Мустақиллик даврида миллий миллий – маданий марказларининг шаклланиши ва ривожланиши. Ўзбекистон полиэтник давлатлар қаторига киради. Асрлар давомида бу ерда ўзбеклар билан ёнма-ён тожиклар, қорақалпоқлар, қозоқлар, қирғизлар, туркманлар, уйғурлар ва бошқа кўпгина халқларнинг вакиллари аҳил ва иноқ яшаб келишган. Шуни айтиш мумкинки, мамлакатимизнинг кўпмиллатлилигига халқимизнинг очиқкўнгиллиги ва меҳмондўстлиги ҳам сабаб бўлган. Бу минтақадан ўтганБуюк Ипак йўли эса иқтисодий, маданий ва маънавий алоқаларнинг кенгайишига хизмат қилган. Шу ўринда айрим далилларга мурожаат қиламиз:
1897 йилда республикамизнинг ҳозирги ҳудудида 70 миллат вакили яшаган. 1927 йилга келиб 90 миллат ва элат вакили истиқомат қилган. 1959 йилда 113 миллат вакили рўйхатга олинган. Бугун эса 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бор. Мамлакат аҳолиси (2015 йил биринчи ярмида): 31 миллион 022 минг 500 киши.
Шундан 25 миллиондан ортиқ (81.8%) киши ўзбеклар.
6 миллионга яқин (18.9%) киши бошқа миллатлар вакиллари. Улардан:
Тожиклар – 1,5 миллионга яқин (4.7%)
Руслар – 1 миллионга яқин (3.3%)
Қозоқлар – 900 минг атрофида (3.1%)
Қорақалпоқлар – 800 мингдан кўпроқ (2.1%)
Татарлар – 250 мингга яқин (0.9%)
Қирғизлар – 250 минг (0.9%)
Корейслар – 150 минг атрофида (0.5%)
Туркманлар – 165 мингдан кўпроқ (0.6%)
Украинлар – 87 минг, озарбайжонлар – 43 минг, арманлар – 40 минг, белоруслар – 21,5 минг, яҳудийлар 11 минг, молдованлар – 5,5 минг, немислар - 5 мингдан ортиқроқдирлар.
Мамлакатимизда ана шунга асосан Ўзбекистонда яшовчи муайян бир миллат вакилларининг миллий маданий эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилувчи жамоат ташкилотлар - Миллий-маданий марказларфаолияти йўлга қўйилган. Ҳозирги кунда юртимизда 140 дан зиёд миллий маданий марказлар фаолият юритмоқда. Президентимиз ташаббуси билан мазкур марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида 1992 йил январда Республика “Байналмилал маданиятлар маркази” ташкил этилган. У жамиятимиздаги тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, миллий ва умумбашарий анъаналарни равнақ топтириш, уларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилишга баҳоли қудрат ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ташкил этилаётган кўплаб тадбирлар, концерт дастурлари, кечалар, фестиваллар, кўрик-танловлар, конференциялар шулар жумласидандир. Масалан, “Ўзбекистон — умумий уйимиз”, “Ватан ягонадир, Ватан биттадир”, “Қудратимиз — бирлик ва ҳамжиҳатликда” каби шиорлар остидаги фестиваллар кўп миллатли аҳолимизнинг чинакам дўстлик байрамига айланиб улгурган, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Ҳар йили миллий айёмларимиз ҳам марказимиз бошчилигида миллий маданий марказлар билан биргаликда муносиб нишонланмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган санага бағишлаб ҳамда Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан илмий-амалий конференциялар, учрашувлар ўтказиш йўлга қўйилган. Булар сирасига миллий маданият кунлари, декадалари, миллий байрамларни ҳам киритиш мумкин.
Миллий-маданий марказлар Ўзбекистон Республикаси Конститутсияси ва Ўзбекистон Республикасининг жамоат ташкилотлари тўғрисидаги амалдаги қонунларига ҳамда ўз низомига асосланган ҳолда фаолият кўрсатади. Миллий-маданий марказларм. муайян миллатга хос бўлган миллий маданият, тил, урф-одат, анъана ва таомилларни ўрганиш, сақлаб қолиш ва ривожлантиришдан манфаатдор бўлган Ўзбекистон фуқароларини ихтиёрий равишда бирлаштиради. Ўзбекистон Республикасининг "Нодавлат ва нотижорат ташкилотлар тўғрисида"ги қонуни (1999й. 14 апрел)га асосланган ҳолда тузилади. Низоми тегишли адлия ташкилотлари (Адлия вазирлиги ёки вилоят ва шаҳар адлия идоралари) томонидан рўйхатга олинади. Ўз фаолиятини бевосита ёки жамоалардаги бўлимлари орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширади.
Ўзбекистон раҳбарияти аҳолининг кўпмиллатлилигини ҳисобга олиб, мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Давлатимиз миллий сиёсатининг асосий йўналишлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясида баён этилган. Миллий сиёсат қуйидаги тамойилларга асосланади:
Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади;
Миллатидан қатъий назарфуқароларнинг қонун олдида тенглиги;
Давлат ва жамият бошқарувининг барча бўғинларида этник ўзига хосликларни ҳисобга олиш;
Миллатчиликнинг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасизлик;
Ижтимоий ва сиёсий ҳаётда барча миллат ва элат вакилларининг ҳар томонлама иштирокини таъминлаш;
Республикада ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қиладиган партиялар ва жамоат бирлашмалари тузилиши ҳамда уларнинг фаолияти тақиқланган.
