26-модда. Пруденциал нормативларга риоя этиш Ушбу Қонун 8-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган маблағлар ҳисобидан фаолиятни амалга оширувчи микромолия ташкилотлари, шунингдек ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари пруденциал нормативларга риоя этиши шарт.
Пруденциал нормативлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
капиталнинг етарлилик коэффициентларини;
ликвидлилик коэффициентларини;
бир қарз олувчига ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳига доир таваккалчиликнинг энг кўп миқдорини;
микромолия ташкилотига алоқадор бўлган шахслар учун таваккалчиликнинг энг кўп миқдорини;
юридик шахсларнинг устав фондига (устав капиталига) ва (ёки) қарз қимматли қоғозларига инвестицияларнинг энг кўп миқдорини.
Ломбардларнинг, шунингдек фаолиятни ўз маблағлари, банкларнинг кредитлари ва ўз иштирокчиларидан (акциядорларидан) жалб этилган қарз маблағлари ҳисобидан амалга оширувчи микромолия ташкилотларининг пруденциал талабларга риоя этиши талаб этилмайди.
27-модда. Микромолия ташкилотига алоқадор бўлган шахсларга хизматлар кўрсатиш. Ушбу Қонун 8-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган маблағлар ҳисобидан фаолиятни амалга оширувчи микромолия ташкилотларининг ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган, ўзларига алоқадор бўлган шахсларга ёки бундай шахслар номидан ҳаракат қиладиган шахсларга хизматлар кўрсатиши бундай хизматлар ушбу ташкилотларга алоқадор бўлмаган шахслар учун назарда тутилган шартларга қараганда анча қулай шартлар асосида кўрсатиладиган ҳолларда тақиқланади.
Микромолия ташкилотига алоқадор бўлган шахслар қуйидагилардан иборат:
унинг раҳбар ходимлари;
микромолия ташкилотининг устав фондидаги (устав капиталидаги) йигирма фоиз ва ундан ортиқ улушларига бевосита ёки билвосита эгалик қилувчи шахслар;
унинг устидан назоратни амалга ошираётган ёки унинг назорати остидаги ёхуд у билан биргаликда учинчи шахс назорати остида бўлган шахслар;
ушбу қисмнинг иккинчи — тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган жисмоний шахсларнинг яқин қариндошлари (қариндош ёки қайин-бўйинчилик муносабатидаги шахслар, яъни ота-она, туғишган ва ўгай ака-укалар ҳамда опа-сингиллар, эр-хотин, фарзандлар, шу жумладан фарзандликка олинганлар, боболар, бувилар, неваралар, эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-укалари ҳамда опа-сингиллари);
юридик шахслар устав фондининг (устав капиталининг) йигирма фоиз ва ундан ортиқ улушларга эгалик қилувчи шахслар микромолия ташкилоти устидан назоратни амалга ошираётган бўлса, мазкур юридик шахслар.
Анча қулай шартларни тақдим этиш деганда қуйидагилар тушунилади:
микромолия ташкилотининг ўзига алоқадор бўлган шахсга ёки шундай шахснинг манфаатларини кўзлаб ўзининг табиати, мақсадлари, ўзига хос хусусиятлари ва таваккалчилигига кўра бошқа шахсларга кўрсатмайдиган хизматларини кўрсатиши;
хизмат кўрсатиш учун бошқа шахслардан талаб қилинадиганидан пастроқ тарзда ҳақ олиш ёки таъминотни бошқа шахслардан талаб қилинадиган қийматдан юқорироқ қиймат бўйича қабул қилиш.
Микромолия ташкилоти ўзига алоқадор бўлган шахсларга ушбу модданинг талабларини ҳисобга олган ҳолда, кузатув кенгашининг (мавжуд бўлганда) ёки юқори бошқарув органининг қарорига кўра хизматлар кўрсатиши мумкин.
Агар шахс микромолия ташкилоти билан хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномани имзолаганидан кейин унга алоқадор шахсга айланса, микромолия ташкилотининг кузатув кенгаши (мавжуд бўлганда) ёки юқори бошқарув органи мазкур шахс унга алоқадор шахсга айланган кундан эътиборан ўттиз кун ичида ушбу шартномани маъқуллаши ёки уни бекор қилиш тўғрисида фармойиш бериши керак.
Кузатув кенгашининг (мавжуд бўлганда) ёки юқори бошқарув органининг аъзоси микромолия ташкилоти билан ўзи ўртасида ёки ўзига алоқадор шахс ўртасида тузилган ёки тузиладиган хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартнома масаласи бўйича йиғилишда ҳозир бўлмаслиги, қабул қилинадиган қарорга таъсир кўрсатишга уринмаслиги керак.
Микромолия ташкилоти ўзига алоқадор бўлган шахсларга хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномаларнинг алоҳида реестрини юритиши ва реестрни Марказий банкка унинг талабига биноан тақдим этиши шарт.