорни ким кечар,
Дарёни ким тўсар...
Йигирманчи аср, бу қандай гап ахир?
Фасллар айланар, битта фасл йўқ, Қаҳратон кечиккан кузга урар дўқ. Аъзои баданинг снаряду ўқ,
Йигирманчи аср, бу кандай гап ахир?
Нима дейсан яна газеталарга, Қанотли, қанотсиз ракеталарга,
Кўзингга термулган планеталарга... Йигирманчи аср, бу қандай гап ахир?
Йўлдошни қучоқлаб йиғлайди осмон, Кемалар пойида титрайди уммон.
Эрта ер юзида ким қолгай омон,
Йигирманчи аср, бу қандай гап ахир?..
Юлдузлар ёнидан ҳайда зоғларни, Кундузлар ёнидан ҳайда доғларни, Ер ютса бўлмасми урушқоқларни,
Йигирманчи аср, бу қандай гап ахир?
ТИНЧЛИК — шудир менинг энг тансиқ сўзим, Овутиб яшайман ўзимни-ку, ўзим,
Кўзимга жавдирар бир яшар қизим... Йигирманчи аср, бу қандай гап ахир?!
Do'stlaringiz bilan baham: |