www.ziyouz.com кутубхонаси
85
эшитган Азиза бир сескангандек бўлди. Шу пайтгача юрагининг бир четида Ҳакимжон ўчаётган
чўғдек гоҳ йилт этиб, гоҳ сўниб турарди. Энди бу чўғнинг юзини бутунлай кул босгандек
бўлди. Аммо бирон баҳона бўлиб биринчи муҳаббат эсига келганда, Азиза бекор кетган
ҳисларига ачинарди-ю, Ҳакимжоннинг кўзлари оловдек чақнаб, вужудининг бир четини жиз
этиб куйдириб қўярди.
У кунлар ўтиб кетди. Азиза чинакам муҳаббатини топган, шу муҳаббат ҳислари билан энди
у бахтиёр эди.
Зумраднинг садаф тишлари Азизани бир нафас бўлса ҳам болалик кўчаларига судрагандек
бўлди.
Тепаликка чиққунча Азиза чарчаб қолди. Икковлари кўкатга ўтиришди. У жувоннинг
атрофини ажин ўрай бошлаган кўзларидан кўзини узмасди.
Қандай чиройли қиз эди-я. Ҳусн ҳам шунчалик тез тугарканми?
Бир вақтлар ҳусни, санъати билан ҳаммани лол қилган қиз қандайдир аянч бир аҳволда
Азизанинг қаршисида ўтирарди. Унинг эгнида ранги ўчиб, гуллари билиб бўлмайдиган ҳолга
келган крепдешин кўйлак, оёғида аллақачон модадан қолган қора туфли, бошида дуррача.
Қандоқ кийинарди-я! Студентлар ётоғидаги қизлар фақат унинг кийимларини гапиришарди,
газетадан андаза қирқиб, жўн матолардан уникига ўхшаган кўйлак тикишарди.
Жувон ўрнидан турди. Ғириллаб эсаётган шабада кўйлакларини тортқилаб, этакларини
белига ўраб ташлади. Ҳали ҳам унинг қомати ўшандай нозик, аллақандай ёшлик тароватини
уфуриб турарди.
Йўлга тушишди. Пастликлардаги арчазор орасидан дам олиш уйларининг корпуслари,
баланд чўққиларда эриган шамдек осилиб қолган қор уюмлари кўриниб турарди. Пастда
асфальт тасмасидан югурган қизил, кўк автобуслар болаларнинг ўйинчоғидек бўлиб кўзга
ташланарди.
Улар сўқмоқдан ошиб, кенггина йўлга чиқиб олишди. Сал ўтмай, тоғ қишлоғининг ободгина
гузари кўринди.
— Етдик, — деди у. — Ҳу, анови қайроғочнинг таги бизники.
Гузарда бир-икки магазин, чойхона, автобус станцияси, сартарошхона бор эди.
— Шошманг, — деди Азиза тўхтаб. — Сиздан бир нарсани сўрамоқчи эдим, сиз Зумрадхон
эмасмисиз?
У бош ирғаб қўйди. Аммо бу савол кўнглига оғирроқ ботдими, ё бирор кўнгилсиз воқеани
эслатиб қўйдими, жадал юриб олдинга ўтиб олди-да унга қарамай деди:
— Ҳа, ўша Зумрадман. Мана, келдик.
Унинг овозида қандайдир аламли титраш бор эди.
Бир тавақали эшикдан кенггина ҳовлига киришди. Уй билан айвон пойдевори тоғ
қишлоқларига хос харсангдан кўтарилган бўлиб, деворнинг нариги томонига қараб ўсган кекса
тутнинг илдизлари очилиб ётарди. Азиза томирини сел ювиб кетган бўлса керак, деб ўйлади.
Тандирга ўт қалаётган кампир тутаётган косовининг учини ариққа тиқиб, четга ташлади-да,
уларнинг истиқболига чиқди.
— Келдингизми, айланай. Эркинжон энди ухлади. Айвондаги кичкинагина пашшахонада
бола ухларди.
Азиза пашшахонанинг четини кўтариб, боланинг пешонасини ушлаб кўрди: сал иситмаси
бор.
Боланинг юз тузилишлари, қоп-қора қошлари унинг кўксига найзадек санчилгандек бўлди.
Ким бу? Бу кимнинг боласи?
Зумрад тут тагидаги салқин супага жой қилиб бўлган эди. Азиза ҳардамхаёл билан супага
келди. У Зумраднинг қандайдир маҳзун қиёфасига тикилар экан, ҳаяжо-нини яширолмади.
— Менга қаранг, бу ерларда нима қилиб юрибсиз. Ахир сиз пойтахт йигитларининг орзуси
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |