Монитор.
Компьютер қанчалик кучли бўлмасин у маълумотларни фойдаланувчи учун қулай кўринишда тасвирлаб бера олмаса, ундан ҳеч қандай фойда йўқ. Фойдаланувчи компьютердаги маълумотларни асосан, монитор орқали олади. Монитор маълумотларни чиқариш қурилмаси ҳисобланади.
Ҳозирги пайтда сенсорли (сезгир) экранли мониторлар ҳам ишлаб чиқарилсада, улар шахсий компьютерларда ҳозирча кенг тарқалмаган. Бундай сенсорли экранлардан телефонларда, боокреадер (электрон китобларни ўқиш учун мўлжалланган қурилмалар), сотув автоматларида ва баъзи ноутбукларда фойдаланилади. Сенсорли экранларда сичқонча вазифасини фойдаланувчи бармоқлари бажаради. Уларда бирон объектни сичқонча ёрдамида чертиш ўрнига экрандаги шу объектни бармоқ билан чертиш етарли.
Мониторлар биринчи навбатда уларда экран сифатида нима ишлатилиши билан фарқланади. Дастлаб мониторлар электрон нурли трубкалардан фойдаланганлар. Улар CRT (Color Ray Tube – рангли нур трубкалари) деб номланади. Уларда экрандаги тасвир электрон нур ёрдамида яратилади. Рангли тасвир яратиш учун бундай трубкаларда бир вақтда учта нурдан фойдаланилади. Бу нурлар асосий ранглар деб аталувчи: Red (қизил), Greyen (яшил) ва Blue (кўк) рангларга мос келади. Учта асосий рангларни қўшиб, табиатда учрайдиган деярли барча рангларни яратиш мумкин. Шу сабабли, мониторларда ранг ҳосил қилиш ва рангли тасвирларни сақлашнинг баъзи системалари RGB қўшилувчи ранглар системаси деб аталади. CRT мониторлари ҳозирча кенг тарқалган бўлсада, бугунги кунда деярли ишлаб чиқарилмайди.
Ҳозирги кунда ишлаб чиқарилаётган мониторларнинг деярли барчаси суюқ кристалли мониторлардир. Дастлаб, бундан қирқ йил олдин электрон соатлар ва калкульяторларда фойдаланилган суюқ кристаллар ҳозир деярли барча тасвирларни акс эттирувчи қурилмаларда ишлатилади. LCD (Liquid Crystal Display – cуюқ кристалли дисплей) деб аталувчи бу мониторлар фойдаланувчилар орасида ўзининг ташқи ўлчамлари сабабли ясси монитор деб ҳам аталади. Бу мониторларда одатда суюқ ҳолда бўладиган, лекин электр токи таъсирида кристаллана оладиган ва рангини ўзгартирадиган моддалардан фойдаланилади.
Яна бир мониторларнинг тури бу плазмали мониторлардир. Уларнинг ишлаш тамойили шимолий қутб ёғдусига ўхшаб кетади. Бу мониторларда газ юқори ҳароратли плазма кўринишида бўлади ва улардан электр токи ўтганда ўзидан ёруғлик нури чиқаради. Бу мониторларда тасвир элементлари (пикселларнинг) ўлчамлари анча катта бўлиб, уларни кичиклаштиришнинг деярли иложи йўқ. Шу сабабли, бундай мониторларнинг ўлчамлари бир неча метр бўлиб, улар шахсий компьютерларда деярли фойдаланилмайди.
Сўнгги пайтда ярим ўтказгичли фотодиодлардан фойдаланадиган мониторлар кенг ишлаб чиқарила ва нархларнинг пасайиши сабабли оммавийлаша бошланди. Бундай мониторлар LED (Light Electronic Diode – ярим ўтказгичли фотодиод) деб ном олган. Суюқ кристаллар ёруғлик манбасидан чиқаётган нурларни ўтказса, фотодиодларнинг ўзи ёруғлик манбасидир. Шунинг учун бу мониторларнинг бир қатор параметрлари, биринчи навбатда тасвирнинг контрастлиги бошқа турдаги мониторларга нисбатан жуда юқори.
Улар LCD ва плазмали мониторларнинг камчиликлари: кўриниш бурчагининг кичиклиги, экрандаги тасвир контрастлиги ва ёрқинлигининг нисбатан пастлиги каби камчиликлардан ҳоли. Фотодиодли (бошқача номи нурли диодли) мониторларнинг ўлчами 12 дюймдан 200 дюймгача бўлиши мумкин. Катта ўлчамли (масалан, 4Х3м2) мониторлар ҳозирги кунда кўчаларда кўплаб учрайди. Улар, хаттоки, қуёш нурлари остида ҳам яққол кўринадиган тасвирлар ярата оладилар.
Мониторлар ўлчамларининг нисбати билан ҳам фарқланади. CRT мониторларнинг ўлчамлари нисбати 4Х3 каби. Дастлаб LCD мониторларнинг нисбати 4Х3 каби бўлган бўлса, кейинчалик маиший кинотеатрларининг кенг тарқалиши сабабли, 5Х3 нисбатдаги, сўнгра 16Х9 нисбатдаги мониторлар оммавийлашиб кетди.
Мониторларнинг яна бир муҳим параметри уларнинг ўлчамларидир. Мониторларнинг ўлчамлари телевизорлардаги каби уларнинг диагонали узунлиги билан ўлчанади, бунда ўлчов бирлиги сифатида дюймдан фойдаланилади. Бир дюйм 2,56 смга тенг. Дастлаб 12 ва 14 дюймли мониторлар ишлаб чиқилган бўлса, кейинчалик 15 ва 17 дюймли, охирги пайтда 19 ва 22 дюймли мониторлар урф бўлди. Ҳозирги пайтда 32 ва 42 дюймли мониторлар ҳам ишлаб чиқарилади.
Мониторларнинг яна бир муҳим параметри ундаги пикселлар сонидир. Бу сон ундаги устунлар ва сатрлар сони орқали аниқланади, масалан 640Х480. 4Х3 нисбатдаги мониторлар учун пикселлар сони 800Х600, 1024Х768, 1280Х960, 1600Х1200 бўлиши мумкин.
Кенг форматли (16Х9 ўлчамли) мониторлар учун пикселлар сони 1280Х720 га (HD – High Dеfinition – yuqori aniqlikdagi) тенг. Ҳозирги пайтда пикселлари сони 1920Х1080 га тенг (Full HD – to‘liq HD) мониторлар ҳам кўплаб ишлаб чиқарилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |