www.ziyouz.com кутубхонаси
155
УСМОНХЎЖАЕВ: Мени ушбу йил ўн тўққизинчи ўктабрида зиндонбанд этдилар. Мен илк
кунданоқ ҳалол йўлдан бордим. Оқни оқ, дедим, қорани қора, дедим! Барча жавобгарликни
бўйнимга олиб айтдим. Тағин айтаман: ҳа, пора олиб-пора бериш — Ўзбекистондан
Масковгача кундалик воқеа эди!
ВАСИЛЬЕВ: Кимларга пора бериб эдингиз?
УСМОНХЎЖАЕВ: Мен бировга туҳмат қилмасдан айтиб бераман! Мен нима бўлди —
ана шуни айтиб бераман!..
Мен КПСС Марказий Қўмитаси ташкилий-фирқавий ишлар мудири СМИРНОВга эллик
минг сўм бердим. Боиси — Смирнов очиқ-ойдин пул талаб қилди-да! «Ёрдам бер-чи, ёрдам
бер!» деди-да!
Мен КПСС Марказий Қўмитаси котиби РОМАНОВга бир дипломат олиб келиб бердим.
Дипломатда турли-туман миллий совға-саломлар ҳамда йигирма беш минг сўм пул бор эди.
Мен КПСС Марказий Қўмитаси котиби КАПИТОНОВга икки маротаба эллик минг-эллик
мингдан юз минг сўм пул бердим. Берганда-да — ўртоқ Капитоновни фирқавий ишхонасида
бердим!
Мен КПСС Марказий Қўмитаси ҳузуридаги фирқа назорати қўмитаси раиси
СОЛОМЕНЦЕВга юз минг сўм пул бердим. Соломенцевга ҳам ўз фирқавий ишхонасида
бердим!
Мен СССР Бош Прокурори РЕКУНКОВга Юрмала шаҳрида эллик минг сўм пул бердим.
Бош Прокурор қўлимдан пулни олди-олди-да, миннатдорчилик билдирди. «Қўллаб-
қувватлайман», деб ваъдалар берди.
Тошкентда РЕКУНКОВга тағин эллик минг сўм пул бердим. СССР Бош Прокурори тағин
миннатдорчилик билдира-билдира — қўлимдан пулни олди.
Мен СССР Олий суди раиси ТЕРЕБИЛОВга қирқ минг сўм пул бердим. Икки минг саккиз юз
сўмлик гилам бердим. Гиламни Ўзбекистон Марказий Қўмитаси ишлар бошқармаси ходимлари
тайёрага аранг-аранг юкладилар.
Мен КПСС Марказий Қўмитаси котиби ўртоқ ЛИГАЧЕВга олтмиш минг сўм пул
бердим!..»
Иван Иванович жилдтахламни ёпди. Ипларини бойлади.
— Ана, эшитдингми? — деди, —Пошшои аъзаминг-а, пошшои аъзаминг!
21
Мен... илойим, қулоғим карлиги чин бўлсин, дедим.
Мен... илойим, бари айбни карлигимдан кўрайин, дедим.
Мен... илойим, умрбод кар бўлсам бўлайин — аммо-лекин... ана шу гапларни эшитмаган
бўлайин, дедим.
Шу боис — дераза боқиб ўтира бердим.
— Ҳа, намунча безрайиб қолдинг?
Шунда-да Иван Иванович қайрилиб боқмадим.
— Ана сиз, ана Масков... — дея минғилладим.
— У нима деганинг?
— Ана, пошшомиз оппа-ойдин айтиб бераяптилар-ку? Масковга ўз-ўзидан чойчақа узатиб...
Ўзбекистонни калласи шамолда қоптими? Масков қўл чўзадики — Ўзбекистон садақа беради!
— Масковга тил теккизма, баран, Масковга тил теккизма!
— Масков бўлмаса — масковчи катталар! Ана, пошшомиз масковчи катталарни оппа-ойдин
айтаяптилар! Яна-тағин... номма-ном айтаяптилар, номма-ном! Ана, масковчи катталарни банди
этиб гапириша беринг-да!
Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)
Do'stlaringiz bilan baham: |