Аллома ҲАКИМОВА
МЕҲМОН
– Бир куни қайтишингизни билардим!
Аёлнинг синиқ табассумини ўзгача тушунди у:
– Кутганинг учун раҳмат сенга... севгилим! – охирги сўзни бироз ўйланиб ва қийналиб айтди у!
– Ким экан, азизам?! – ичкаридан қувноқ овоз эшитилди.
– Тиланчи, – жавоб берди синиқ табассумли аёл.
НОТАНИШ ҚИЗ
У бу қизни танимасди. Шунчаки табассуми ёқарди унинг. Ҳар куни эрта тонгда шоҳбекат томон юраркан, бу гўзал табассум
соҳибасига бир нигоҳ ташламай ўтмасди. Кунлари фараҳбаш эди. Қайтаётганида ҳам ўзига қадрдон ойнани узоқдан мўлжалга
оларди. Яна фусункор табассум... Қанчалар бахт!
Бир куни ва, ниҳоят, у қатъийлашди. Муюлишдан гул сотиб олди-да, ўша қадрдон дераза томон дадил юрди. Ўша гўзал табас
-
сум. Гулларни узатар экан....
– Узр, қизим туғма ногирон, – ёш тўла кўзлари билан табассум қилди она. – Унинг қўллари йўқ.
Гулларни муштипарга тутқазса бўларди, қимматга олгани миясида ярқ этди.
ЎХШАШЛИК
Бобо хурсанд! Тишлари йўқ оғзи билан бир кулгу. У қўлидагини қаттиқ сиққанча илдам юриб борарди. Оз қолди етишига.
Аммо ҳар сафар узоқдан кутиб оладиган набираси негадир кўринмасди. «Ҳаҳ, зумраша, ўйин билан андармон, шекилли! Худди
ўзим, омон бўлгур».
Остонадан хатларкан, келинининг етти маҳаллага эшитиладиган овозидан тўхтаб қолди:
– Бобонгга ўхшамай ўл, ивирсиқ!
ҚЎНҒИРОҚ
– Мен сенинг ўрнингда бўлганимда бир лаҳза яшамасдим бундай эр билан. Ажраш. Қачонгача чидайсан?! – деди ҳамдардлик
билан Арофат.
– Э, қўпол бўлса ҳам, хафа қилса ҳам болаларимнинг отаси. Уни яхши кўраман, дугон, – кўз ёшларини артар экан, ҳасратини
тўкиб солганидан мамнун жилмайди Холида.
Арофатнинг юзи бўғриқди. Телефони куй таратар экан, эпчиллик билан олди-да, ташқарига йўналди:
– Ҳа, жоним, соғиндингизми? Мен ҳам, – кўзлари сузиларкан ўйчан ўтирган Холидага бир қур назар ташлади у.
Ўзига келган Холида таниш рақамларни терди. Экранда «Дадажониси» деган ёзув чиқди-ю, хафагарчилиги бир зумда тарқади.
«Абонент бошқа йўналишга жавоб беряпти. Илтимос, кутиб туринг...»
Йўлакдан Арофатнинг беўхшов кулгиси эшитилди.
ТУРМУШ
– Иш тугармиди, қизим? Қолган юмушларингни кейин қилсанг ҳам осмон узилиб тушмайди. Шу жодугар қайнонанг ўлмади,
сенгина қутулмадинг. Қачон қарама, йўлингга тўғаноқ. Келақол болам, кўзларим тўрт бўлди йўлингга қарайвериб.
– Яқинда бордим-ку! Майли, ойи, ҳаракат қиламан.
Гуландом холага қизининг овози синиққина эшитилди. Юраги ачишди.
– Ойижон, ҳалиги... рухсат берсангиз, уйга бориб келмоқчи эдим.
Минг тавозе билан қимтиниб турган келини Гуландом холанинг кўзига балодек кўринди:
– Шунча иш турганда гапингизни қаранг, келинпошша! Ҳар икки куннинг бирида уйга қатнайверсангиз, турмуш турмуш бўла
-
дими?!
Do'stlaringiz bilan baham: |