Улуғбек Ҳамдам. Мувозанат (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
262
учмоқда. Ҳа, ниҳоят унинг ҳам елкаси офтоб кўрди, юзи кулди. Юсуф
ўз ёлғизлигини унутди. Фақат... фақат яна алдов бўлмаса, бас!
Юсуфнинг тарихга бўлган муносабати ҳам ўзгарганди. Бу — иккинчи
ўзгариш эди. Икки тоғасининг суҳбатларида юз берганди. Фақат у
эндигисини аввалгисига чоғиштириб бўлмасди асло!.. Яъники, Юсуф
тарихни ўзи учун янгидан кашф қилганди. Мозий ҳисоботи битилган
саҳифалар энди кўз ўнгида гўё жонланарди, у ўқимасди, балки кўрар
ва эшитар, иштирок этарди. Унинг учун энди ўтмишнинг битилмаган
ёки маълумоти бизгача етиб келмаган даврлари йўқ эди. Тасаввур ва
тафаккурида ўтмиш яхлитлигича гавдаланганди. Ҳатто бугун ва
келажак ҳам ўз ботини ойнасида аксланиб турарди.
Чунки у
башариятни ҳаракатлантирувчи куч — Мувозанат эҳтиёжи билан
танишганди, унинг кўзларига жудаям яқиндан — масофасизликдан
туриб тикилганди. Ва у инсоният тарихига илк бора ўз қисмати
орқали, инсонни, унинг бахту бахтсизлигини тушуниш орқали
назар
ташлаган ва шу йўсин ҳис қилганди. Бу тарих энди унга аввалгисидан
анча яқин ва азиз туюларди, ҳатто ҳар иккиси ҳам битта тарих — бир
хил маълумотлар битилган саҳифалардан иборат бўлса-да.
Ниҳоят, Юсуф англадики, ёзмоқчи бўлгани тарихни, барибир,
унинг ўзигина ёза олар ва ёзиши зарур экан. Ҳа,
унинг орзулари
худди қайтар баҳорлар каби қайтиб келганди...
107
Янги йил байрами яқинлашаётганди. Юсуф фирмада ишлаб
жамғарган пулларининг бир қисмига совға-салом сотиб олди. У буни
ўтган йили қилолмаганди.
Сезиб турардики, бу ишни жуда катта
мароқ ва иштиёқ билан бажарди. Энди тезроқ яқинларини соғ-
саломат кўргиси, улар билан дастурхон атрофида чордана қуриб
ўтирганча, девзира ошидан сўнг кўк чойни босиб-босиб ичган кўйи
узун-узун суҳбатларга толгиси, эсидан чиқиб кетаётган аския ва
пайровларга қўшилгиси, қаҳ-қаҳ уриб кулгиси келарди.
Худди бир
вақтлардагидек...
Эрталабки ғира-шираликда Юсуф туман марказидаги мол-қўй
Улуғбек Ҳамдам. Мувозанат (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
263
сотиладиган бозор яқинида машинадан тушиб қолди. Бозор гавжум,
мол-қўй эса одамдан-да сероб эди.
У симобдек қайнаб турган майдонга бир пас разм солиб турди-да,
ўзига синашта боқаётган одамнинг олдига дадил бориб сўрашди:
— Ассалому алайкум!
— Ваалай...
— Мабода даллолмасмисиз?
— Худди ўзи.
Нима оласиз, молми қўй, новвосми ғунажин,
қўчқорми совлиқ?..
— Соғин сигир. Туққанига бир-икки ҳафта бўлган, серсут, зотдор
сигир топиб беринг, ака.
— Юринг...
Do'stlaringiz bilan baham: