www.ziyouz.com кутубхонаси
107
— Ҳа-ҳа, ёнида бир кампир бор эди, ўша-да? Бу мумкин!
Қабулхонада бари-бари менга қаради. Биров ачиниб қаради. Биров қайғуриб қаради. Биров
бош чайқади. Биров бош ирғади. Қабулхонада пичир-пичир бошланди.
— Эркаги экан, шўрпешонани эркаги экан.
— Ҳай, бечора-е, бечора.
— Э, тавба-е, туманда бир ойда тўртта шундай кўргилик бўлди-а?
— Тўртов бўлдими-а?
— Эса-чи. Жобида биров, Мўминқулда биров, Сайракда биров, буниси билан тўртов.
— Қандай замон бўлди-а?
— Олдинлариям кўп бўлиб эди, билдиришмади. Энди билдиришаяпти.
— Кўрасиз, ҳали шуниям босди-босди этадилар.
— У-ку, чин. Олдинги тўрттасиниям босди-босди этдилар.
— Ойдай-кундай кўриниб турган куйикни қайтиб босди-босди этадилар?
— Эб-е, жўқчи деса, жўқчи дегуликсан-да, эб-е. Катталарни олдида оқни қора дейиш нима
деган гап...
Оқ халатли йигит телефонда биров билан гапиришди.
— Бир четга? Бўпти, бир четга, бўпти, — деди.
Йигит билагимдан ушлаб ҳовли етаклади. Қўли билан бир четни — қуюқ дарахтлар остини
кўрсатди.
— Ана ўша ўтирғичга бориб ўтириб туринг, кампирни ҳозир юбораман, — деди. —
Шовқин-сурон қилмай, тинчгана ўтиринглар.
— Ким шовқин қилаяпти?
— Сиз эмас, кампир шундай экан. Кампир келганда шундай бақириб-чақирди, шундай
шовқин-сурон қилди, касалхонани бошига кўтарди! Шунга, бош врачимиз шовқин қилмасин,
четроқда гаплашсин, деяпти. Энди сиз эркак одамсиз, кампирга айтиб қўясиз-да.
Мен йигит айтмиш хилват бориб ўтирдим. Оёқ узатиб ўтирдим.
14
Сағал ўтди — онамиз пайпанглай-пайпанглай келди.
Онамиз рангида ранг бўлмади. Онамиз кўзлари шиш-шиш бўлди. Онамиз бурунлари оқиб-
оқиб ётди.
Онамиз қабатимдан жой олди. Дока рўмоли билан оғзини ушлаб... сел-себор йиғлади.
— Кўргилигинг кўп бўлсин, сендайчикин эркакни! — деди.
— Эб-е, мен сизга нима қилдим?
— Қичқирганимдан чопа келсанг, ўлармидинг!
— Қачон? Эшитганим йўқ, худо урсин агар, эшитганим йўқ!
— Қанча қичқирдим, том-тошни бошимга кўтардим, ҳовлини бошимга кўтардим.
Деҳқонқул-а, кела бер-чи кела бер, деб қичқирдим.
— Эшитганим йўқ, ит бўлайин агар, эшитганим йўқ!
— Эл-халқим, кела бер-чи кела бер, деб бақирдим. Қани, бировгина жонзот овоз берса,
отинг нима деса!
— Бари менга ўхшаб далада юрган-да?
— Ҳа, даланг билан қўшилиб чалпак бўлгин, чалпаккина бўлгин! Ҳа, даланг билан қўшилиб
қўшмозор бўлгин, қўшмозоргина бўлгин! Шу аёлга бир нима бўлсин қани, мен сени нима
қиламан экан!
— Ўзи, нима бўлди, айтинг қаникайин?
— Очиқ мозор бўлди, очиқ лаҳад бўлди!
Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)
Do'stlaringiz bilan baham: |