Тезкор жавоб ва янги шароитларга мослашиш. Тошкентнинг сўнгги бир неча йилдаги саъй-ҳаракатлари кўрсатишича, Ўзбекистон ҳукумати ўзгаришларга тезкор жавоб қайтаришга ва бозорда пайдо бўлаётган талабларга мослашишга интилмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда қисқа муддатда онлайн платформалар яратишдай вазифалар амалга оширилди, бу Хитой билан барча соҳаларда ҳамкорликни кучайтиришда ёрдам беради. Қозоғистонда бундай платформани яратиш зарурлиги ҳақида турли даражаларда доимий тарзда гапирилади, бироқ муаммо ҳануз ҳал бўлгани йўқ.
Сайёҳларни жалб қилиш. Ўзбекистон ҳукумати туризм соҳасини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратмоқда. Пандемия сабаб хитойлик сайёҳлар келиши анча-мунча камайиб кетди. Жорий йилнинг 1-чораги ҳисоб-китобига кўра, Хитойдан 3700 киши (жами сайёҳларнинг 0,3 фоизи) Ўзбекистонга келган, 2019 йилда эса ушбу кўрсаткич 61,9 минг кишини ташкил қилган эди. Шунга қарамай, Ўзбекистоннинг туризм потенциали Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида энг юқорилигича қолмоқда.
Хавфсизлик масалаларидаги воситачилик. Хитой минтақада хавфсизликни таъминлаш ва Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш масалаларида Ўзбекистонни ишончли воситачи сифатида алоҳида ажратиб кўрсатади. Ўзбекистон билан Хитой хавфсизлик идоралари вакиллари афғон муаммоси бўйича тобора кўпроқ учрашув ва маслаҳатлашувлар ўтказмоқда. Ушбу соҳасидаги муносабатлар динамикасига қараб, Хитой, Ўзбекистон ва Афғонистон иштирокидаги афғон муаммосини ҳал этиш бўйича қандайдир платформа ташкил этилишини бемалол кутиш мумкин. Шу тариқа Пекин тўрт томонлама механизм (Хитой, Тожикистон, Покистон, ва Афғонистон) қаторида Марказий Осиё мамлакати билан бирга хавфсизлик муаммоларини ҳал этиш учун яна битта механизмга эга бўлиши ҳам мумкин.
Ўз навбатида, Хитой Афғонистон йўналишидаги Ўзбекистон ташаббусларини қўллаб-қувватлаши эҳтимолдан холи эмас. Хусусан, Хитой Афғонистон ҳудуди орқали Ўзбекистонни Покистон билан боғлайдиган транспорт-логистика ва энергетика лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиш билдирмоқда.
Шунинг баробарида Ўзбекистон томони Хитойдан қурол-яроғ ва техника сотиб олмоқда. Тошкент 2017 йилдаёқ Хитойдан бир неча ҳаво ҳужумидан мудофаа комплексини харид қилган эди. Давлат раҳбари 2017 йил май ойида Хитойга сафари чоғида ушбу мамлакат аэрокосмик илмий-саноат корпорацияси (CASC) раҳбарияти билан учрашгани бежиз эмас. CASC бошқа фаолият турлари қатори қурол-яроғ ишлаб чиқариш билан ҳам шуғулланади, жумладан, бошқариладиган ракеталар ишлаб чиқаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |