www.ziyouz.com кутубхонаси
147
этади! Ўзбеклар қонун посбонларини чақиб-чақиб олайин, дейди! Ўзбеклар қонун
посбонларини домига тортиб-тортиб юборайин, дейди! Аммо биз — ўзбеклар бошини янчамиз!
Ўзбеклар бошини ана шу илон бошларидай янчиб-янчиб ташлаймиз! Ўзбеклар бошини ана шу
илон бошларидай мажақлаб-мажақлаб ташлаймиз!
Иван-Иванович юриб-юриб чекди.
Иван Иванович дераза олдида туриб-туриб чекди.
Иван Иванович деразадан ташқари қараб-қараб чекди.
— Бўпти! — деди. — Мен сени одамбашара бўлармикинсан, деб эдим, бўлмадинг, Барандан
ҳам ўтдинг! Эшакми, тўнғизми — шундай бир махлуқ бўлдинг!
— Гектаридан қирқ беш центнердан пахта бердим... — дея манқаландим.
— О-о, жавр бўпти-ку-а, жавр!
— Мени оҳимни-да эшитажаклар бордир... — дея манқаландим.
12
Оҳимни эшитажак одам тополмадим. Дардимни ютиб ётдим-ётдим — бир нимани пайқаб
қолдим.
«Садист» эшик тешигидан оҳиста-оҳиста овоз берди:
— «Юла», «Юла»... — деди.
Биров эшик ортидан келди. Тешикдан мўралади.
— Нима, нима? — деди.
— «Юла», қоғоз-қалам олиб кел, — деди «Садист».
«Садист» «Юла»дан қоғоз-қалам олди. «Садист» мактуб битди. Мактуб буклади. Мактуб
хатжилдлади.
«Садист» хатжилдни «Юла»дан жўнатди. Мен-да тавалло этдим.
— Кимга ёзасан? — деди «Садист».
— Бола-бақраларимга-да?
— Болаларга бўлса, майли. Лекин мактуб пул билан бўлади, чурбан. «Юла» ҳар бир мактуб
учун озодликдаги хеш-ақраболаримиздан пул олади. Бўлмаса, «Юла» бир қадам ҳам босмайди.
Масковда таниш-билишлардан борми? Айтмоқчи, сен чурбанда таниш нима қилади. Майли, бир
хайрия қиламан. Лекин бир шарт билан қиламан. Шартимни кейин айтаман. Келишдикми?
Мен майли-майли, дея бош ирғадим.
«Садист», «Юла»дан қоғоз-қалам олиб берди.
Мен кимга нома битишни ўйладим.
Бола-бақрага арз-дод этиб бўлмайди. Арз-дод этганим билан — бола-бақра қўлидан нима
келади?
Зиндонбандни бор этгич-да прокурор бўлади, йўқ этгич-да прокурор бўлади. Аммо —
прокурорга нома битиб бўлмайди.
Иван Иванович прокурор ўзимман... деди.
Шароф Рашидовни йўқлаб нома йўллайин дедим — Рашидов бобо оламда йўқ бўлди. У
киши бор бўлсалар эди — Шароф ота, бандангни қутқар, дея нома битар эдим...
Ўртоқ Брежневга арз-дод этайин дедим — Брежнев-да йўқ бўлди.
Унда, дардимни кимга айтар бўлдим?
Ўйладим-ўйладим — ана шундай зотни топдим.
Тилим чиқмишдан буён исми шарифини ёдлаб-ёдлаб юрмиш зотни топдим.
Тилим чиқмишдан буён исми шарифини тилимдан-да, дилимдан-да қўймайин юрмиш зотни
топдим.
Қўлларим қалт-қалт эта-эта битдим:
Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)
Do'stlaringiz bilan baham: |