www.ziyouz.com kutubxonasi
103
— Одамийлик нуқтаи назари бошқа, бизнинг касбимиз бошқами?
Саид Қодиров стол устига шапатилаб қўйди-да, айб-дор одамдай елка қисди:
— Мен бошқа маънода айтувдим, сиз ўзга томондан илғабсиз.
— Ўзингиз гап очганингиз учун бир масалани айтмоқчиман: Эҳсоновга ачиниш ёки
ачинмасликни бир томонга қўйиб турайлик. «Eҳсонов жиноятчи», деган гумонимиз бор. Агар
жиноятларини бўйнига қўйиб исбот қилиб берсак, балки суд уни ўлимга ҳукм этарди. Унгача
орадан бир йилми, икки йилми ўтарди. Биз эмас, бошқа бир одам ёки гуруҳ биздан чаққонроқ
ҳаракат қилиб уни ўлимга ҳукм қилди-ю, чўзиб ўтирмай ҳукмни дарров ижро этиб қўя қолди.
Эҳсоновнинг тақдирида нима ўзгарди? Бизнинг сусткашлигимиз учун яна озгина яшармиди?
Унинг яшаши эвазига нечта одам жон берарди ёки қанчаси жабр кўрарди? Бу масаланинг икки
ечими борга ўхшайди. Биринчиси: сиз айтган одамийлик нуқтаи назаридан қарасак, унинг
олдинроқ ўлгани жамият учун фойдалироқ. Иккинчи-си — касбимиз, бурчимиз нуқтаи
назаридан қарасак, у чиндан ҳам жабрланувчи. Қотилни жазосиз қолдиришимиз мумкин эмас.
Балки кимёдаги занжир реактсияси каби бугунги қотил ҳам эртага жабрланувчига айланиб
қолар?
— Хўп, бу фалсафаларни қўйиб турайлик, — Саид Қодиров ўрнидан турди-да, деразанинг бир
табақасини қиялаб очди: — Қаҳва бу сафар хиёнат қилди, ақлимизни пешламади, — шундай
деб Зоҳиднинг қаршисида тўхтади. — Миркаримовнинг ишидан гапиринг. Ҳар ҳолда
асадбекларга тааллуқли жойи борлигини фаҳмлагандирсиз? Мени ҳам шу томони
қизиқтиргани учун «Иш»ни сизга топширишларини сўрадим. Агар унинг ўлими асадбеклар
томонга тортса, кўпам чуқурлашманг. Яна уларнинг думини босманг.
— Секингина «Иш»ни ёпиб қўя қолайми?
— Сизга «думини босманг», дедим. «Илонни кўриш билан орқага қочинг», деганим йўқ. Илонни
бўғзидан олиш керак. Бетон заводи кимнинг сояси остида эди, биласизми?
Зоҳид билмас эди. Буни ўйлаб ҳам кўрмаганига сабаб, винзавод, таксопарк каби бу корхона
ҳам Асадбекка тобе деб ҳисоблаганди. Саид Қодировнинг саволидан сўнг адашганини фаҳмлаб,
«билмайман», деб қўя қолди.
— Билмасангиз билиб олинг: бетон заводи Ҳосилбойвачча деганнинг ҳукмига бўйсунарди.
— Унда қандай қилиб?..
— Ҳа, қойилман, ана ўша «қандай қилиб?»га жавоб топиб кўринг. Балки шу жавоб ечимга олиб
борар. Миркаримов бетон заводида кўп ишламади. Ҳосилбойвачча йўқолмай туриб ўлдирилди.
— Бу ерда катта ўйин яширинганини сезувдим. Шунинг учун ҳайдовчи билан ўйнашни ҳозирча
озод қилсаммикин, деб турибман.
— Эҳтиёт чораси сифатида ўтиришгани ўзлари учун яхшироқ. Чиқарсангиз изни чалкаштириш
учун уларни ҳам ўлдириб кетишса-чи?
— Буни ўйлаганман. Одам қўямиз.
— Бошлиғингиз билан маслаҳатлашинг. Сизнинг ўрнингизда бўлсам, уларни ҳозирча чиқармай
турардим. Яна биттадан қаҳва ичамизми?
Тўй-маъракаларда ош еб бўлинса ҳам қимирлашга шошилинмаса, айниқса жой танқис кезлари
хизмат қилиб юрганлар «чойинглар борми?» деб қайта-қайта сўрасалар «тезроқ тура
қолмайсизларми, сизларга рухсат», деган маъно англашилгани каби Зоҳид ҳам суҳбат якун
топганини фаҳмлаб, ўрнидан турди.
— Ақлни жудаям пешлаб юборсак бўлмас, ўтмасроқ ақл билан ҳам бир ишлаб кўрайлик-чи, —
деб кулимсираганича хайрлашиш учун қўл узатди.
Киноя эмас, самимий оҳангда айтилган бу ҳазил гап Саид Қодировга маъқул келиб, жилмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |