Миллатлараро тотувилик - умумбашарий қадрият. Ер юзидаги 1600 дан ортиқ миллатдан бор-йўғи 200 га яқини ўз давлатчилигига эга, холос. Бундай шароитда бутун дунёда миллатлараро тотувликни таъминлаш учун уларнинг манфаатлари, руҳияти, интилишларини мунтазам ўрганиб бориш, сиёсий-ижтимоий ҳаётда буни доимо эътиборга олиш зарур.
Жаҳон тажрибаси миллатлараро тотувликни таъминлашга бир ёклама, юзаки ёндашув жиддий муаммолар келтириб чиқаришини кўрсатди. Хусусан, давлатга ўз номини берган (титул) миллат билан ўша жойда яшайдиган бошқа миллат ва элат вакиллари орасидаги муносабатлар жиддий эътиборни талаб қилади. Акс ҳолда, жамият ҳаётидаги тинчлик ва барқарорлик издан чиқиши мумкин. Бу масала бизнинг мамлакатимиз учун ҳам жуда муҳим. Ўзбекистон ҳудудида кадимдан кўплаб миллат ва элат вакиллари баҳамжиҳат истиқомат қилиб келган. Улар ўртасида асрлар давомида миллий низолар бўлмагани халкимизнинг азалий бағрикенглигини кўрсатади. Миллатлараро муносабатларда уйғунлик вужудга келган мамлакатларда кўп миллатлилик жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига самарали таъсир этади. Мамлакатимиз Конституциясида, «Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади»,– деб таъкидланиши, «Фуқаролар сайлов ҳуқуқдарининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунда эса барча фуқароларга ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқийва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқининг берилиши белгилаб қўйилганлиги ана шу бағрикенгликнинг замонавий сиёсий-ҳуқуқий ифодасидир.
«Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади». Конституциямизда белгилаб қўйилган ушбу қоида ҳам ҳаётда ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Республикамизда миллий-маданий эҳтиёжларни қондиришнинг муҳим механизмига айланган 120 га яқин миллий-маданий марказ фаолият кўрсатаётгани фикримизнинг далилидир. Бундан буён ҳам қўлга киритилган ютукларни янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизда яшаб келаётган миллатларни ўзаро ҳамжиҳатлик руҳида тарбиялаш миллий истиқлол мафкурасининг асосий мақсадларидан биридир.
Жамиятда миллатлараро тотувлик барқарор бўлишини таъминлаш йўлидаги амалий ишлар маънавий-руҳий жараёнларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Ушбу жараёнга хос хусусиятларга тўхталишдан олдин методологик аҳамиятга эга бир масалага диққатни қаратиш лозим. Маълумки, оммавий ахборот воситаларида ҳам, илмий адабиётларда ҳам бошқа мамлакатларда яшовчи турли миллат ва элат вакилларининг ўз миллий давлатларига бўлган муносабатларини ифодалаш учун аксарият ҳолларда «этник ватан» ёки «тарихий ватан» тушунчалари ишлатиб келинмоқда. Бу тушунчаларнинг тўғрилигини инкор этмаган ҳолда, уларни ўринсиз қўллаш ҳоллари ҳам мавжудлигини таъкидлаш зарур. Масалан, юртимизда истиқомат қилувчи тожиклар учун Тожикистон, қиргизлар учун Қиргизистон, қозоқлар учун Қозоғистон, туркманлар учун Туркманистон ҳеч қачон этник ёки тарихий Ватан бўла олмайди. Бизнингча, «этник ватан» ва «тарихий Ватан» тушунчалари деярли бир хил мазмунга эга бўлиб, халқнинг тарихан этник бирлик сифатида шаклланган ҳудудини англатади. Номлари зикр қилинган миллатларнинг бир қисми эса тарихан ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида яшаб келган ва бугунги кунда қўшни давлатларга ном бериб сиёсий жиҳатдан уюшган қисми билан боғлиқ ҳолда ягона этнос сифатида ривож топган. Демак, улар тарихан шу ҳудудда яшаб, этноснинг бир кисми сифатида шаклланганлар. Шундай экан, юқоридагига ўхшаш каби ҳолатларни ифодалаш учун «этносиёсий ватан» тушунчасини ишлатиш ўринлидир. Зеро, диаспора вакилларининг у ёки бу мамлакатга бўлган кизиқиш ва интилишлари ушбу ҳудудда этноснинг катта ёки асосий қисми яшаётгани билан эмас, балки уларнинг муайян давлат бирлигига уюшгани билан белгиланади. Кишиларнинг этник (тарихий) Ватанига интилишлари ҳам аксарият ҳолларда айнан миллий давлатчиликнинг мавжудлиги ва шундан келиб чиқадиган имкониятларнинг кенглиги билан боғлиқ бўлади.
Мамлакатимизга татбиқан олинганда эса, этник(тарихий) Ватани қаерда бўлишидан қатъи назар, фуқароларимизда «Ўзбекистон – ягона Ватан» деган туйғу қарор топганини бугунги кунда кечаётган маънавий-руҳий жараёнларнинг асосий хусусияти сифатида қайд этиш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |