11-модда. Микромолия ташкилотининг фаолиятини тўлов ташкилотлари томонидан амалга ошириш Микромолия ташкилоти фаолиятини тўлов ташкилотлари ҳам тўлов ташкилоти тўғрисидаги маълумотларни микромолия ташкилоти фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар реестрига киритиш воситасида Марказий банкда ҳисоб рўйхатидан (бундан буён матнда ҳисоб рўйхати деб юритилади) ўтганидан кейин амалга оширишга ҳақли.
Микромолия ташкилоти фаолиятини амалга оширувчи тўлов ташкилотларига ушбу Қонунда микромолия ташкилотлари учун қуйидагиларга нисбатан назарда тутилган талаблар қўлланилади:
уларни ташкил этишга, шунингдек филиалларни очишга;
иштирокчилар (акциядорлар) таркибини ўзгартиришга;
ҳисоб рўйхатидан ўтиш тартиб-таомилларига;
фаолиятни амалга оширишга;
нобанк кредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилишни амалга оширишга, шу жумладан пруденциал нормативларга риоя этишга;
микромолия ташкилотлари хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга.
Ушбу Қонунда нобанк кредит ташкилотларининг фирма номига нисбатан белгиланган талаблар, нобанк кредит ташкилотларининг раҳбар ходимларига қўйиладиган малака талаблари, шунингдек ушбу Қонун 20-моддасининг биринчи қисмида ҳисоб рўйхатидан ўтиш учун ҳужжатларни тақдим этишга белгиланган муддат микромолия ташкилоти фаолиятини амалга оширувчи тўлов ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Микромолия ташкилоти фаолиятини амалга оширувчи тўлов ташкилоти ижро этувчи органининг аъзоларидан бири ушбу Қонуннинг 16-моддасида белгиланган, микромолия ташкилотининг ижро этувчи органи раҳбарига нисбатан қўйиладиган талабларга мувофиқ бўлиши керак.
Микромолия ташкилоти фаолиятини амалга оширувчи тўлов ташкилотлари ўзида мавжуд бўлган кредит ахборотини кредит бюроларига ва Кредит ахборотининг давлат реестрига кредит ахбороти алмашинуви тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ тақдим этиши шарт.
Микромолия ташкилоти фаолиятини амалга оширувчи тўлов ташкилотидан тўлов ташкилотининг фаолиятни амалга ошириш учун лицензияси чақириб олинганлиги унинг микромолия ташкилоти фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар реестридан чиқарилиши учун асос бўлади, бундан унинг микромолия ташкилоти сифатида қайта рўйхатдан ўтиши ҳоллари мустасно. Тўлов ташкилотининг юқори бошқарув органи томонидан микромолия ташкилоти сифатида фаолиятни амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, мазкур ташкилот:
лицензия чақириб олинган кундан эътиборан ўн кун ичида бу ҳақда Марказий банкни хабардор қилиши;
микромолия ташкилоти сифатида қайта рўйхатдан ўтиши ва Марказий банкка бу ҳақда лицензия чақириб олинган кундан эътиборан қирқ беш кун ичида маълумотлар тақдим этиши шарт. Ушбу маълумотлар тақдим этилгунига қадар ушбу Қонун 4-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган фаолиятни амалга ошириш тақиқланади.