Улуғбек Ҳамдам. Мувозанат (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
137
бўлсин. Унинг руҳи чўкиб борарди — қорни оч, чўнтагида мири йўқ,
ҳатто бозорга пиёда бориб келаётганди. Эрта туриб, индинга ижара
ҳақини тўлаши керак. Қарз
олай деса, танишлар таътилда. Борлари
ҳам амал-тақал қилиб кун кўряпти. Ахир “Гадонинг душмани гадо
бўлади”, деганларидек, гадонинг таниши ҳам, дўсти ҳам гадо бўлар
экан...
Учинчи куни ҳам Юсуфнинг омади чопмади. Тушга яқин силласи
қуриб, бозордан яёв келаркан,
бир неча бор боши айланди, оёқлари
чалишиб, йиқилишига оз қолди. Амаллаб хонасига етиб келгач, кеча
сўнгги пулига сотиб олган ва учдан бир бўлаги қолган бўлка нонга
ёпишди. Газетага ўраб қўйганига қарамай, нон сувараклар ва майда
қумурсқаларга ем бўлаётган экан. Сувараклар ўзларини “тап-тап”
полга ташладилар, ўрмалаб қўлига чиққанларини Юсуф силкиб
туширди.
Лекин қумурсқаларни териб адоқ қилиб бўлмасди. Улар ноннинг
орасидан ҳам чиқиб келаверардилар. Юсуф нонни тенг иккига бўлган
эди. У ерда ҳам ўрмалаб юришибди. Чор-ночор нонни қайтиб жойига
қўйди ва ўзини яна кроватга ташлади. Бошини ёстиқнинг
тагига
бостириб ухламоқчи бўлди... Ошхонада пишаётган овқатнинг хуш
бўйи коридор бўйлаб таралиб келиб, димоғини қитиқлади. Оғзи
сўлакка тўлди. Чидай олмай ошхона томон юрди. Икки газўчоқда
биттадан қозон қайнаётганди. Бу ерда одатда, ҳамма нарсани тўғраб,
қозонга ташлашади-да, ўзлари хоналарига кириб кетишади. Ҳозир
ҳам аҳвол шундай эди. Битта қозонда аллақандай суюқ овқат,
иккинчисида эса картошка қайнаётганди. Юсуф иккаласига ҳам
суқланиб боқди. У овқатнинг жон таъмини ҳис қиларди шу тобда.
Бироқ бир қарорга келолмасди. Ахир бу — ўғрилик! Ошхонада у
ёқдан-бу ёққа юрар ва бир овқатга, бир ойна девор ортидаги
дарахтзорга қарар, фикрини ҳеч жамлай олмасди. Шу дам йўлакнинг
бир учида қадам товуши эшитилди ва Юсуф “худога шукр” деди-да,
ошхонадан чиқди. Ботинида эса кураш барибир давом этарди.
“Наҳотки, мен ўғирлик қилсам? 35 га кирганда-я. Эй худоим, қутқар
мени бу шармандаликдан!” Бироз фурсат кечди... Очлик ичини баттар
тимдалади, силласи қуриганидан кўз олди қоронғилаша бошлади.
Юсуф эшикни жипс ёпиб, ичидан қулфлагани етмаганидек, овқатнинг
Улуғбек Ҳамдам. Мувозанат (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
138
ҳиди кирмасин, дея одеял билан тирқишларини ҳам беркитиб
ташлади. Бироқ уни қийнаётган нарса ташқарида эмас, ичкарида – ўз
қорнида эди: Юсуф эшикни очди. Картошкани қозон-позони
билан
кўтариб келмоқчи бўлди. Бироқ шу асно ошхонадан боласини кўтариб
чиқиб кетаётган аёлга кўзи тушиб, шашти сусайди. Бир зум
каловланиб турди-да, тумбочкадан қошиқ ва коса олди. Ошхонага
етиб келиб, картошкага қошиғини чўзаркан, титраб кетди, хўрлиги
келди, аввал қошиқни, сўнг косани тош полга зарб билан урди. Қошиқ
сапчиб шифтга тегди, коса эса чил-чил бўлди. Юсуф хонасига чопди
ва қумурсқа
босган нонга ташланиб, кўзларини “чирт” юмганча уни
паққос туширди. Сўнг ошхонага бориб совуқ сувни очди, энгашиб
жўмракдан тўйиб-тўйиб ичди. Қайтиб хонасига кирди. Энди очлик
хуружи ўтиб, ўзини анча дуруст сезарди. Очиқ
дераза олдига бориб,
ташқарига кўз солди. Кўп қаватли ётоқхона биноси ёнбошидан
бошланган ва кўз илғамас узоқликларга узалиб кетган дарахтлар ичра
ҳафиф шитирлашни эшитди. Диққат билан қулоқ осди: ҳақиқатан ҳам
барглар майин шитирлаб, навбатдаги фаслдан — ўзгаришдан дарак
бераётган эди.
Бирдан Юсуфнинг хаёлига аламли ўйлар бостириб келди. Тавба,
тавба, мен ўз қорнимни боқолмаяпманку, оиламни, ўғлимни қандай
оёққа қўяр эканман?.. Отам бизга — бешовлон ўғлига берганни мен
бор-йўғи биттагина жигарбандимга инъом қилолганим йўқ. Нега,
ахир?.. Мен чинданам омадсизманми ёки бунинг бошқа сабаби
борми?..
Шундай ўйлар билан Юсуф кўзи илинганини сезмай қолди. Бир
вақт эшик тақиллади. У чўчиб тушди ва эринибгина қўзғалиб эшикни
очди. Остонада икки талабаси — Шавкат ва Рамзиддин турарди...
Do'stlaringiz bilan baham: