TOSHKENT STOMOTOLOGIYA INSTITUTI
204-B GURUH TALABASI NORBOYEV DIYORBEKNING BIOETIKA FANIDAN
TAYYORLAGAN
REFERATI.
БЕМОР ТАНАСИ ВА РУХИ ЯХЛИТЛИК СИФАТИДА.
РЕЖА:
1. Психиатрия ёрдами кўрсатишнинг ахлоқий муаммолари.
2. Психиатрия тарихида патернализм ва антипатернализм .
3. Психиатрия соҳасини ахлоқий ва ҳуқуқий тартибга солиш.
1. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти маълумотларига кўра, ер юзида 450 миллионга яқин руҳий касаллар ва руҳий ҳолати бузилган одамлар бор. Уларнинг кўпчилиги ҳеч қандай тиббий ёрдам олмасдан ёлғизликда яшайди. Жаҳондаги жами касалликларнинг 12% ни руҳий касалликлар ташкил этади, ҳолбуки, руҳий касалликларни даволашга ажратилган маблағлар аксарият мамлакатлар бюджетининг 1% дан ошмайди. ЖССТнинг руҳий касалликларга бағишланган 2001 йилги «Янги тушуниш, янги умид» деб номланган маърузасида шундай дейилган: «Узоқ вақт эътибор берилмаган руҳий соғломликка ҳамма жойда янгича нуқтаи назардан ёндашилиши лозим. Руҳий касаллар ёки мия касалликларига йўлиққан одамларни жамият ҳаётидан четга чиқариш ҳолатларига йўл қўйиб бўлмайди - жамиятда ҳар кимга ўрин топилиши лозим» (1).
«Психиатрия» (юнон. «psyche» - руҳ, «iatros» - врач) сўзининг этимологияси психиатр касбий фаолиятининг моҳиятини акс эттиради: руҳий ҳолати бузилган одамларни даволаш, руҳий касалларга ва ёрдамга муҳтож ҳар қандай одамга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш. Тиббиёт соҳалари орасида психиатрия инсон, унинг биологик, руҳий, маънавий ва ижтимоий моҳияти билан кўпроқ иш олиб боради.
2. Психиатрияда патерналистик ва нопатерналистик ёндашувлар муаммосини ҳозирги замон биоэтикасидан анча олдин юз берган.
Абу Али Ибн Сино (980-1037) ўзининг "Тиб қонунлари"да руҳий касалликларга катта бир бўлимни бағишлаб, руҳий касалларга меҳр-шафқат кўрсатишга чақирган. Биоэтиканинг асосий принциплари, яъни барча жонзотларга ахлоқий ёндашиш ва инсонни тиббиётнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш психиатрия соҳасида ўта долзарб аҳамиятга эга. 75 йил давомида фаолият олиб борган совет психиатрия хизмати тизими айнан биоэтика принципларига риоя этишда муайян камчиликларга эга бўлган. Натижада собиқ Иттифоқ психиатрияси 1977 йил Гонолулуда бўлиб ўтган психиатрларнинг VI Жаҳон конгрессида қаттиқ танқид қилинди. Бундан олдинроқ, 70-йилларнинг бошларида инсон ҳуқуқларининг ҳимоячилари психиатрия соҳаси сиёсий мақсадларда суиистеъмол қилинаётганини бутун дунёга эълон қилган эдилар. 1977 йил нашр этилган А.Подрабинекнинг "Жазоловчи психиатрия" китоби шу масалага бағишланган. (1)
Психиатрия тарихида патерналистик асослар жуда муҳим рол ўйнаган. Врач билан руҳий ҳолати бузилган бемор ўртасида патерналистик муносабатларнинг қарор топиши, биринчидан, психиатрия тиббиётнинг мустақил соҳасига айланиши, иккинчидан, жамиятда «эси пастлар»га касал одамлар сифатида ёндашувнинг шаклланиши билан боғлиқ. Бунгача /арбий Европа мамлакатларида руҳий касалларга потенциал жиноятчилар сифатида қаралган ва улар қамоқда сақланган. Руҳий касалларга беморлар сифатида ёндашиш Франция ва Англияда деярли бир вақтда - XVIII аср охирида шакллана бошлаган. Руҳий касаллар беморлар даражасига кўтарилишида француз врачи Филипп Пинелнинг хизмати катта бўлган. У 1793 йил Париждаги Бисетр давлат касалхонасида руҳий касалларни сўзнинг ўз маъносида кишанлардан озод қилди. Унинг психиатрия соҳасидаги ислоҳоти тиббий патернализмнинг тантанасига айланди. Пинель ўз пациентларини болаларга, ўзи ташкил қилган психиатрия касалхонасининг турини - оилага ўхшатади. Пинель патернализми - бу нафақат ахлоқий позиция, балки у яратган даволаш усули - «маънавий даволаш»нинг моҳияти ҳамдир. Бу усулни қўллашда маънавий ва жисмоний баркамол шахс - врач муҳим рол ўйнайди. Пинель ўз пациентларига «эркин бўлиш»ни ўргатади ва ҳатто уларни «эркин бўлишга мажбурлайди». Бу усулни у айрим оғир беморларга нисбатан «камзул» (тийдириш кўйлаги) ва вақтинчалик ажратиш чораларини ақлга мувофиқ доирада қўллаш имконияти билан уйғунлаштиради. Орадан 50 йил ўтгач, инглиз врачи Джон Конолли Пинель даволаш усулининг ахлоқий жиҳатини янада чуқурлаштириб, руҳий касалларга нисбатан ҳар қандай жазо чораларини қўллашдан воз кечишни таклиф қилди. Конолли таклиф қилган «Norestraint» («Ҳеч қандай жазосиз») тизими атрофида баҳс бутун Европа миқёсига кўтарилди. Бу тарихий мунозара рамзий бўлиб, жиддий оқибатларга олиб келди, лекин тиббий патернализм таълимотининг асосларига у дахл этмади. Руҳий ёрдам кўрсатишнинг патерналистик модели бутун жаҳонда XX аср ўрталаригача етакчилик қилиб келди.
ХХ асрнинг 50-йилларида бошланган психиатрия касалхоналарининг инқирози ғарб мамлакатлари психиатриясида тиббий патернализм инқирозининг даракчиси бўлди.
1955 йил ЖССТнинг экспертлар комитети руҳий касалларни жамиятдан ажратмасдан даволашни кенгайтириш зарур, деган хулосага келди. 60-70-йилларда АҚШ психиатриясида янги сиёсат – руҳий касалларни касалхоналарда мажбурий сақлашдан воз кечиш сиёсати фаол амалга оширилди. Бунга асосан ўша даврда психотроп моддаларнинг кенг қўлланилиши натижасида психиатрия касалхоналарида беморларнинг кўпайиб кетиши сабаб бўлди. Эски психиатрия касалхоналари ҳаддан ташқари катталиги, кўпчилик пациентлар яшайдиган жойдан узоқда жойлашганлиги, фаолияти беморларни даволаш ва реабилитация қилишдан ҳам кўра, уларни назорат қилишга кўпроққаратилганлиги учун танқид қилинди. Руҳий касаллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракати М.Форманнинг машҳур «Какку уяси узра парвоз» фильмида ўз аксини топган.
Бироқ психиатрия касалхоналарига қарши ҳаракатнинг бошқа томони ҳам бор эди. АҚШда бутун мамлакат доирасидаги «касалхоналарсиз» психиатрия учун ҳаракат давлат психиатрия касалхоналари оммавий тарзда ёпилишига олиб келди. Бу кўпгина салбий ижтимоий оқибатларга сабаб бўлди. Уйсизлар ва дайдилар сони руҳий касаллар ҳисобига кескин кўпайди. Касалхонага қисқа муддатга жойлаштиришга урғу бериш айни бир беморлар қайта-қайта касалхонага ётишига олиб келди. Психиатрия ёрдами кўрсатишнинг янги тизими энг оғир беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишга қодир эмаслиги аён бўлиб қолди. Сўнгги йилларда АҚШда психиатрия ёрдами кўрсатишнинг ҳар хил шакллари, чунончи: қисман госпитализация қилиш, умумий касалхоналарда психиатрия хизмати кўрсатиш ва ҳоказолар ривожланди.
Шу билан бирга 60-йилларда Европада, сўнгра Америкада психиатрия атрофида янада драматик хусусиятга эга бўлган воқеалар юз берди. Айни ҳолда «руҳий касалликлар» мавжуд эмас, балки «микроижтимоий тангликлар»гина мавжуд; психиатрия ташхиси (асосан «шизофрения» ташхиси назарда тутилган) - бу «ижтимоий ёрлиқ»; руҳий касаллар эмас, балки «нонормал индивидлар»гина мавжуд ва жамият уларни психиатрлар ёрдамида ўзидан ажратади; психиатрия - фан эмас, психиатрлар - врачлар эмас, балки «оқ халатли полициячилар» деган фикрларни илгари сурган антипсихиатрлар ҳаракати билан боғлиқ. Антипсихиатрларнинг амалий дастурида касалхоналар ҳаётининг ҳар қандай «иерархик-репрессив жиҳатлари»га чек қўйиш, ходимларга «янги ролларни», беморларни эса - «ўз танглиги»ни янгича тушунишни ўргатишга алоҳида урғу берилган. Амалда антипсихиатрик экспериментлар (Буюк Британия, ГФр ва бошқа мамлакатларда) энг аввало руҳий касалхоналардаги институционал тартибни бузди, психотроп, седатив моддалардан фойдаланишни тақиқлади. Айрим антипсихиатрлар инсонга ҳатто унинг ўз жонига суиқасд қилишга интилишига ҳам тўсқинлик қилиш мумкин эмас деб ҳисобларди.
Антипсихиатрия раҳнамолари ўзлари ташкил этган ҳаракатни «психиатриядаги учинчи инқилоб» деб номладилар (XVI-XVII асрлардаги «жодугарларни жазолаш жараёнлари»га қарши ҳаракатни биринчи, «Пинель ислоҳоти»ни - иккинчи шундай ҳаракат деб ҳисобладилар). Психиатрия касалхоналарига ва психиатрияга қарши ҳаракатлар 70-80-йилларда психиатрия соҳасида туб ўзгаришлар ясалишига олиб келди. Бунда психиатрия ёрдами кўрсатишнинг ижтимоий контексти асосан руҳий касалларнинг фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ғояси билан белгилана бошлади.
Ўзбекистонда бу ўзгаришлар энг аввало 2000 йил августда ЎзР Олий Мажлисининг учинчи сессиясида қабул қилинган «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги қонунда ўз ифодасини топди. Бу қонунда республика фуқароларига психиатрия ёрдам кўрсатиш вақтида уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи махсус нормалар ва тартиб-қоидалар белгилаб қўйилган. «Психиатрия ёрдами тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси қонунининг асосий мазмуни психиатрия ёрдамининг янада инсонпарварлашуви ва демократиялашувига имконият яратиш, уни ҳуқуқий жиҳатдан тиббий ёрдамнинг бошқа турларига мумкин қадар яқинлаштириш ва ҳатто тенглаштиришдан иборат.
3. Шуни таъкидлаш лозимки, психиатриядаги ҳозирги замон этикасининг кўпгина тамойиллари ва меъёрлари халқаро миқёсда тан олинган. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияларидан бири 1990 йилда тайёрлаган «Руҳий касалларни ҳимоя қилиш ва психиатрия ёрдамини яхшилаш принциплари ва кафолатлари тўплами», Жаҳон психиатрия уюшмаси 1977 йил қабул қилган ва 1983 йил қайта кўрган «Гавая декларацияси» каби ҳужжатларда ҳар бир психиатр ишидаги минимал ахлоқий андозалар белгилаб қўйилган.
БМТнинг юқорида зикр этилган ҳужжатида таърифланган руҳий касалларни ҳимоя қилишнинг асосий ахлоқий-ҳуқуқий принципларидан бири шундай янграйди: «Руҳий касалликка йўлиққан барча одамларга инсонпарварлик тамойилларига риоя этган ва уларнинг инсоний қадр-қимматини ҳурмат қилган ҳолда ёндашиш лозим».
Руҳий касаллар - алоҳида эътиборга лойиқ ижтимоий гуруҳ. Ўз-ўзидан савол туғилади: маърифатли жамиятда руҳий касалларга нисбатан нима тақиқланиши лозим? Умумий жавоб қуйидаги кўринишга эга бўлади: уларни камситиш, жамиятдан ажратиш, ҳуқуқларини асоссиз равишда чеклаш, паст назар билан қараш. Руҳий касалларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситишнинг ҳар қандай шакллари нафақат ахлоққа зид, балки кўпгина ҳолларда ҳуқуқий баҳолаш ва жазолашга ҳам лойиқдир. Жаҳон Тиббий Уюшмасининг «Женева декларацияси» (1948 йил) ҳар бир врачга пациентларни бирон-бир тарзда камситмаслик мажбуриятини юклайди. Айрим беморлар гуруҳларини камситишнинг мумкин бўлган барча турлари орасида руҳий касаллик ёки ақли норасолик билан боғлиқ пациентларни камситишни алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур. Руҳий касалларга тиббий ёрдам кўрсатиш чоғида уларни камситиш: 1) асосан ахлоқий; 2) асосан ижтимоий бўлиши мумкин. Асосан ахлоқий камситиш ҳақида Россия «Психиатрнинг касб одоби кодекси»да шундай дейилган: «Психиатрнинг пациент шаъни ва қадр-қимматини камситиши, унга ёмон, меҳр-шафқатсиз муносабатда бўлиши касб одоби қоидаларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади»
Руҳий касалларга паст назар билан қараш сақланиб қолаётган ҳозирги жамият шароитида врачлар ва тиббий ходимлар томонидан психиатрия ёрдами кўрсатишда шифокор сирининг сақланиши қатъий талаблардан бири ҳисобланади. Психиатрияда сир сақлаш меъёрларининг қўлланилиши бир қанча ўзига хосликларга эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |