Ҳадис ва суннат хусусида нималарга эътибор берган маъқул?
“Ҳадис” сўзининг луғавий маъноси янги демакдир. Бунинг моҳияти шундан иборатки, ҳар бир айтилган хабар том маънода янги бўлиб, олдин бундай хабарнинг мисли кўрилмаган. Шунингдек, уни Қуръони каримнинг, илгари нозил бўлган истеъмолдаги қадимий калимларидан шу тариқа фарқлаш ҳам кўзда тутилган. Истилоҳ маъносида “ҳадис” пайғамбар (с.а.в.)га мансуб сўз, амал (ҳаракат), ҳукм, хулқий сифат ва шаклу шамойиллар ҳамда саҳобалар ва тобиинларнинг ана шу муборак хислатларига оид қавмлари ҳам киради. Нубувватлик даври ҳақидаги ахборлар, шунингдек, пайғамбар (с.а.в)нинг набийликдан олдинги ҳаётлари ва нубувват байъати ҳақидаги каломлар ҳам ҳадислар сирасига киради. Суннат ва ҳадис ўртасида муайян фарқ бор. Биринчидан, суннатга Пайғамбар (с.а.в.)нинг набийлик даврларидан олдинги ахборлар, шунингдек, пайғамбарнинг шаклу шамойиллари ҳақидаги хабарлар кирмайди. Хусусан, ул зотнинг жисму жасади, қадди-қомати, сочи, сиҳатларию бетобликлари, қандай таомларни марғуб кўрган, қандай таомларни хуш кўрмаган – булар ҳам суннатлар сирасида саналмаган.
Зотан, бир талай олиму уламолар суннат билан ҳадис ўртасидаги фарқларни шарҳлаб ўтганлар.
Қуръони каримда “суннат” ибораси 17 бор такрорланган бўлиб, барча ўринларда Аллоҳнинг ҳукмлари муқаррар жорий этилажаги ифодаланган.
Истилоҳ маъносида “суннат” – Пайғамбар (с.а.в.)нинг сўзлари, ҳаракатлари, тақрирлари ёки пайғамбарлик вазифаларидан бошлаб то вафотларига, хулқий сифатларигача – барчаси ҳақида саҳобалар ёки тобиинлар баён этган маълумотлардир.
“Ҳадис” араб тилида “гап-сўз” маъносини англатади. “Ҳадис” ва “Суннат” сўзлари муҳаддислар ўртасида деярли бир маънода қўлланилиб, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг айтган сўзлари, панду насиҳатлари, йўл-йўриқлари, хулқу сийратлари, қилган амаллари ҳаёт йўллари, иқрорлари ва бошқаларнинг қилган амалларини манъ этмаслигидир. Ана шундай хатти-ҳаракатлари ёки кўрсатмалар хақидаги ривоят ва нақллар “ҳадис” деб юритилади.
Тарихдан маълумки, пайғамбар алайҳи-с-саломда ўтган барча пайғамбарларнинг яхши фазилатлари мужассам эди. Одам алайҳи-с-саломнинг яхши хулқ-атвори, Шис алайҳи-с-саломнинг илму донишлиги, Нуҳ алайҳи-с-саломнинг жасорати, Иброҳим алайҳи-с-саломнинг шафқати, Исмоил алайҳи-с-саломнинг фасоҳати, Исҳоқ алайҳи-с-саломнинг камтарлиги, Лут алайҳи-с-саломнинг фаросати, Ёқуб алайҳи-с-саломнинг топқирлиги, Юсуф алайҳи-с-саломнинг ҳусну жамоли, Мусо алайҳи-с-саломнинг сабот-матонати, Юнус алайҳи-с-саломнинг ҳалимлиги, Довуд алайҳи-с-саломнинг хайрихоҳлиги, Илёс алайҳи-с-саломнинг олижаноблиги, Яҳё алайҳи-с-саломнинг мусаффолиги, Исо алайҳи-с-саломнинг тақводорлиги пайғамбаримиз Муҳаммад расулуллоҳда мужассам бўлган эди.
