www.ziyouz.com kutubxonasi
80
ҳамдардлик демоқ-да ноўрин. Балки муваққат тарздаги ачиниш демоқ жоиздир? Ҳа, воқеан
шундай. Кесакполвоннинг назарида Асадбек ўғилларини олиб келиш учун эмас, Москвада ўзи
учун ясаб қўйилган темир тобутга тушиб қайтиш мақсадида кетаётгандай эди. Болалик
йилларидан бери яқин бўлиб қолган одамини сўнгги марта тирик ҳолда кўраётгандай эди. Ана
шу ачинишга ҳамоҳанг тарзда «шу ишларга қўшилишим шартмиди, бунинг соясида ёмон
яшаётганим йўқ эди-ку?» деган умри қисқа фикр туғилиб, ўлишга ҳам улгурди. Асадбек
хасталанганда унинг тузалиб кетишини истаган одам энди ошнасининг темир тобутда
қайтишини хоҳларди. Ана шу хоҳиш ачиниш ҳиссини бўғиб қўя қолди.
Жалил айтмоқчи, Кесакполвонда виждон бўлмаса-да, унда ўғриларга хос зийраклик мавжуд
эди. Ўғри учун виждон, адолат, меҳр деган фазилатлар ортиқча юк, буларсиз бемалол ҳаёт
кечиравериши мумкин, бироқ, зийракликсиз яшай олмайди. Чувриндининг ўлимидан сўнг ана
шу зийраклик яна бир фойда берди: ошнасининг кўнглидаги гумонни сезиб, этагини ёпиб олиш
чорасини қилиб қўйди — биринчи галда Хумкаллани йўқотди. Чувриндининг ҳовлисида
Асадбекнинг безовта назари Хумкаллани излаётганини сез- ди-ю, эртасига ўзи гап очиб:
— Даюснинг боласи кўринмайдими? — деб Асадбекдан сўради.
Асадбек «Даюснинг боласи ким?» деган маънода қараб қўйди.
— Хумкаллани айтаман. Кеча ҳам кўринмади. Уйига бола юборувдим, милиса ҳам суриштириб
келганмиш. Бир ишкал чиқардими дейман. Сен иш-пиш буюрмовдингми?
Асадбек бу саволдан ажаблангандай аъёнига тикилди. Унинг гумони бўйича, агар Маҳмудни
Кесакполвон ўлдиртирган бўлса, бегонанинг эмас, ўз яқинларидан бирининг қўли билан қилади
бу ишни. Бунақа ишда қотил — асосий гувоҳнинг яшамоғи мумкин эмас, сирни ўзи билан бирга
нариги дунёга олиб кетиши шарт. Кесакполвон тағин ҳам марҳамат қилди — Хумкаллага яна
бир кун яшашга имкон берди. Қотил йўқотилгач, изини ҳам ёпиш керак. Милиса «КамАЗ»нинг
ҳайдовчисини эрталабга қолмай топиб, қамаб қўйган. Бўкиб ичган ҳайдовчи мастликда
«КамАЗ»ни кимга, неча шиша ароқ эвазига сотиб юборганини эслолмади. Хумкалла милисага
керакмас, унинг ўлигини ҳам, тиригини ҳам қидиришмайди. У Асадбекка керак. Қотилнинг
хожаси бўлмиш Кесакполвон буни билмайдими? Балони ҳам билади у. «Хумкалланинг изини
йўқотиш учун шу найрангни ўйлаб топдими? — деб ўйлади Асадбек. — Менинг
кавлаштиришимни билади, бу хунаса. Хумкалланинг уйига милиса юбортириб ишни пухталаб
қўйгандир... Қизиқ, бу илгари ҳам без бўлиб қараб турармиди ё энди шунақа бўлиб қолдими?»
Асадбек аъёнига бир оз тикилгач, афсусланган одам каби уф тортиб, бош чайқади-да:
— Болларинг бебош бўлиб кетди. Жиловни жа-а бўш қўйвординг, — деди.
Кесакполвон ҳам афсусланган одам каби иягини кафти билан силаб:
— Мен эмас, — деди. — Бек, хафа бўлмагин-у, Маҳмуд бўш қўйворди. Майли, ер етказмасин-у,
лекигин, кўнгли бўш бўлиб қолувди укахоннинг. Сенам сезмай юрдинг, бир иш буюрсанг
охирига етказмасди. Мен билардиму, жаҳлинг чиқмасин, деб айтмасидим. Укахон шу
Хумкаллага дўхтирни қурит, деб топширган экан, — Кесакполвон шундай деб Асадбекка
синовчан боқди. Хожасининг юзларида ўзгариш сезмагач, осойишта оҳангни ўзгартирмаган
тарзда давом этди:— Хумкалла ўлдирмабди ўша дўхтир болани. — Бу гапдан сўнг Асадбекнинг
қошлари хиёл чимирилди. Кесакполвон буни сезмаган каби гапидан тўхтамади: — Уни яшириб
қўйибди. Ўзим ҳам бугун билиб қолдим.
— Кимдан эшитдинг? — деб сўради Асадбек юзини тескари буриб.
— Толмас айтди, — деди Кесакполвон.
— Толмасинг ким?
— Чойхонадаги қозимиз бор-ку, ўша. Маишат устида Хумкалла ёрилибди-да, ярим кечада
майда-чуйда қилиб боришибди ўша дўхтир яшириниб ётган жойга. Нима қилай, болаларга
айтайми, дўхтирни тинчитиб келишсинми?
— Йўқ, — Асадбек шундай деб яна унга қаради. — Тегмаларинг. Бўлди, яширинмасин. Ўтган
гап ўтди. Ишини қилиб юраверсин.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |