www.ziyouz.com kutubxonasi
77
— Княз, адашма. Бу масалага муносабатимни биларсан, девдим.
— Биламан. Энди муносабатингни ўзгартиришинг керак.
— Қўлимдан келмайди. Хоҳишим ҳам йўқ.
— Ҳосилнинг шерик бўлиш аҳди бор эди. Уни ўлдирдинг. Гапни айлантирма! Ўлдирганингни
аниқ биламан. Майли, битта одам ўлгани билан дунё ғарибланиб қолмайди. Маҳмудбей
ғилайни бошлаб келганида менга ёқди. Шериклик қилишга ваъдаси бор эди. У ҳам ўлди. Нега
ўлди, а? Аниқламадингми?
— Аниқлайман.
— Балки ўзинг ўлдиргандирсан? Менга шерик бўладиганлар сенга ёқмайди-ку? Майли, сен
титрама. Маҳмудбейни сен ўлдирганмисан ё бошқами, менга фарқи йўқ.
«Шерикликка ваъда бериши мумкинмас. Акси бўлгандир», деб ўйлади Асадбек. Аммо хаёлига
келган фикрни тилига кўчирмади.
— Биласанми, биз киммиз? — Хонгирей саволига жавоб кутмай гапини давом эттирди: — Биз
ғизиллаб юриб кетаётган машинанинг мурватларимиз. Машина яхши юриши учун эски
мурватларни алмаштириб туриш керак.
«Демак, мен эски мурватман. Алмаштирасан. Янги мурват ким? Ҳайдарми? Қани,
гапираверчи...»
— Сен қиморбоз эдинг, Бек. Қиморда ҳадеб омад келавермайди, тушуняпсанми?
— Тушуняпман. Ҳозир сенинг омадинг келдими?
— Аниқроқ айтайми: сенинг омадинг кетди. Шунга яраша иш қил. Менга шерик бўлмасанг
четга чиқиб тур. Ўғилларингнинг тўйларини қилу невараларингни боқиб ўтиравер. Энди
йўлимда пайдо бўлиб қолсанг, аяш йўқ — янчиб ташлайвераман, — Хонгирей шундай деб
кафти билан столга уриб қўйди.
Асадбек унинг бу қилиғини кўргач истеҳзо билан кулиб, бир нима демоқчи бўлди-ю, ўзининг
«мен гап одами эмас, иш одамиман», деган ақидасига содиқ қолиб тилини тийди. Мўмин
қиёфасини ўзгартирмади. Бироқ, айтмоқчи бўлганини дилига тугди: «Ҳали сен мени
янчмоқчимисан? Қани, бир урин-чи? Мени янч-моқчи бўлганларнинг биринчиси сен эмассан.
Охир-гиси ҳам эмасдирсан ҳар қалай. Мени пачоқлаб ўтмоқчи бўлганларнинг қанчаси қоқилди,
қанчасининг оёқлари синди, бўйни эгилди. Яна қанча оёқлар синишга маҳтал бўлиб турибди.
Сенинг бу чиллак оёқларинг ҳам шуларнинг олд қаторида. Сен бефаҳмларда андиша деган
нарса йўқ. Шунинг учун бизлардаги андишани қўрқоқлик деб ҳисоблайсанлар. Мен ҳозир
сенинг кў-зингга чорасиз қўзичоқ бўлиб кўриняпманми? Яхши. Лекин билиб қўй: йўлбарс ҳар
қанақасига йўлбарсдир, у ҳеч қачон қўй бўлолмайди!»
«Оққуш қўшиғи» ресторанидаги суҳбатда кўп гаплар айтилмади. Зулм булоғидан баҳра олгувчи
мақсадлар гўё сирлар пардасига ўралган эди. Гўё дейилишига сабаб: оҳанрабонинг икки қутби
каби бўлмиш бу икки одам бир-бирининг ниятини яхши англаб турарди. «Болта тушгунича
кунда дам олади», деганларидек, ҳозирча ўзларини бир-бирларининг қора ниятларидан
бехабар қилиб кўрсатадилар. Уларнинг ҳар бири ўзини болта, харифини эса кундага
қўйилгувчи бош деб ҳисоблашади.
«Оққуш қўшиғи» ресторанидаги икки одамнинг қайси бири бу кун сўнгги қўшиғини айта
бошлади — ёлғиз Яратганга маълум.
_______________
* Мазмуни будир: Ким бу дунёда зарра мисқол оғирлигида яхшилик қилса ҳам (мукофотини)
кўради. Ва кимки бу дунёда зарра мисқол оғирлигида ёмонлик қилса ҳам (жазосини) кўради.
«Залзала» сураси, 7—8 оятлар.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |