www.ziyouz.com кутубхонаси
86
эдингиз. Нима бўлди?
Зумрад кўзларини бир нуқтага тикиб туриб қолди. Киприклари орасида нимадир милт-милт
қилиб турарди. У кўзини яширди-да, дуррачасининг учи билан артиб олди. Зўр билан илжайди.
— Пешона экан. Тақдир ўйини кимларни сарсон қилмаган.
Кампир тандирдан узилган бир сават нонни супа четига қўйиб кетди. Зумрад чўғ
ушлагандек чаққонлик билан тўртта кулчани дастурхонга олиб қўйди.
— Айтинг. Зумрад, нима бўлди? — дея яна саволини такрорлади Азиза.
Чой устида Зумрад бошидан ўтганларини гапириб берди:
— Ҳамма бало битта озиқ тишим оғришидан бошланган. Индонезиядан келган меҳмонларга
концерт беришимиз керак эди. Ўша куни эрталаб турсам, тишим зирқираб оғрияпти. Бир кун
аввал паркда мороженое еган эдим. Оғриқ зўрайганидан зўрайиб, бир ёқ юзим-пиёладек шишиб
чиқипти. Нима қилишимни билмайман. Поликлиникага қараб чопдим. Ёшгина, келишгангина
тиш доктори жағимни очиб қараб, шиш пайтида суғуриб бўлмайди, деб дори суриб қўйди.
Оғриқ азобида уйимга кетяпману, докторнинг қоп-қора қошлари хаёлимдан кетмайди.
Кечқурун бўладиган концерт ҳам кўзимга кўринмай, кўрпага бурканиб ётиб олдим. Ҳали ҳам
докторнинг қош-кўзи шундоққина кўриниб турибди. Яна олдига бордим. Яна дори кўйиб, яна
эртага келинг, деди. Ҳозир эсимда йўқ, тишимни суғургандан олдинми паркка бордик. Шу-шу
бўлди-ю, ҳар куни учрашадиган бўлиб қолдик. У ҳар концертимизга келарди. Олдинги қаторга
ўтириб, менинг чиқишимни кутарди. Мен ўшанда фақат унга ўйнаб бераётгандек бутун
кучимни, санъатимни сарф қилиб ўйнардим. Тамошадан кейин бирга кетардик. Уйимгача
кузатиб қўярди. Бир куни саҳнада ўйнаб турибману, залдан уни қидираман. Йўқ. Келмапти.
Бунақа одати йўқ эди-ку, деб ташвиш қиламан. Қандай қилиб ўйинни тамом қилганимни
билмадим. Саҳна орқасидан чиқиб келаётсам, чиройликкина бир қиз рўмолга ўралиб турибди.
Тўхтадим.
Қиз ботинқирамай олдимга келди-да, титрок товушда деди:
— Бахтимга ғов бўлманг. Ҳакимжон акамни мен севаман.
Аввалига ҳеч нарса тушунмадим. Кейин бирдан баданим музлаб қолгандек бўлди.
Ўша куни уйга қандоқ етиб борганимни билмайман. Эртанги концертда биринчи рақсни
жуда ҳам ёмон ўйнадим. Бир-икки одам иримига чапак чалгандек бўлди. Бир маҳал қарасам,
иккинчи қаторнинг четроғида Ҳакимжон ўтирибди. Билмадим, қаердан куч пайдо бўлди. Бир
ўйнаб кетдим. Чапак устига чапак. Тўрт марта ўйнатишди. Чиқиб кетаётганимда Ҳакимжон
йўлимни тўсди. Индамай ўтиб кетавердим. Бир нима дейишга тилим йўқ. Уни ҳам ҳайдагим,
ҳам чақиргим келади. Ўзимни қўлга олиб, энди учрашмайлик, сизни бошқа одам севаркан,
дедим. Ҳакимжон хандон ташлаб кулади. Ҳадеб, вой тентак қиз-э, вой аҳмоқ қиз-э, деб
ҳиринглайверди. Ана шундан кейин турмуш қурдик. Бошида яхши яшадик. Кейин мени театрга
юбормай қўйди, чидадим. Уни жо-нимдан ҳам яхши кўрардим. Нима деса тайёр эдим. У кўп
ишлар, кўп пул топарди. Бир бола кўрдим. Эрим ҳар ёз шу Осмасойда дўкон очади. Атрофда
дам олиш уйлари кўп бўлганидан тиш олдириб, тиш солдирадиганларнинг кети узилмайди.
Тиш солдириш баҳонаси билан бир жувонга илакишиб қолди. Ҳар кеча дўконда қолиб унинг
тишини ковлайди. Ахири, у билан кетди. Битта болам билан йўл пойлаб ўтирибман. Ким
билади, бировнинг бахтига чанг солганим учун такдир мени жазолаяптими? Ёлғизлик жонимга
тегди. Мен муҳаббатга ўзимни қурбон қилмоқчи эдим. Йўқ, бўлмади. Қарс икки қўлдан чиқар
экан. Энди яна театрга қайтмоқчиман...
Бола уйғониб, онасини чақирди. Зумрад шошиб зинадан тушди-ю, айвонга қараб чопди.
Чопаётганида сочларининг тўлқин уриши бирам чиройли, бирам ўзига ярашиқли. Азиза
пиёладаги чойни дастурхонга қўйиб, унинг кетидан борди.
Бола кўзини очган. Зумрад тепасида меҳр билан унга қараб турарди. Азиза боланинг кўзини
кўрди. Ҳа, ўша Ҳакимжоннинг кўзлари.
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |