5-модда. Микромолиялаштириш фаолияти
Юридик шахсларнинг қуйидаги хизматларни кўрсатишга доир фаолияти микромолиялаштириш фаолияти деб эътироф этилади:
жисмоний шахс бўлган қарз олувчига тўловлилик, муддатлилик ва қайтариш шартлари асосида эллик миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда пул маблағларини — микроқарз бериш;
тадбиркорлик субъекти ёки ўзини ўзи банд қилган шахс бўлган қарз олувчига тўловлилик, муддатлилик ва қайтариш, шунингдек шартномада назарда тутилган ҳолларда муайян мақсадлар учун фойдаланиш шартларида уч юз миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда пул маблағларини — микрокредит бериш;
жисмоний шахсларга микроқарз суммасидан ошмайдиган миқдорда кредитлар ва кафолатлар бериш, исломий молиялаштиришга оид хизматлар кўрсатиш;
тадбиркорлик субъектларига микрокредит суммасидан ошмайдиган миқдорда лизинг ва кафолатлар бериш, факторинг хизматлари ҳамда исломий молиялаштиришга оид хизматлар кўрсатиш.
Банклар, микромолия ва тўлов ташкилотлари, шунингдек микроқарзлар беришга оид қисм бўйича ломбардлар микромолиялаштириш фаолиятини амалга оширишга ҳақли.
6-модда. Нобанк кредит ташкилотлари фаолиятига доир чекловлар
Нобанк кредит ташкилотлари қуйидагиларга ҳақли эмас:
бевосита ишлаб чиқариш, суғурта, шунингдек савдо фаолиятини амалга оширишга, бундан исломий молиялаштиришга оид хизматлар кўрсатувчи микромолия ташкилотлари мустасно ва ушбу Қонунда назарда тутилмаган бошқа фаолиятни амалга оширишга;
жисмоний ва юридик шахслардан омонатларни (депозитларни) жалб этишга;
жисмоний шахс бўлган иштирокчилардан (акциядорлардан) устав фондига (устав капиталига) киритилган ҳисса суммасидан ёки уларнинг эгалигидаги акцияларнинг номинал қийматидан ошадиган миқдорда қарз маблағларини жалб этишга, бундан облигациялар шаклидаги қарз маблағларини жалб этиш мустасно.
7-модда. Нобанк кредит ташкилотлари фаолиятига доир талаблар
Нобанк кредит ташкилоти ўз фаолиятини амалга ошириш чоғида:
нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисидаги қонунчилик, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши;
устав фондини (устав капиталини) ушбу Қонун 17-моддасининг учинчи қисмида белгиланган миқдордан кам бўлмаслигини таъминлаш;
раҳбар ходимларнинг ушбу Қонуннинг 16-моддасида белгиланган талабларга мувофиқ бўлишини таъминлаши шарт.
Ломбард ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган талаблардан ташқари касса хонасининг Марказий банк талабларига мувофиқлигини таъминлаши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |