Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
www.ziyouz.com kutubxonasi
101
уруғ, эл-юрт бор...
Худога шукр, юртдан оқибат кўтарилмаган экан. Ҳалитдан нечтаси «Бизга
нима хизмат бор?» деб келяпти. Даданг шунча йил раис бўлиб, бировнинг оҳига озор берганмас.
Ҳаммасининг бошини силаган. Тўйи борми, маъракаси борми, туриб берган.
Ҳовлида ҳамон мусича кукувлайди. Ёзнинг толиқтиргувчи сукунатини янаям
чуқурлаштиришга аҳд қилгандек, осойишта ва ҳорғин хониш қилади. Ўзбекнинг ўзидек содда,
беозор... Беозорлиги учун дуч келган дайди мушукка ем бўладиган қушча...
Ойим бир нималарни ўйлаб, ўзича жилмайиб қўйди.
— Кафан кийган кетади, капалак кийган келади! — деди ишонч билан. — Мени айтди,
дерсан! Даданг келадилар. Ярим йил ўтар, бир йил ўтар... Эшикдан кули-и-б кириб келадилар.
Шаҳнозахонни чўғдек ясантириб саломга олиб чиқаман.
Шаҳноза кўз ўнгимга келди. «Шу ҳафта
совчилар боради, тағин ноумид бўлиб қайтиб
кетишмасин», деганимда ийманиб ерга қараб турган Шаҳноза...
Ойим капалакни гапирдими? Қизиқ... Уйга капалак кириб қопти. Миттигина. Қанотлари
кўкимтир. Унсиз типирчилаб у деворга урилади, бу деворга урилади. Ана! Қанотларини
жонҳолатда силкиб, учиб борди-да, дарпардага қўнди.
Худо билсин, эрталабдан бери ёруғ
дунёга чиқиб кетиш илинжида питирлайвериб ҳолдан тойгандир... Синчиклаб кузатиб турдим.
Биддимки, капалак нур шу ердан тушаётганини сезиб турибди. У ёкда, ташқарида офтоб бор.
Эркинлик бор... Тоза ҳаво... Гулзорлар... Шўрлик! Билмайдики, башарти бирон инсофли одам
дейлик,
мен пардани бир четга суриб, йўл очиб берганим тақдирда ҳам, капалак барибир
озодликка чиқолмайди. Дераза ёпиқ... Ташқарида ёруғ олам кўриниб туради. Аммо деразадан
тушаётган нур — қалбаки нарса... Ўртада тўсиқ бор. Ҳаммаси — ёлғон! Ҳаммаси — алдов!
Нурли келажак деб одамларни алдаш мумкин-ку! Сен ким бўпсан, биродар! Оддийгина
капалаксан, холос!
...Дадам масаласида югурмаган жойим қолмади. Адвокатура... Прокуратура... Суд...
Райком... Обком... Марказкўм... Минг хил амалдорни кўрдим. Эшиқдан киришинг билан «ҳозир
сузиб ташлайман», деб, буқага ўхшаб хўмрайиб ўтирганини ҳам,
мулойим табассум билан
қарши оладиганини ҳам жавоби бир хил. «Майли, аризангизни ташлаб кетинг, ўзимиз хабар
қиламиз». Баъзилари овозини пастлатиб дўстона маслаҳат беради: «Отангиз «пахта иши»
бўйича қамалганми? Яхшиси бу ишга аралашманг». Аланг-жаланг бўлиб,
товушини янаям
пасайтиради: «Биласизми, ука, бу иш билан Москва шуғулланяпти. Эҳтиёт бўлинг...» «Ўзи
хабар қиладиган»лардан бир тилиш хат келади. «Коммунизм» колхозининг собиқ раиси
Шоматов Шомансур асосли равишда ҳибсга олинган. Суд ўн йил қамоқ жазосига ҳукм қилган.
Мазкур иш бўйича шикоятингиз бўлса мамлакат олий органларига мурожаат қилишингиз
мумкин...»
Ёпиқ дераза! Ҳаммаси равшан. Барчаси адолатли. Ҳаммаёқ гўзал! Олам нурга тўлиқ! Ёлғон
нур... Ёлғончи дунё ва... ожиз капалак...
Do'stlaringiz bilan baham: