2.Мустақиллик даврида миллатлараро тотувликнинг таъминланиши, миллий–маданий марказларнинг шаклланиши ва ривожланиши.
Миллатлараро тотувлик – миллий бош ғоямизнинг асосий тамойили. Миллатлараро тотувлик ғояси-миллий истиқлол мафкурасининг асосий ғояларидан бири бўлиб, мамлакатимизда истиқомат қилиб келаётган барча этник вакиллари билан, авваламбор, ўзбек миллати ва шу билан бирга ўзларининг ўртасида кўп йилларга мўлжалланган эзгулик, ишончлилик, дўстоналик, якдиллик, қариндошлик, маънавий-ахлоқий ва мафкуравий яқинлик ва бирдамлик, муросалилик ва бошқа инсонийлик муносабатлари мавжудлигини ва келажакда ҳам у янада камол топишини ифодалайди. Бир жамиятда яшаб, ягона мақсад йўлида меҳнат қилаётган турли миллат ва элатларга мансуб бўлган кишилар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатлик каби муносабатларнинг мавжудлигини ва шундай муносабатларни қарор топтириш, мустаҳкамлашга қаратилган фикр – миллатлараро тотувлик ғоясининг мазмун-моҳиятининг муҳим жиҳатини ташкил қилади. Бу ғоя бўйича, миллий ғоявий ва амалий ҳамжиҳатлик ижтимоий тараққиётнинг энг муҳим омилларидан биридир. Диёримизда асрлар давомида истиқомат қилиб келган миллат ва элат вакиллари ўртасида миллий адоват кузатилмаганлиги, бу ғоянинг бир муҳим тарихий илдизидир.
Бу ғоя жамиятимизда тўла-тўкис амал қилиши учун, у зарур бўлган ҳуқуқий қонунлар билан таъминланган. Марказий Осиё ҳудудида қадимдан бери яшаб келаётган барча миллат ва элатларнинг тарихи муфассал кўриб чиқилсагина, миллатлараро тотувлик ғоясининг нақадар чуқур ва бақувват томирлари мавжудлигига амин бўлишимиз мумкин бўлади. Вақти келиб, бу томирлар тўғрисида кўплаб илмий тадқиқотлар олиб борилади ва қанчадан-қанча бадиий асарлар ёзилади.
Миллатлараро тотувлик ғоясининг мазмун-моҳияти, унинг жамиятимиз ҳаётида тутган ўрни ва аҳамиятини тўғри англаш учун, Марказий Осиё халқларининг камида уч минг йиллик маданий ва маънавий тарихини яхши билишимиз талаб қилинади. Шуни яхши англашимиз керакки, ҳозир бу ғоя жамиятимизнинг барча жабҳа ва соҳаларида узул-кесил амал қилиб келиши тасодифий бир ҳол эмас, балки у зарурий ҳодиса сифатида халқимизнинг онги ва қалбида етишиб, шаклланиб, унинг ҳаётида минг бор марта синовлардан ўтиб, дури-гавҳардек баҳоланиб ва маъқулланиб келган.
Қуйидаги фикрларда биз бу ўзликнинг айрим муҳим жиҳатларини ёки бошқача айтганда, миллатлараро тотувлик ғоясининг тарихий илдизларини қисқа кўрсатиб ўтамиз, яъни:
а) Марказий Осиё ҳудудида азалдан истиқомат қилиб келаётган барча миллат ва элатлар бир неча минг йиллар давомида асосан битта давлат миқёсида ёнма-ён туриб ва биргаликда ҳаёт учун курашиб келган;
б) уларни фақат узоқ йўллар ва йўл азоблари ажратиб турган бўлсада, бироқ уларнинг иқтисодий, сиёсий, маданий-маънавий алоқалари ва бир-бирига бўлган турли хилдаги ўзаро ижобий таъсирлари тинимсиз давом этган;
в) бу халқлар минг-минг йиллар давомида умумий босқинчилар томонидан уларга ўтказилган ситам ва азоб-уқубатларни биргаликда баҳам кўрган, биргаликда курашиб озодликка эришишга муваффақ бўлганлар;
г) Марказий Осиёда жойлашган республикаларнинг ҳар биридаги кўпдан-кўп ёки деярли барча қишлоқ ва шаҳарларида турли миллат ва элат вакиллари бир-бирлари билан ён қўшни ва жон қўшни, бир жон ва бир тан бўлиб қудо-анда, тоғали-жиян, ёру биродар ва бошқа турдаги яқинликлар ўрнатилгани ҳолда яшаб келганлар.
Қадимдан бери Марказий Осиё ҳудудида яшаб келаётган барча миллат ва элатларнинг маданий-маънавий бирлиги ниҳоятда мустаҳкам ва унинг тарихий томирлари ўта чуқурдир. Бу бирлик шу қадар бой мазмунга эгаки, уни тўлалигича кўрсатиш учун, бир нечта китоблар ёзишга тўғри келади. Биз бу бирликнинг энг умумий ва муҳим томонларига эътибор берамиз.
Юқорида кўрсатилган миллат ва элатларнинг бирлиги қуйидагиларда ўз ифодасини топган, яъни:
-бир қисми қон-қариндош бўлиб кетганлигида;
-тиллари бир-бири ҳисобига бойиб бориб жуда ҳам яқинлашиб борганлигида;
-урф-одатлари, удумлари, маросимлари, таомиллари, юриш-туришлари, ҳаёт тарзи ва бошқалари ҳам жуда ўхшаш бўлиб кетганлигида. Шу туфайли айтиш мумкинки, улар учун Ўзбекистон нафақат ҳудудий, иқтисодий ва сиёсий маънодаги Ватан, балки уларнинг умумий урф-одатлари, анъаналари, маросим ва удумлари ватани ҳамдир (бу-этно-маънавий ва мафкуравий бирликлардир);
-доимо асосан бир хил диний эътиқодга эга бўлганлигида;
-турли хилдаги яқинликлари - қўни-қўшничилиги, қуда-андалиги, бир жойда фаолият кечириши, бир-бирларининг тилларини ўзлаштириб олганлиги ва ташқи кўринишга эга бўлиши ҳамда бошқалар, сўз билан ифодалаб бўлмайдиган кўп миллатли ижтимоий гўзаллик ва юксак инсонийлик муҳити шаклланганлигида.
Собиқ Советлар давлати даврида миллатлараро тотувлик ғояси интернационализм тушунчаси билан алмаштирилиб, миллатлараро муносабатлар совет ва марксистик идеологияси нуқтаи назаридан, ҳукмрон миллат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, тушунтирилар эди. Бу давлатдаги барча миллат ва элатларнинг бирлиги ва тотувлиги «совет халқи» деган ном билан номланиб, унинг мазмунида ҳеч қандай миллий маъно, ўзлик мавжуд бўлмаган.
Фахр билан таъкидлашимиз керакки, ҳозир диёримизда миллатлараро тотувлик ғояси миллий истиқлол ғоясининг асосий ғояларидан бири сифатида давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда, ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳаларида тўлақонли амал қилиши учун керакли бўлган қонун-қоидалар қабул қилинмоқда ва ҳоказо.
Шуни ҳам эсдан чиқармаслигимиз лозимки, жаҳон миқёсида мафкуравий зиддиятлар кескинлашиб, таҳдидлар кучайиб бораётган бир даврда Ватанимизда бу ғоянинг узул-кесил амал қилиб бориши барчага ҳам маъқул бўлмоқда, деб бўлмайди. Баъзи бир ғанимларимиз, миллатлараро тотувлик ғояси Ватанимиз равнақ топишининг энг муҳим омилларидан бири эканлигини жуда яхши билади ва шунинг учун ҳам улар қандай бўлмасин, жамиятимиздаги миллатлараро муносабатларни бузишга ва уларнинг ўртасига раҳна солишга минг бор уринмоқдалар. Президентимиз Ислом Каримовнинг фикрига кўра «…ғанимларимизнинг асосий нияти – Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни, жамиятимиздаги бунёдкорлик муҳитини, бугун биз барпо этаётган фаравон ва осуда ҳаётни бузиш, тобора кучга кираётган давлатимизни ағдариш, танлаган йўлимиздан қайтаришдир»16. Юртбошимиз Ислом Каримов ўзининг асарларида «Ўзбекистон – ягона Ватан» ғоясини «Ўзбекистон – муқаддас Ватан», «Туркистон – умумий уйимиз», «Ватан – ягонадир, Ватан - биттадир», «Ўзбекистон менинг ягона ва бетакрор Ватаним» каби фикрлари билан ҳам бойитди.
Ҳозирги кунда юртимизда яшаётган барча миллат ва элатларнинг ўртасидаги мустаҳкам ва собит дўстлик, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик, аҳиллик ва хайрихоҳлик каби бошқа эзгу муносабатларнинг амал қилиши – жамиятимиз тараққиётининг энг муҳим омилларидан бирига айланиб бораётганини ифтихор билан таъкидлашимиз жоиздир.
Хулоса сифатида шуни айтишимиз ўринлики, миллатлараро тотувлик ғояси шўролар тузуми даврида айтилган қуруқ баландпарвоз гапдек бўлмасдан, балки бугунги кунда халқимизни, юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларни ягона мақсад сари янада бирлаштирувчи ва жипслаштирувчи, жамиятнинг тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамловчи, барчанинг фаолиятига онглилик ва мақсадга мувофиқлик киритувчи моддий ва маънавий кучга айланиб бормоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |