www.ziyouz.com кутубхонаси
12
Розия Сатторнинг завқ қилиб кулишини кутган эди. Бироқ Сатгор жуда баланд бир чўққига
чиқиб қолиб, йиқилиб кетишдан хавотирланган одамдай оғир энтикди-да:
— Қани энди шундай бўлса! — деди.
Шу пайт қирғоқ чироқлари ёнди. Анқорда ҳали ҳам чўмилиб юрган одамлар бор эди. Семиз
бир киши сувни шапиллатиб, Сатторнинг олдидан қирғоққа чиқди. Сатторнинг ҳаёлига хам
шунга ўхшаш кутилмаган бир нарса келди шекилли, у дарров қўлини Розиянинг елкасидан
олди.
— Юринг, тинчроқ жой топайлик.
Стадион томондан келаётган шовқин Розияга энди эшитилди. Баланд мачталарга
марвариддай терилган шода-шода прожекторлар ўткир нурларини пастга санчиб турарди.
Томошабинлар эса осмонни бошига кўтариб қийқирар, ҳуштак чалар эди. Бу галги наъра жуда
узоқ давом этганига қараганда, тўп дарвозага кирган эди.
Розия Сатторга маъноли жилмайиб қаради. У Сатторнинг футболга ниҳоятда ишқибоз
эканини билар эди. Аммо Саттор ёнгинасида бўлаётган ҳаяжонли ўйин шовқинини ҳамон
эшитмас, Розиянинг нозик бармоқларини бақувват панжаси билан авайлаб ушлаганича қирғоқ
бўйлаб юқорилаб борар эди.
Чироқлар узоқда қолди. Тепада ой борлиги билинди. Бу ерда баланд қирғоқнинг баъзи
жойлари жарга айланиб қолган. Жимжит дарахтлар орасига қоронғида одам кам келади. Розия у
ёққа боргиси келмай тўхтади. Бундан икки ой олдин юз берган бир воқеа эсига тушди.
Ўшанда кино кўриш учун чиққан Розия ҳали сеанс бошланишига анча вақт борлиги учун
ташқаридаги кўкалам майдончада дугонаси билан айланиб юрган эди. Бир пайт телбаланиб
келаёттан иккита маст йигит тўсатдан Розия билан унинг дугонасига ёпишди. Қизлар уларни
итариб ташлаб, қочиб кетишга уринишди, Розиянинг дугонаси баланд бўйли бақувват қиз эди,
қочиб қутулишга муваффақ бўлди... Аммо Розияга, осилган ҳўкиз тахлит бир йигит:
— Сен менинг севган қизимсан-ку, нега ўптирмайсан! — деб уни маҳкам қучоқлаб олди.
— Мен сени биринчи кўришим! Қўйвор!
— Э, ҳали танимайдиган бўлдингми?
— Қўйвор! Ҳайвон!
Хамма ёқ одам. Бирпасда томошабин тўпланди. Бировлар маст йигитга йўлашни истамайди,
бировлар «қиз ҳам шу йигит билан юргандир-да, бўлмаса бирдан қучоқлаб ўпишга
тушармиди?» — дейди. Аллаким узоқдан туриб:
— Ҳай йигит, қизинг бўлса, кўчада мунча хор қилма! — деди.
Розияни ҳаммадан ортиқ даҳшатга келгирган нарса — одамлар уни шу махлуқ билан юрган
деб ўйлаётгани эди. Бунинг туҳмат эканини исбот қилиб бўлмас эди. Розия нуқул:
— Ёлғон! Қўйвор! Қўйвор! — деб унинг темирдай қўлидан чиқиб кетмоқчи бўлиб талпинар,
бошини орқага ташлаб, юзини безорининг сассиқ оғзидан олиб қочар эди.
Иккита ўртоғи билан матчни кўриб келаётган Саттор ҳам шу можаронинг устидан чикди.
Гулдай бир қиз бу жирканч маҳлуқ билан юриши мумкин эмаслигини, безорилик устига қабиҳ
бир туҳмат бўлаётганини сезиш унча қийин эмас эди. Саттор ҳам ҳўкиз тахлит йигитга қўл
тегизишдан ҳазар қилар эди-ю, аммо қизнинг аҳволига қараб чидаб туриш мумкин бўлмай
қолди. Саттор уларнинг олдига қандай бориб қолганини ўзи яхши эслолмайди. У безорининг
билагидан ушлаб:
— Ошна, қизга раҳминг келсин, қўйвор! — деди.
— Сен аралашма, бу менинг қизим!
Футболга ичиб кирган, ўйин пайтида яна ичиб жинниси чиқиб қайтаётган безори ҳозир
Розияни чини билан «ўзиники деб» ўйлаётган бўлиши мумкин эди. Розия ёш тўла кўзларини
Сатторга умид билан тикиб:
— Ёлғон! Мен уни умримда кўрган эмасман! — деди. Саттор энди йигитнинг бўйнидан
Пиримқул Қодиров. Эрк (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |