www.ziyouz.com kutubxonasi
71
ёйса. Маматбей буни ҳам билади. Билса-да, «чиқмаган жондан умид», деганларидек, бирон
гапни гуллаб қўярмикин, деб умид қилади.
— Ай гардаш, эрта қаримакдан сақлан, кўп ўйланма. Наларни ўйламакдасан, яна ўлимми? Қўй
ўлимни. Ўлим лаблариндан ўпич олмоғимиз чўх узоқдир. Аллах сени-да, бизни-да роҳат ила
яшасин, деб яратмиш экан, мен роҳата тўйганим йўқтур. Сен-да тўймагансан. Ўйнамак ва
кулмак, кулмак ва ўйнамак керак! Гула-гула яша, гардаш! — Маматбей шундай деб кулди-да,
орқасига ўгирилиб қараб олди.
Асадбек қарашидаги жиддийликни ўзгартирмагач, кулгисининг умри қисқа бўлди. Асадбек
«Абдураҳмон табибнинг гапларини айтиб берсаммикин», деб ўйлади. Аммо «бу пайтавафаҳм
тушунармиди», деган мулоҳазада гапдан тийилди. Асадбек «мен кимману у ким? У бир лайча
бўлса...» деган фикрда суҳбатлашишни истамади. Маматбей машинанинг олд ўриндиғига
таклиф қилганидаёқ «бир лайча-ю, ўзини хондай тутади-я!» деб ғижинган, ўзининг кимлигини
таъкидлаб қўймоқ мақсадида ортга ўтирган эди. Йўл-йўлакай суҳбатга чорлашга
интилаётганидан мақсад не эканин ҳам билди. Бу ҳам тилининг тийилишига сабаб бўлди.
Лекин индамай кетишни ҳам маъқул кўрмади. Буларни сергаклантириб, ўзгача ўйга бошлаб
қўйиши мумкин бўлгани сабабли машина «Динамо» стадиони ёнидан ўтаётганида:
— Қаёққа кетяпмиз? Ҳали узоқми? — деб сўради.
— Роҳатсиз ўлма, аз қолди. «Сокол» метросиндан чап тамон ўтажакмиз, унда гардашимиз чўх
гўзал бир ресторант япмиш. Номи-да чўх гўзалдир: «Лебединая песня»!
Асадбек бу номни, унга берилган таърифни эшитиб ажабланди. «Гапининг маъносини
биладими?» деган фикрда сўради:
— Номини нима дединг?
— «Лебединая песня», яъниким, «Аққуш қўшиғи»! Чўх гўзал, а?
— Ҳа, гўзал, — Асадбек шундай деб ҳамроҳининг кўнглини кўтариб қўйди. Ўзининг кўнгли эса
яна хуфтон қоронғулигига юз бурди. Чунки у «оққуш қўшиғи»нинг асл маъносини биларди:
айтадиларким, оққуш ўлими яқинлашганини пайқаб, баландларга парвоз этарканда ҳаётидаги
сўнгги қўшиғини куйларкан...
«Оққуш қўшиғи» — демак, ўлим даракчиси. Шуб-ҳасизки, Маматбей мақтовини келтирган
«гардаш» Хонгирейнинг одами. Ресторан ҳам уники. Оққуш қўшиғининг маъносини билиб,
тушуниб қўйганларми ё бу бир тасодифми? Ё бу ер Хонгирей ҳукми адо этиладиган масканми?
Бу ресторанга меҳмон бўлиб кириб, мурда бўлиб чиқилмайдими?
4
Eллигинчи йилларда қурилган маҳобатли иморатнинг ертўласи қайта жиҳозланиб ресторанга
айлантирилган эди. Уқувсиз рассом қўли билан чизилган оққуш расми ва «Ристоран
«Лебединая песня» деган ёзув бўлмаса бу ернинг оддий ертўлалардан фарқи йўқ эди. Ташқи
томонига зеб берилмаганидан бу ресторан махсус одамлар учунгина хизмат қилишини, ортиқча
шов-шувга муҳтож эмаслигини билса бўлади.
Зинадан пастга тушаётган Асадбек «Ҳамма ҳашами ичидадир», деб ўйлаб янглишмади. Тунги
маишатларга мўлжалланган хос хоналар дид билан безатилган эди. Кундуз куни бўлгани
учунми ё Хонгирей «Ҳеч ким қўйилмасин», деб амр этганми, ҳар ҳолда хизматчи йигитлардан
ташқари ҳеч ким кўринмади. Хос хоналардан ҳам товуш чиқмади.
Асадбек телпагини ечиб хизматчи йигитга узатаётган дамда Маматбей унга қаради-ю, оқариб
кетган сочларини кўриб таажжубланди. «Қачон бунчалик оқарди? Ё бўятиб юрармиди?» деган
саволига жавоб топишга ҳаракат ҳам қилмай, Асадбекни каттароқ зиёфатларга
мўлжалланган кенгроқ хонага бошлаб кирди.
Йигирма беш кишига мўлжалланган стол усти олийшон макондаги каби ноз-неъматлар билан
тўлдирилган эди. Эти устихонига ёпишган, кал боши чироқ нурида ялтиллаб турган, кўзлари
маъносиз равишда чақчайган одам дастурхон тўрини эгаллаган эди. Хонгирей эса унинг
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |