www.ziyouz.com кутубхонаси
13
тортди:
— Сени футболнинг жазаваси тутибди, ошна, адашибсан. Бу бошқа қиз. Қўйвор.
— Тошингни тер, қанжиқ! — деб безори Сатторни тепмоқчи бўлиб оёғини силтади.
Шунда Саттор унинг биқинига мушт туширди. Безорининг кўнгли озиб, гавдаси сал
бўшашганда, Саттор уни ўсиқ сочидан силтаб тортиб, Розиядан узиб олди.
Қиз четланиши билан безорининг шериги Сатторга ҳамла қилди. Муштлашув бошланди.
То милиция етиб келгунча ҳўкиз тахлит йигит ўзини ўнглаб, Сатторга пичоқ уриб қочди.
Чангли асфальтта томган қон — Сатторнинг қони! — ҳозир яна Розиянинг кўз олдига келди-ю,
қаттиқ увушди. У қўлини секин Сатторнинг қўлидан бўшатиб олди. Сатторнинг ўнг биқинидаги
чандиқни юпқа кўйлаги устидан силаб топди:
— Оғримайдими?
Нозик бармоқлар ўша пичоқнинг жароҳатидан қолган чандиқни ўпаётгандай ёқимли тегди.
— Йўқ. Битиб кетган.
Розиянинг ҳаёлидан ўтган воқеа Сатторнинг ҳам эсига тушди-ю, стадион томондан
келаётган шовқин қулоғига энди эшитилди. Розия маст безорилар яна учраб қолишидан
хавотирланиб тўхтаган эди. Саттор буни сезди. Яра изини силаб топган нафис бармоқларни
худди кўкрагига қўнган маъсум қушча каби авайлаб кафтига олди.
— Бугун матч кеч бошланган, — деди, — футбол жиннилари ҳали-бери кўчага чиқмайди.
— Чиққанда ҳам, сиз ёнимда юрсангиз, мен ҳеч кимдан қўрқмайман.
Завқли ва эҳтиросли товуш билан айтилган бу сўзларда алоҳида бир ишонч бор эди. Саттор
Розиянинг қўлидан ушлаганича секин тўхтатди, уни бағрига босгиси, эркалаб ўпгиси келди.
Аммо кўз кўзга тушганда бунга журъат этолмай, қизни секин олдинга бошлади.
— Менинг ўзимдан кўрқмайсизми, Розия?
Розия Сатторнинг сезилар-сезилмас ҳаракатига ҳам бўйсуниб, у қаёққа бошласа, измига
сўзсиз итоат этиб кетаётганини энди сезди. Саттор ҳозир истаса, Розияни қўлларида чирпирак
қилиб кўтариб кета олади. Агар Саттор ўзини қўйиб берса, Розияни оловли ўпичларга кўмиб
ташлай олади, нафасини кайтаргудай қучиб эркалай олади. Розия бунга монелик
қилолмаслигини билади, чунки қачондир бир вақт шундай бўлишини у ҳам истайди. У
Сатторнинг севгисидан ўзини бахтиёр ҳис қилган сари ихтиёри қўлидан кетаётганини пайқади,
қалбида уйғонган истак оловидан ўзини олиб қочишга интилди:
— Сиздан эмас... ўзимдан қўрқяпман!
— Нега энди?
— Билмайман... — деди Розия эриб юмшаган товуш билан. — Ихтиёрим қўлимдан кетиб
қоляпти.
Бу — қизнинг муҳаббат изҳори эди.
Сатторнинг овози шодлик туғёнидан товланиб эшитилди.
— Агар ихтиёрингаз менинг қўлимда бўлса, мен уни кўз қорачиғимдай асрайман. Фақат...
Қани эди...
Саттор сўнгги сўзларни дардли товуш билан айтди-ю, бир лаҳза жим туриб қолди. Розия
тўхтаб, унинг юзига интизор кўзлар билан қисқа бир назар ташлади-да, яна ерга кўз тикди. У
Сатторнинг муҳаббат ҳақида, балки тўй ва уйланиш ҳақида очиқроқ гапиришини кутди. Бу
жуда мушкул бўлганлиги учун «Саттор қандай гап очишни билмай қийналяпти!» деб ўйлади. У
Сатторнинг овозидаги дардли оҳангга жавобан «дардингизни айта қолинг, давоси топилади!»
дегандай кулимсираб ҳам қўйди.
Do'stlaringiz bilan baham: |