Инглиз мутафаккири ва ёзувчиси Бернард Шоу бу ҳақда шундай деган: “Агар Муҳаммад пайғамбар тирик бўлганида, замонамиз муаммоларини бир пиёла чой устида ҳал қилган бўлар эди”.
Буюк Олмон шоири Волфганг Гёте эса шундай ёзади: “Мен дунё тарихини ўқиб, шундай хулосага келдим: дунё подшоҳлари тўплаган жами салтанату бойлик, қасрлару саройлар Муҳаммад алайҳи-с-саломнинг ямоқ яктакларига ҳам арзимас экан… Биз Оврупа миллатлари маданий имконимиз юқори бўлишига қарамай, Муҳаммад алайҳи-с-салом сўнгги поғонасига қадар чиқа олган зинанинг биринчи пиллапоясидамиз, холос. Ҳеч шубҳа йўқки, бирон кимса у зотдан юқорироққа ўта олмайди”.
Атоқли файласуф Шебол бундай дейди: “Муҳаммад (алайҳи-с-салом)нинг одам боласи бўлгани бутун инсониятга катта фахрдир .Чунки, у зот уммий (ўқиш-ёзишни билмаган) бўлса-да , ўн тўрт аср аввал шундай қонун ва асосларни келтирдики, биз оврупаликлар икки минг санадан кейин уларнинг қиймати ва хақиқатини англаб етсак, энг бахтли, энг саодатли кишилар бўламиз”.
Исломда Қуръони карим биринчи манба, Пайғамбаримизнинг ҳадиси шарифлари иккинчи манба ҳисобланади. Бу ушбу ҳадис билан исботланган: “Сизларга икки нарсани (мерос қилиб) қолдирдим. Мадомики уларни маҳкам тутсаларингиз ҳеч қачон йўлдан адашмайсизлар, улар; Аллоҳнинг китоби ва менинг суннатимдир.”
Расуллуллоҳнинг ҳаётлари Қуръон учун амалий тафсир эди. У зот эса икки оёқда юрувчи тафсир қилинган Қуръон эдилар.
Ҳадисларни тўплаб китоб ҳолига келтириш, шунингдек, унга шарҳлар битиш алломаларда урф бўлган. Дунё бўйича энг мўътабар ҳадис китоблари олтита бўлиб, шундан бештасига ҳамма якдил иттифоқ қилган. Улар – Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насаийларнинг китоблари. Шулардан учтаси, яъни Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Насаий юртимиздан етишиб чиққан. Олтинчи ўринга учта китоб даъвогарлик қилади. Улардан бирининг муаллифи Имом Доримий Самарқандий ҳам юртимиздан чиққан. Бу манбалар орасида Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”и Қуръондан кейинги энг ишончли манба сифатида тан олинган.17
Имoм Буxoрий ўз илмий фаoлияти даврида йигирмадан oртиқ асарлар яратган. Улар: “Ал-Жoмиу-ас-саҳиҳ”, “Ал-Адабу-л-муфрад”, “Китoбу-л-куна”, “Китoбу-л-фавoид”, “Жузъ рафъа-л-ядайн”, “Ал-Тариxу-л-кабир”, “Ал-Тариxу-л-авсат”, “Ал-Тариxу-с-сағир”, “Ал-Жoмиу-л-кабир”, “Ат-Тафсиру-л-кабир”, “Асoмийу-с-саҳoба”, “Китoбу-л-вуҳдoн”, “Китoбу-л-мабсут”, “Китoбу-л-илал”, “Бирру-л-вoлидайн”, “Китoбу-л-ашрибати”, “Қазoйо-с-саҳoба ва-т-тoбиин”, “Китoбу-р-риқoқ”, “Ал-Жoмиу-с-сағир фи-л-ҳадис”, “Ал-Қирoату xалфа-л-имoм”, “Ал-Ақида”18 ва бошқалар.
Do'stlaringiz bilan baham: |