www.ziyouz.com kutubxonasi
81
Асадбекни кузатиб келаётганида Кесакполвон мана шуларни бир-бир эслади. Хожасиниинг
тикилиб қолиши, қошларининг билинар-билинмас чимирилиши, юзини тескари буриб олиши...
буларнинг барчаси унинг хотирасига муҳрланган эди. Салкам қирқ йилдан бери ёнида юрган
одам хожасининг тик қараши, қошларининг чимирилиши ва оқибат юзларини буриб олиши
сабабини билмас эканми?
Асадбекка «Ўқилон» деган лақабни Кесакполвоннинг ўзи берган эди. «Сен чақмайсан-у, лекин
товондан тешиб кириб, мияни ўпириб чиқиб кетасан», деган ҳазил билан бошланган гап
оқибатида Асадбекка «Ўқилон» деган ном тожини кийдирган эди. Чувринди уларнинг бағридан
иссиқ макон топган дастлабки ҳафталарда бу лақабдан ажабланиб:
— «Кобра» дейилгани яхшимасмиди, ё «Анаконда»ми?.. — деб сўраганда Кесакполвон:
— Кўзойнакли илонинг чақишдан олдин лунжини шишириб ҳунар кўрсатади, тебраниб
тураверади. Иложини қилиб уни тинчитиш мумкин. Бўғма илонинг ҳам хатарли эмас. Лекигин
ўқ илон қачон ташланишини билмайсан. Бек аканг ҳам шунақа. Калласида қанақа мўлжал бор,
кимга ташланади, қачон товонни теша-ди — билиб бўлмайди. Сен ундан мана шу одатни ўрган.
Мен минг ўрганай дедим-у, эплолмадим. Табиатим бошқа менинг...
Кесакполвон уйга қайтатуриб шу воқеани ҳам эслади. У Чувриндининг ўлими туфайли
Ўқилоннинг талвасага тушажагини ҳисобга олган эди. Бирга бўлган йиллари давомида у
Асадбекнинг ғашини келтирадиган, жаҳлини чиқарадиган ишларни кўп қилди. Бу ишлари
хожасининг қаҳрли қараши ёки болохонадор сўкишлари билан ёпди-ёпди бўларди.
Чувриндининг ўлимини ўша ишлар сирасига киритмаса-да, хожасини ларзага солувчи катта
фожиага айланар, деб ўйламовди. Фожианинг заминида тахт талашиш масаласи ётмаганида, бу
ишлардан Хонгирейнинг совуқ нафаси ке-либ турмаганида балки Кесакполвоннинг мўлжали
аниқроқ чиқарди. «Бек, жон ошнам, аҳмоқлик қилдим, кечир», деса Асадбек балки узрини
қабул қиларди.
Кесакполвон адашганини жаноза куни, қабристонда эканида англаб қолди. Англади-ю, думи
босиб олинган Ўқилон энди товонини тешажагини фаҳмлаб чўчиди. Кейинги кунларда эҳтиёт
чораларини қилиб юрган бўлса-да, кўнгил безовталиги кучайса кучайдики, аримади. Шу боис
ҳам хожасининг темир тобутда қайтишини жуда-жуда истади. Назарида айнан шу тобут унинг
халоскори эди.
У яна эҳтиёт чорасини қилиб, идорага бормай, телеграфга кириб Хонгирейга қўнғироқ қилди.
Янгиликдан огоҳ этиб қўйиш баҳонасида Термиздан мол олиб, Самарқанддан кузатилган
меҳмонларнинг эсон-омон етиб олганлари билан қизиқиб, бу хизмати эвазига янги
хўжайинидан олқиш олишга умид қилган эди. Олқиш ўрнига «ҳа, бўпти» деган ланж жавобни
эшитгач, кўнгил ғашлиги кучайди. Кўчага чиқиб, қўлларини шимининг чўнтагига тиққанича бир
оз ҳаракатсиз турди. Идорада қиладиган иши йўқ — боргиси келмади, кўнгил маишатни ҳам
истамади. Ҳатто ичишни хоҳламади. «Би-ир ичсаммикин?» деган фикр хаёлига келиши билан
кўнгли айниди. Камдан кам содир бўлувчи бу ҳолатидан ўзи ҳам ажабланиб, беихтиёр равишда
сигарет тутатди.
Кесакполвоннинг кайфияти бузилганини сезган Қози машина эшигини очди-да, бир оёғини
ерга қўйиб «Ҳузурингизга борайинми, хўжайин?» деган маънода қаради. Кесакполвон сигарет
тутунини бир-икки чуқур-чуқур тортгач, охиригача чекмай четга улоқтирди. Сўнг нимадандир
хавотирланган одам каби ён-атрофга аланглаб олди-ю, машина сари юрди.
— Ака, бир хуморбосди қиламизми? — деб сўради Қози меҳрибонлик билан.
— Хуморбосдими? — Кесакполвон шундай деб яна беихтиёр равишда чўнтагидан сигарет
чиқариб, лабига қистирди. — Сен бола, ўпкангни бос. Хумор дейди-я...
Қозининг бу меҳрибонлиги болохонадор «ширин сўкиш» билан тақдирланди. Қайси айби
эвазига бундай олий мукофотга эришганини англамаган Қози машина моторини ўт олдирди-ю,
«қаёққа юрай?» деб сўрашга ботинмай, хўжайинига қаради.
— Юрмайсанми? — деди Кесакполвон асабийлашиб.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |