www.ziyouz.com kutubxonasi
69
— Дунёда ҳеч бир мушук шу онга қадарли тавба қилмаган эди, сен нечук истиғфор айтмакни
ихтиёр қилиюрсан? — деб сўрабдилар.
Дўмбоқ сичқонларни кўрган мушукнинг-да феъли ўша он айнибди, нияти-да бузулибди.
— Сенлар айт-чи мана, сенлар инсофсизми ёки мен? Сенлар нечун қопнинг оғзи очиқ ўлгани
ҳолин-да остидан тешасанлар? Мен шу саволга жавоб истаб сенларни йўқлаган эдим.
Мушук шундай дебди-ю, нодон сичқонлар унинг нонуштаси бўлибдилар экан...
Мана шу ривоятни айтиб доктор Худоёр совуб қолган қаҳвага узоқ тикилиб, жим қолган эди.
Москва милисахонасининг вақтинчалик қамоқхонасида ака-ука ўша хайрашув онларини, устози
айтиб берган ривоятни эслашди.
— Сичқонлар нодон бўлишса ҳам «тавба қил!» де-йишга улгуришибди-ку, — деди Абдулҳамид
акасининг гапига жавобан.
— Совуқ нафас қилма, нима, бизни ҳозир шартта отиб ташлашармиди?
Абдулҳамид «буни Худо билади», дегандай қўл силтади.
Уларнинг ҳибсдаги соатлари адоғига етиб, эркинликка чиқишгач, тўғри уйга қайтиш ўрнига
меҳмонхонага бориб қолганларидан ажабланишди. Жамшид хожасини муолажа қилиб чиққач,
«Нега уйга кетмаяпмиз?» деб уни сўроққа тутишди. Негалигини кошки Жамшид билса. Бир
кўнгли «Аданглардан ўзларинг сўранглар», демоқчи бўлди. Бироқ, гапни чувалаштирмаслик
учун «Бек акамнинг бу ерда қиладиган ишлари бор экан, эртага қайтадиган бўлдик», деб
уларни тинчитди. Эртага қайтар-қайтмаслигини ўзи ҳам аниқ билмаса-да, шундай деди. Агар
эртага ҳам Москвада қолсалар «Бек акамнинг ишлари битмабди», деган баҳонани айтишдан
осони йўқ.
Асадбекнинг баданидан иссиқ ўтиб ухлаган дамда ака-ука уйга телефон қилиб оналарининг
безовта юрагини тинчлантирдилар.
Жамшид эса ётоқнинг эшиги ёнига стул қўйиб ўтириб, оёқларини узатиб чалиштирди-да,
бошини бетон деворга ёпиштирилган гулли қоғозга тираб мизғиди.
3
Асадбек одатига кўра орқа ўриндиққа ўтирмоқчи бўлиб машина эшигини очган эди, Маматбей
тўхтатди:
— Бек гардашим, янима ўлтур, суҳбатлашиб кетажакмиз, — деди кулимсираб.
Асадбек унинг гапига эътибор бермай орқага ўтириб, эшикни ёпди-да:
— Орқадаги хатар ёмон-да, а? — деди.
— Хатар дединг? — Машинани ўт олдирган Маматбей кулимсираб бош чайқади. — Сендан
хатар кутмаклик мен учун чўх нодонликтур.
— Маматбей, қардош, хатар деганлари сен билан менга ўз соямиздан ҳам яқин. Кимдан қандай
мукофот олишингни билмайсан.
— Чўх гўзал фалсафа сўйладинг, гардаш. Хатар ҳам, ўлим ҳам бизлара ҳамроҳ ўлур.
«Ўлим-ку, бизлара билан бирга туғилган. Хатарни эса ўзимиз арзон-гаровга сотиб олганмиз»,
деб ўйлади Асадбек. Маматбей эса «Гапим унга ёқди», деган хаёлга бориб, рўпарасидаги кўзгу
орқали Асадбекка бир қараб олди.
Бўрон тинган бўлса-да, осмон Асадбекнинг кўнгли каби тунд эди. Баланд-баланд иссиқлик
минораларидан сизиб чиқаётган буғ оғир булутлар қатламини ёриб ўтишга ожизлик қилиб, кўп
қаватли иморатлар томлари узра енгил сузади. Яхмалакка қарши сепилган туз кучини
кўрсатган, серқатнов кўча юзини қоплаган қор қоп-қора аталага ўхшаб кетган эди. Олдиндаги
машиналарнинг орқа ғилдиракларидан отилган бу атала-балчиқ баъзан пешойнага зарб билан
урилиб, қора парда ҳосил қиларди.
«Ҳаёт ҳам шу аталага ўхшаб қолди, — деб ўйлади Асадбек, — Баъзан кўзингга сачраб кўр
қилай дейди».
Ҳамроҳининг жимиб қолгани Маматбейга ёқмади. У хўжайинидан «йўл-йўлакай гаплашиб,
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |