2-савол баёни. Корхоналар хўжалик-молиявий фаолиятида юзага келадиган рискларни камайтиришнинг жаҳон тажрибасини кенг ўрганган ҳолда амалиётда қўллаш бўйича асосий эътиборли жиҳатларни тадқиқ этиш долзарб аҳамиятга эга. Корхоналар молиявий рискларни бошқариш жараёни ўзига хос босқичлардан иборатдир.
Корхоналарда молиявий рискларни бошқариш жараёнининг биринчи босқичида молиявий рискларни бошқаришга доир асосий йўналишлар яъни, корхона фаолиятига таъсир этувчи ташқи ва ички омилларни аниқлаш, рискларни бошқаришга доир аниқ мақсадларни белгилаш ҳамда рискка мойилликни аниқлашдан иборат бўлади. Кейинги асосий босқич рискларни баҳолаш босқичи бўлиб, бунда алоҳида қуйи босқичлар тизими ишлаб чиқилиши лозим:
1. Рискларни аниқлаш. Корхона молиявий менежерлари корхона хўжалик-молиявий фаолияти хусусиятларидан келиб чиққан, корхонада юзага келиши мумкин бўлган рискларни уларнинг тавсифи, вужудга келиш манбалари ҳамда якуний натижа ва оқибатларини аниқлаши муҳим аҳамият касб этади.
2. Рискларни тахлил қилиш. Ҳар қандай корхона раҳбари ёки молиявий менежерининг асосий функцияларидан бири рискларни тўғри таҳлил қилиш асосида бошқарув қарорларини қабул қилиш ҳисобланади. Рискларни баҳолашнинг ушбу босқичида корхонада юзага келиши мумкин бўлган рискларни тўғри англаган ҳолда унинг даражасини аниқлаш лозим бўлади.
3. Рискларни баҳолаш. Ушбу қуйи босқичда юқорида амалга оширилган кетма-кетлик вазифалардан сўнг, рискни баҳолашнинг самарали усулини танлаш ва амалиётга тўғри татбиқ этиш лозим бўлади. Рискни баҳолаш усулини амалиётга жорий этиш билан бир қаторда, қабул қилинган қарорларнинг корхона стратегиясига мувофиқлигини назорат қилиш керак.
Рискларга муносабат. Молиявий рискларни бошқариш жараёнининг ушбу босқичида, асосий эътибор рискларни камайтириш механизмига қаратилиши лозим. Рискларнинг камайтиришда корхона мавжуд имкониятларидан келиб чиққан ҳолда аниқ йўналишларини белгилаш, рискларни шерикларга ёки суғурталаш орқали тақсимлаш, юзага келган рискларнинг салбий оқибатларини тўхтатиш ҳамда рисклардан қочиш борасида аниқ чора-тадбирларни жорий этиш зарур бўлади.
Молиявий рискларни бошқариш жараёнининг барча босқичларида, корхона томонидан ташқи консалтинг (суғурта, аудит, солиқ ва ш.к.) хизматларидан кенг фойдаланган ҳолда маслаҳатларни амалга ошириш, корпоратив тузилмалар билан ўзаро муносабатларни олиб бориш ҳамда юқоридаги барча босқичларда амалга оширилаётган ишларнинг натижалари ва самарадорлигини мониторинг ва назорат қилиб бориш талаб этилади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда мамлакатимизда фаолият юритаётган кўплаб акциядорлик жамиятлари, суғурта компаниялари умуман, корпоратив тузилмаларда молиявий рискларни бошқариш механизмини ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши лозим.
Бундай мақсадга эришишда қуйидаги вазифаларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ: корхоналарда бошқарувнинг ташкилий тузилишини ишлаб чиқиш жараёнида молиявий рискларни бошқариш бўйича алоҳида йўналиш ташкил қилиш; корхоналарда молиявий рискларни бошқариш сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ қилиш; корхоналар молия-хўжалик фаолиятидан келиб чиққан ҳолда, алоҳида операциялари бўйича рискларни баҳолаш тизимини амалиётга татбиқ этиш; акциядорлик жамиятлари томонидан эмиссия қиланаётган корпоратив қимматли қоғозларнинг даромадлилик ва рисклилик даражасини халқаро амалиёт тажрибаларидан хисоблаш механизмини такомиллаштириш; корхонада рискларни камайтиришда диверсификацилаш ва суғурталаш механизмини ривожлантириш лозим.
Аввал таъкидлаганимиздек, корхоналар фаолиятида асосий эътибор берилиши лозим бўлган масалалардан бири рискларни бошқаришдир. Бугунги кунда рискни бошқариш жараёни қуйидаги асосий босқичларни ўз ичига олади:
Корхонанинг стратегияси ва мақсадни белгилаш.
Рискни аниқлаш.
Рискни баҳолаш.
Рискни бошқаришни чоралари, усулларини танлаш ва жорий қилиш.
Амалга оширилган ишларни самарадорлигини назорат қилиш.