Дастлабки Миллий-маданий марказлар корейслар, қозоқлар, яҳудийлар, арманлар томонидан республика вилоятларида 1989 йилда тузилган. Бу марказларнинг чинакам ривожланиши ва равнақ топиши Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин бошланди. Ўзбекистон мустақиллиги муносабати билан уларнинг самарали фаолият курсатиши учун кенг имкониятлар яратилди. Натижада Миллий-маданий марказлар сони йил сайин ортиб борди. Агар 1992 йил 10 та Миллий-маданий марказлар иш олиб борган бўлса, 1995 йилда уларнинг сони 72 тага, 2003 йилга келиб эса 135 тага етди. Улар республика маданий марказлари, вилоят, шаҳар, туман маданий марказларидан иборат.
Республикада ҳозирги пайтда қатор миллатлар вакилларитомонидан тузилган 150 га яқин миллий маданий марказ (МММ) фаолият олиб бормоқда. 14 МММ республика мақомига эга. 31 корейслар, 23 руслар, 10 тожиклар, 9 қозоқлар, 9 татарлар (3 та татар-бошқирд МММлари) тузилган. Озарбайжонлар 8, туркманлар 7 та, краинлар ва қирғизларда 6, туркларда ва Европа яҳудийларида 5 тадан МММ бор. Немислар, поляклар ва арманлар 4 тадан, уйғурлар ва Бухоро яҳудийлари 3тадан, белоруслар ва қрим татарлар 2 тадан, араблар, болгарлар, бошқирдлар, греклар, грузинлар, литваликлар, қорақалпоқлар, хитойлар ва дунганлар 1 тадан МММ фаолият олиб боради.
Республика байналмилал маданият маркази ва МММ фаоллари орасида В. Б. Пак (Хоразм вилояти корейс маркази фаоли), Ўзбекистон Халқ ўқитувчиси, рус маркази фаоли С.Герасимова каби Ўзбекистон Қаҳрамонлари, 80 га яқин киши “Дўстлик”, “Меҳнат шуҳрати” орденлари,“Шуҳрат” медали, фахрий унвонлар, Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиқлари каби юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган. Мукофотланганлар қаторида 24 миллат вакиллари бор.
Таъкидлаб ўтиш ўринлики, бугун Ўзбекистон телевидение ва радиосида 10 тилда (ўзбек, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман, татар, уйғур, озарбайжон) кўрсатув ва эшиттиришлар олиб борилади. Газеталар 10 тилда (ўзбек, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, корейс, тожик, туркман, украин, инглиз), журналлар эса 8 тилда (ўзбек, қорақалпоқ, рус, инглиз, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман) босилади. Ўрта ва олий таълим 7 тилда: ўзбек, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман тилларида амалга оширилади.
Ўзбекистон каби полиэтник мамлакатда турли миллатлар вакиллари манфаатларини уйғунлаштириш, улар орасида тотувликни таъминлаш тараққиётнинг ҳал қилувчи омилларидан бири ҳисобланади. Зеро, миллатнинг истиқболи бошқа халқлар ва мамлакатларнинг тараққиёти, халқаро майдондаги вазият ва имкониятлар билан хам боғлиқдир.
Ўзбекистон Республикасида яшовчи турли миллат вакилларини республика ижтимоий, маънавий маърифий ҳаётида фаол иштирок этишини таъминлаш миллий-маданий марказлар фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир. Шунингдек, хорижий мамлакатлардаги турдош ташкилотлар ҳамда тарихий ватанлари билан дўстлик, ҳамкорлик, маданий-маърифий алоқалар ўрнатиш ва ҳамдўстлик алоқаларини ривожлантириш, Республика байналмилал маданият маркази, манфаатдор вазирликлар, идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда ижодий уюшмалар билан ҳамкорликда мамлакатимизда фуқаролар ҳамжиҳатлиги ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга кўмаклашиш марказнинг асосий вазифалари бўлиб ҳисобланади. Низомда белгиланган мақсад ва вазифаларга эришишда марказлар қуйидаги фаолият турларини амалга оширади: мусика ва театр студияларини, она тили, тарих, ёзув, адабиёт, халқ оғзаки ижоди, театр ва рассомчилик санъати, миллий урф-одатлар ва ҳунармандчилик, миллий спорт ва ўйинлар турларини ўрганиш бўйича ўқув гуруҳлари ва якшанба мактабларини амалдаги қонунчиликка мувофиқ тузади; миллий маданият, миллий тил; миллий санъат турлари ва миллий урф-одатларни ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадларида семинарлар, конференсиялар, давра суҳбатлари, фестиваллар ва учрашувларни; хор ва бадиий жамоаларни ташкил этади. Миллий-маданий марказлар фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 13 январ қарори билан ташкил этилган Республика байналмилал маданият маркази мувофиклаштиради17.
Do'stlaringiz bilan baham: |