4-боб. Нобанк кредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш
25-модда. Нобанк кредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш юзасидан Марказий банкнинг ваколатлари
Нобанк кредит ташкилотлари фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш ва назорат қилиш Марказий банк томонидан амалга оширилади.
Марказий банк нобанк кредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш мақсадида қуйидагиларни белгилайди:
рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтиш тартибини;
нобанк кредит ташкилотларининг ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизлигини таъминлашга доир минимал талабларни;
ломбардларнинг касса хоналарига доир талабларни;
нобанк кредит ташкилотлари томонидан янги молиявий операцияларни, технологияларни ва хизматларни назорат қилинадиган чекланган муҳитда (қамров ҳудуди, синов даври, хизматлар ҳамда операциялар сони ва (ёки) ҳажми, истеъмолчилар сони ва бошқалар) синовдан ўтказиш бўйича махсус ҳуқуқий режимни («тартибга солиш қумдони»);
микромолия ташкилотлари томонидан тўлов агенти (субагенти) ёки банклар, суғурта ва бошқа молия ташкилотлари агенти вазифаларини амалга ошириш тартибини;
микромолия ташкилотлари томонидан исломий молиялаштиришга оид хизматлар кўрсатиш тартибини;
микромолия ташкилотлари ва ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотларининг активлари сифатини таснифлаш ва баҳолашга, уларни таснифлаш асосида активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларга қарши захираларни шакллантиришга доир талабларни;
микромолия ташкилотлари ва ломбардлар хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга ошириши чоғида ушбу ташкилотлар фаолиятига доир минимал талабларни;
махсус ваколатли давлат органи билан биргаликда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишга доир ички назорат қоидаларини.
Марказий банк нобанк кредит ташкилотлари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш мақсадида қуйидагиларни белгилайди:
нобанк кредит ташкилотлари томонидан фаолиятни ва молиявий операцияларни амалга ошириш, бухгалтерия ҳисобини юритиш қоидаларини, ҳисоботларнинг шакли, тузилиши ва мазмунини, молиявий ҳамда назоратга доир ҳисоботларни тузиш услубиятини, даврийлигини ва тақдим этиш муддатларини, таваккалчиликларни баҳолаш ҳамда уларнинг фаолиятини назорат қилиш учун зарур бўлган ахборотни тақдим этиш муддатларини;
микромолия ташкилотлари ва ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари учун пруденциал нормативларни ҳисоблаб чиқариш тартибини ҳамда ушбу нормативларнинг йўл қўйиладиган қийматларини.
Марказий банк нобанк кредит ташкилотлари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш мақсадида:
нобанк кредит ташкилотларидан, уларга алоқадор бўлган шахслардан, шунингдек нобанк кредит ташкилотларининг уюшмаларидан (иттифоқларидан) ҳисоботларни ва ҳужжатларни сўраб олишга ҳамда текширишга, олинган ахборотни тушунтириб беришни талаб қилишга;
нобанк кредит ташкилотларини инспекциядан (текширувдан) ўтказишга;
микромолия ташкилотлари томонидан бериладиган истеъмол кредитлари ва микроқарзлар, шунингдек ломбардлар томонидан бериладиган микроқарзлар бўйича фоиз ставкаларининг ва тўловларнинг энг юқори қийматларини белгилашга;
микромолия ташкилотларининг ва ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотларининг ички аудитига доир талабларни белгилашга ҳақли.
Марказий банк микромолия ташкилоти фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар реестрини, ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари реестрини, шунингдек ломбардлар реестрини юритади.
Do'stlaringiz bilan baham: |