www.ziyouz.com кутубхонаси
154
— Умримда бировга-да пора бермадим, бировдан-да пора олмадим.
— Биламан, сенга пора берадиган аҳмоқ йўқ, биламан, Лекин сен пора бергансан!
— Бировга-да пора бермаганман, деяпман-ку.
— Бергансан!
— Ўлла ўлайин агар-а, пора берган бўлсам-а!
— Бергансан! Сен — раисингга узатасан, раисинг — туманингга узатади, туманинг —
вилоятингга узатади, вилоятинг — Марказкомга узатади!
— Ўлла ўлайин, бировга пора берган бўлсам-а!
— Қатталарга бир нима узатмасанг... қандай қилиб бригадир бўлдинг?
— Мен меҳнат қила бердим-меҳнат қила бердим — раисимиз кўтара берди-кўтара берди.
— Кечириб қўясан, баран, кечириб қўясан! Ўзбекистон катталари олдин бир нима олади —
ана ундан кейин бардор-бардор этади!
— Ўлла ўлайин, агар-а...
— Унда, қандай қилиб пахта топширишни узлуксиз бажариб келдинг? Узлуксиз-а, узлуксиз!
— Мен ерга тер тўка бердим-тер тўка бердим — ер менга ҳосил бера берди-ҳосил бера
берди.
— Кечириб қўясан, баран, кечириб қўясан! Сен ўзбеклар ерга тер тўкмайсан! Йўқ-йўқ, сен
ўзбеклар ерга тер тўкмайсан! Сен ўзбеклар... ергаям пора берасан! Ҳа, сен ўзбеклар ергаям пора
берасан! Пахталарингни деярли ярим фоизи қўшиб ёзилган! Ҳа-ҳа, қўшиб ёзилган! Қўшиб ёзиш
учун эса — тахи бузилмаган «Ленин»дан узатиш лозим бўлади!
Энди айт, раисингга нечта «Ленин» узатдинг?
— Ўйнаб қўяй, «Ленин»дан, ўйнаб қўяй! Йўқ «Ленин»ни қаердан оламан?
Иван Иванович ҳўппаклаб-ҳўппаклаб қулоқ-чаккам солди.
Мен ўтирғичдан жалпиллаб-жалпиллаб учиб тушдим.
Ўнг қулоқ-чаккам қизиб-қизиб оғриди. Ўнг қулоқ-чаккам шанғ-шанғ оғриди.
Шу кундан эътиборан ўнг қулоғим чиппа-чиппа битди-қолди.
20
— Усмонхўжаевни биласан-а? — деди Иван Иванович.
— Эса-чи. У киши пошшомиз бўладилар! — дедим.
— Ана шу пошшонг Ўзбекистон булбули бўлиб сайради! Навоий, Бобур... дегич баран
шоирлар ғазалларида булбуллар хониш этади-ю? Пошшонг ана шундай булбул бўлиб хониш
этди!
— Эб-е, у киши-да зиндонбандми, эб-е?
— Ҳа-да, зиндонбанд-да! Лекин Усмонхўжаевнинг аёли Элнурини гапга киритиб бўлмади.
Элнури ойлаб банди бўлиб ётди. «Эринг Усмонхўжаев тамом бўлди — энди эрингдан кеч»,
дедим. Қани кечса! Бошига ит кунини солдим! Охири масалани кўндаланг қўйдим: «ё, эрингдан
кечасан, ё, жонингдан кечасан», дедим. «Майли, жонимдан кечаман, лекин эримдан
кечмайман», деди Элнури. Ана аёл — мана аёл! Айтганда ҳам — юзимга тупуриб-юзимга
тупуриб айтди! Юзимга тупурса ҳам майли — барибир Элнурига қойил бўлдим! Ана шундан
кейин бутун ўзбек аёлларига қойил бўлдим!
Иван Иванович пўлатсандиқдан семиздан-семиз бир жилдтахлам олиб келиб очди.
— Хў-ўш, пошшо ҳазратингни Бош Прокуроримиз ўрнибосари ўртоқ Васильев сўроқ
қилдилар. Мана, сўроқ варақаси. Қулоқ сол, ана шу сўроқдан пича ўқиб бераман:
ВАСИЛЬЕВ: Сиз бир неча бор СССР Бош Прокурори номига арзномалар билан мурожаат
этибсиз. Сиз бу арзномаларда қандай йўллар билан пора олиб-пора берганлигингизни баён
этибсиз.
Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)
Do'stlaringiz bilan baham: |