Амбулаторияга касалларнинг келиши:
|
1923 йил.
|
1925 йил.
|
Умумий қабул қилинган касаллар
|
3777 нафар
|
2413 нафар
|
Безгак хуружи билан касалланганлар
|
1650 нафар
|
612 нафар
|
Бошқа касалларга нисбатан % ҳисобида
|
43,7
|
25,3
|
1914-1919 йиллар давомида суғорилган 95 минг гектар ернинг 60 минг гектари, яъни 2/3 қисми ташландиқ ҳолатга келиб қолди, фақатгина 35 минг гектар ер суғорилиб, деҳқончилик қилинар эди.
1915-1917-йиллардаги қурғоқчилик оқибатида Мирзачўл аҳолисининг таркиби маҳаллий миллат вакиллари ҳисобига кўпайди. Ёлланма ишчилар асосан қўшни Ўра-тепа ва Зомин волостларидан, Жиззах уезди, Урсатьевск станцияси, Қўқон уездларидан келишганди24. Элшунос Т.Салимовнинг тўплаган маълумотларига кўра, Спасский, Велико-Алексеевский қўрғонларига Туркистон тоғ тизмасининг олди аҳолиси қурғоқчилик даврида чор Россияси томонидан кўчирилган25. 1918-йилда қишлоқ аҳолиси 53831 киши бўлиб, шундан 45604 киши маҳаллий миллат вакиллари ва 8227 киши русийзабон аҳоли эди26. Очлик, қаҳатчилик туфайли янги ерларни ўзлаштиришда европаликлар билан биргаликда маҳаллий аҳоли, Фарғона водийси ва Ўра-тепа, Зомин атрофларидан кўчиб келган кишилар иштирок эта бошладилар, 1923-йилга келиб бутун Мирзачўл аҳолисининг 54% ни туб миллатлар ташкил этди27. Маҳаллий аҳоли, ўлка табиати ва атроф-муҳити экологик қатағон қилинди, тузум сиёсати қурбонига айланди.
Собиқ Иттифоқ даврида Осиёнинг эпидемиологик хасталикларига чидамсиз рус иммигрантлари ўрнига меҳнат ресурсларини тўлдириш мақсадида коллективлаштириш жараёнида маҳаллий миллат вакилларини Мирзачўлга ноанъанавий усулларда жалб этила борди. Ахборотчилар маълумотларига кўра, Боёвут туманидаги Ғаллакор, 1-Боёвут, 3-Боёвут СФУларида истиқомат қиладиган самарқандликлар (1930 йил), бухороликлар, Чоржўй туркманлари (1931 йил) қулоқлаштирилиб, мажбуран кўчирилган.28
1920-1940 йиллардаги Арктика исиши даврида иккинчи даҳшатли очлик 1931-1933 йилларда юз берди, қурғоқчиликдан зарар кўрган қишлоқларнинг аҳолиси оммавий равишда мажбуран кўчирилди, очликдан зарар кўрган кўплаб маҳаллий халқ Мирзачўлга келишди. Фарғона, Сурхондарё, Қашқадарё, Зарафшон водийларидан аҳоли кўчирилди. 1928-1929 йилларда 2600, 1929-1930 йилларда 7600 хужалик кўчирилган. Шунингдек, 30-йилларда Туркистон тоғ тизмаси ён бағридаги Самарқанд вилояти лалмикор қишлоқлари аҳолиси Мирзачўлга мажбуран кўчирилди. 1931-1932 йилларда ернинг ботқоқланиши туфайли безгак касали авж олди. Мелиоратив тадбирлар кенг амалга амалга оширилишига қарамай, 1936-йилда Мирзачўлда 53% қишлоқларнинг ер майдонлари ботқоқланган ва қуритишни талаб қиларди. Собиқ иттифоқнинг “гурунч” мустақиллиги учун шоли экишни кўпайтириши (1937 йилдан), шунингдек, 1939 йилда янги 110 минг гектар ерни мелиоратив тадбирларсиз ўзлаштирилиши29 туфайли шўрланган, ботқоқ ерлар янада кўпайди. Оқибатда ХХ аср бошларидаги турли эпидемиологик хасталиклар Иккинчи жаҳон уруши йилларида Мирзачўлда такрорланди.
Иккинчи жаҳон уруши арафаси ва уруш йилларида Совет давлати пахта етиштиришни ошириш мақсадида бир бутун халқ пешонасига “сотқин”, “хоин” каби тамғаларни босиб, кўчирувчилик сиёсатини юритганди30, корейслар (1937 йил), Қрим татарлари (1944 йил), месхети турклари, кавказликлар (черкесс, қорачой, осетин, абхазлар 1935 йил)31, шунингдек, уруш асирлари каби турли диаспоралар Мирзачўлга – ўзлари учун мутлақо нотаниш бўлган ландшафтга кўчирилдилар.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин Мирзачўлни ўзлаштиришда “маданийлаштирилган кўчириш сиёсати”нинг кўриниши бўлмиш “комсомол йўлланмаси” билан юбориш, меҳнат ресурслари билан узвий таъминлаш дастури шаклланди. 1949-йил январида бир гуруҳ андижонлик ёшлар оиласи билан Мирзачўлда ишлаш ташаббуси билан чиқдилар32. Андижон ёшларининг ташаббусини Тошкент, Қашқадарё, Фарғона ва бошқа вилоятлар ёшлари қўллаб чиқдилар. “Маданийлаштирилган кўчириш сиёсати” узлуксиз ХХ асрнинг 80-йиллари ўрталарига қадар давом этди ва маҳаллий аҳоли асосан пахтачиликка ихтисослашган хўжаликларга ўрнашди.
1956-йилда Запарожье, Смоленск, Курган, Киев ва бошқа шаҳарларнинг ФЗО мактабларини 12 минг битирувчиси Мирзачўлда ишлаш ташаббускори бўлдилар33. Русийзабон аҳоли асосан саноат ишлаб чиқаришига шаҳарларга жалб этилди.
Собиқ Иттифоқ даврида Мирзачўлни ўзлаштирилиши экстенсив характер касб этиб, юқоридаги хатоликлар оқибатларига эътибор берилмади, аҳолини янги ерларга жойлаштириш ва ердан, сувдан фойдаланиш тартибсиз равишда олиб борилди, агротехник илғор тажрибалар кенг тадбиқ этилмади, оқибатда ХХ асрнинг ўрталарида аҳоли ўртасида хавфли касалликлар ва ўлим даражаси яна ортди, ернинг шўрланиши кучайиб борди34. Кимёвий ўғитлар, ҳар хил гербицидлар, пестицидларнинг нормадан ортиқ қўлланиши оқибатида тупроқ зарарланди, аҳоли ўртасида хавфли касалликлар ва ўлим даражаси ортиб борди.
Юқоридаги фикрлардан қуйидагича хулосалар қилиш мумкин:
– Республикамиздаги экомуаммолар Россия империяси давридан бошланган бўлиб, Мирзачўлни ўзлаштирилиши жараёни тўла илмий асосланмаганди, ирригацион иншоотлар қурилишидаги хатоликлар, мелиоратив иншоотлар етарли эмаслиги туфайли ўзлаштирилган ерларнинг мелиоратив ҳолати ёмонлашди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминланмаганлиги иммигрантларнинг эпидемиологик хасталиклар билан касалланишнинг бирламчи манбаи бўлди;
– Россиядаги кўчирувчилик сиёсати замирида нафақат ижтимоий-сиёсий сабаб, мақсадлар... шунингдек, экологик моҳияти ҳам бор эди. 1891-1892 йилларда Россиядаги очлик ва қаҳатчилик, 1902 йилдаги ҳосилсизлик ва 1900-1903 йиллардаги иқтисодий инқироз туфайли деҳқон хўжаликларининг хонавайрон бўлганлиги кўчирувчилик сиёсатида экоаҳамият касб этди;
– Иммигрант русийзабон аҳолининг суғорма деҳқончилик маданиятидан бехабарлиги, меҳнат ресурсларининг етишмаслиги туфайли ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида Мирзачўлда “кўчманчи” деҳқончилик шаклланди. Экомуҳитнинг бузилиши эпидемиологик хасталиклар ва турли зараркунанда ҳашоратлар тарқалишига замин бўлди;
– Мирзачўлда 1885-1917 йилларда 24 та русийзабон аҳоли қўрғонлари ташкил топган бўлиб, ХХ аср бошларидан қуёш активлигининг ортиши оқибатида Осиёга хос эпидемиологик касалликларнинг тарқалиши, экомуҳитнинг бузилиши оқибатида бугунги Сирдарё вилояти ҳудудидаги Духовск, ҳар иккала Волынск, Обетованный, Романовск, Велико-Алексеевск, Спасский каби қўрғонларда “экологик қочоқлар" гуруҳлари авж олди. 1907-1910 йилларда Россияда мустамлакаларга 1,5 млн. (ҳар йили ўртача 375 минг) оила кўчирилган бўлса, 1911-1914 йилларда 0,5 млн. (йилига 125 минг) оила кўчиб, кўчирувчилик сиёсати 3 баробар камайди. Кўчирилган аҳолининг ниҳоятда катта қисми мустамлакада ўтроқлашмасдан Россияга қайтарди. Биргина 1911 йилда Ўрта Осиёга кўчирилган аҳолининг 81 %и шу йилнинг ўзидаёқ қайтиб кетган.35 Меҳнат резервларини тўлдириш мақсадида маҳаллий аҳоли Россия империяси давридан Мирзачўлни ўзлаштиришда дастлаб “мардикор”, “чорикор" сифатида фойдаланилса, кейинчалик (1917 йилдан) оммавий кўчирила борди;
– Русийзабон аҳолининг Мирзачўл иқлими, табиатига мослаша олмаганлиги, Осиёга хос хасталикларга заифлиги, маҳаллий моддий-хўжалик маданиятини тўлиқ ўзлаштира олмаганликлари сабабли “экологик қочоқлик" авж олди. Ўзлаштириш жараёнида маҳаллий аҳоли ва турли диаспоралар мажбуран оммавий кўчирилди. Россия империяси иммигрантлари ва собиқ Иттифоқ давридаги “маданийлашган кўчириш сиёсати” туфайли келган русийзабон аҳолининг ўтроқлашган асосий камчилик қисми Марказий Осиёнинг шаҳарларига ўрнашишди. Ахборотчилар маълумотларига кўра, қишлоқ жойларда қурилган христиан черковлари, хусусан Гулистон шаҳри Дўстлик қўрғонидаги (собиқ Духовный посёлкаси) черков, Гулистон тумани маркази Деҳқонободдаги (собиқ Романовск қўрғони) рус черковлари ХХ асрнинг ўрталарига келиб қаровсиз қолган, улардан хўжалик бинолари сифатида фойдаланилган;36
– собиқ Иттифоқ даврида ўлка аҳолиси ва табиати экологик қатағон қилинди, тузум қурбонига айланди.37 Мирзачўлни ўзлаштирилиши жараёнида маҳаллий аҳоли мажбурий-оммавий кўчириш, қулоқлаштириб кўчириш, “маданийлаштирилган кўчириш" (“комсомол йўлланмаси" билан) сиёсатлари қўлланилиб, улар пахтачиликка асосланган хўжаликларга ўрнаштирилди. Ҳукмрон мафкура шароитида экстенсив хўжалик юритиш оқибатида юқоридаги хатоликлар такрорланди;
– Мирзачўлга мажбуран кўчирилган диаспораларнинг кўпчилиги экомуҳитга мослаша олмаганлиги, моддий хўжалик анъаналарини ўзлаштира олмаганлиги сабабли муқим ўрнашишмади.
Мирзачўлни ўзлаштирилиши жараёнида турли этнос вакиллари ландшафтга мажбурий ўрнашдилар ва табиат билан муносабатда яшаб қолиш учун курашишди. Бу ҳол Сирдарё воҳаси экомуҳитида салбий оқибатларни келтириб чиқариб, унинг таъсири бугунги кунга қадар намоён бўлмоқда-ки, ушбу муаммолар махсус этноэкологик тадқиқотлар ўтказилишини тақозо этади.
Мирзачўлни ўзлаштириш жараёнида бу ерга кўчирилган, келиб қолган аҳолининг этнопсихологиясида ХХ асрнинг 80-йилларига қадар ягона “барибир ота юртимга қайтиб кетаман!" деган фикр бор эди. Бугунги кунда Сирдарё воҳаси аҳолиси учун қадим Мирзачўл ерлари ўтроқ Ватанга айланди. Зеро, Сирдарё воҳасининг бугунги этнодемографик, урбанизацион, цивилизацион тараққийсини юксалтириш, экомуҳитини асраш, уни бойитиб бориш ва келгуси авлодларга етказишда этноэкологик тадқиқотларнинг аҳамияти беқиёсдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |