www.ziyouz.com кутубхонаси
10
меҳмоннинг кўнглига қараб, бунинг ҳаммасидан маҳрум бўлгани Максимични қаттиқ
ҳижолатга солди.
— Оддинроқ айтсангиз бўлмасмиди, Розия? Мен тушунар эдим-ку!
Розия «Керак бўлганда айтдим!» — дегандай жилмайиб турарди.
— Ўн беш минут қолган бўлса, автобусда улгуролмассиз. Узоқми? Мен ҳозир такси
топаман!
Чилонзорда кечки пайтларда марказга бўш қайтадиган таксилар учраб туради. Максимич
шулардан бирини тўхтатиб, Розияни чиқарди. Сўнг ўзи ҳам миниб:
— Сизни ташлаб ўтиб кетаман! — деди. Шундан кейин Максимичдаги хижолатлик сал
тарқади. У ўриндиқнинг нариги четида юзини шабадага тутиб бораётган Розияга кўз қирини
ташлади. «Ёшлик ажойиб-да! — деб қўйди Максимич ўзича. — Ҳар қандай ҳолатда одамнинг
оҳори тўкилмайди. Бу қиз ҳозир махсус ясаниб чиқиши шарт эмас, бусиз ҳам висолга муносиб
нафаосати-ю, таровати бор».
— Ким у бахтиёр йигит, Розия, билсак мумкинми?
— У ҳам лойиҳачи муҳандис.
— Лойиҳачи? Бизга ҳамкасб эмасми?
— Ер ости коммуникациялари бўйича ишлайди. Метрони лойиҳалашга жуда ишқибоз.
— О, шунақами?
— Метронинг дарди менга ўша кишидан юққан.
— Ана, холос! Маслакдош экансизлар-да! Сиз боя мен билан баҳслашганингизда у йигит
ҳам ёнингизда турган экан-да!
— Бўлмасам-чи! — деди Розия шўх кулиб, бояги ноқулайликларга ҳам Розия ўша йигит
туфайли чидаб юрганини Максимич энди пайқади. «Ажабо! — ўйланди у. — Мени ҳам бирор
қиз шундай севганмиди? Севган бўлса ҳам ёшлиқдаги муҳаббат одамни бунчалик гўзал
кўрсатишини мен энди биляпман. Ҳаёт ғалати, ёшликнинг қадрини ёши анчага борган
одамларгина билади».
Шу пайт кўкси алланечук тортишиб оғриётганини сезди-ю, ҳаёли бошқа ёққа бурилди.
«Юрак ҳунар кўрсатмаса эди. Иссиқда кўп юрдим-да, ўрганмаганликдан! — деб ўзига
тасалли берди. — Бориб дам олсам ўтиб кетар».
Такси Бешёғоч орқали ўтиб, анҳор бўйига келганда Розия уни тўхтатди. Кўприкдан
берироқда йўлга қараб турган ёлғиз йигит машинадан тушаётган Розияни кўрди-ю, қувониб
унга қараб кела бошлади. Розиянинг юзи ажиб бир завқдан нурланиб кетди. Кўзлари ҳаяжондан
учқунланди. Шундай бўлса ҳам, у Максимичнинг Сатторга қизиқиб тикилаётганини сезиб:
— Истасангиз таништириб қўяман, — деди.
— Истайман! — деб Максимич хам машинадан тушди. Таксичига «кетмай туринг!»
ишорасини қилди-да, Розия билан бирга Сатторга қараб юрди.
Саттор яқин келганда Максимич у билан Розиянинг орасида қандайдир сирли бир
муносиблик борлигини, икковининг юлдузи юлдузига чиндан хам тўғри келишини сезди.
Сатторнинг қадди-қоматида, юз-кўзида баркамол йигитларга хос алоҳида бир жозиба бор эди.
Унинг қўл беришидан, босиқ кулимсирашидан, гоҳ Розияга, гоҳ меҳмонга юзланиб гапириши ва
гапга қулоқ солишидан яхши тарбия кўрган зиёли йигит экани ҳам билиниб турарди. Максимич
унга тан берганини айтгиси келди.
— Агар мен сизни Парижда учратсам, манаман деган француз йигитларидан фарқ қилолмас
эдим!
Саттор гапни ҳазилга буриб кулди:
— Мақтовингиз учун раҳмат. Бироқ Париж бизга жуда узоқ. Биз ҳозир мана шу Тошкентда
муносиб бўлиш ҳаракатидамиз.
Максимич ҳам кулиб, Розияга маъноли кўз ташлаб олди.
Пиримқул Қодиров. Эрк (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |